Ишончли вакил билан Навоий шаҳрида учрашув бўлиб ўтди
Ишончли вакил билан Навоий шаҳрида учрашув бўлиб ўтди

 

ЎзХДПдан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Бахтиёр Тошев билан Навоий шаҳар Фтизиатрия ва Пульмонология марказида сайловчиларнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда ишончли вакил Бахтиёр Тошев сайловчиларни президентликка номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган тиббиёт соҳасига оид ташаббуслар билан таништирди.

Хусусан, фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида бирламчи ва ихтисослашган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий қилиш, шифокорларнинг дориларни тайинлашда электрон рецепт тизимига ўтиш каби ташаббуслар юзасидан батафсил маълумотлар ва тушунтиришлар берди.

Шунингдек, учрашувда иштирок этган сайловчи – тиббиёт ходимлари дори-дармонлар нархларининг арзонлаштирилиши борасида номзод дастурида нималар қайд этилганлиги бўйича ишончли вакилга савол беришди.

Ишончли вакил Бахтиёр Тошев эса ЎзХДПдан Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббуси илгари сурилганини таъкидлади.

Сайловолди дастури бўйича берилган бошқа саволларга ҳам ишончли вакил томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди.

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш