Сайловолди дастури – 2024

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2024 йилда ўтадиган сайловларда Ўзбекистон Халқ демократик партияси
САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини аввало, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат тамойилларини юзага чиқариш орқали Ўзбекистон – ижтимоий давлаттамойилини ва давлатнинг тегишли ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилайди.

Сайловлардан сўнг Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатларимиз яқин 5 йил ичида ушбу мақсадга эришиш йўлида қуйидаги устувор вазифалар ҳамда тегишли аниқ қадамларни амалга оширади.

 

I. Кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишга интиламиз!

Бу ижтимоий барқарорликнинг таянчидир!

Мақсадимиз – ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш. Шу боис, давлат аҳоли манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Ана шу мақсадларга эришиш учун партия кейинги беш йиллик учун қуйидаги 15 та стратегик қадамдан иборат устувор вазифаларни белгилаб олган:

 

1-қадам. Ҳар бир шахснинг Конституция билан кафолатланган ижтимоий ҳуқуқларини адолатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш

Парламентдаги фракциямиз ижтимоий таъминот ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янги нормалар билан тўлдириш орқали Ижтимоий кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга эришади.
Шу мақсадда:

– имтиёзга эга бўлган фуқаролардан ташқари бошқа оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқаролар тоифаларини ва уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини қонунчиликда аниқ белгилаш;

– аҳолининг заиф қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат-хусусий шериклик, ижтимоий тадбиркорликни амалга оширишнинг процессуал механизмлари ва ижтимоий хизматлар шартномасини тузиш тартибини ишлаб чиқиш;

– жамиятда ижтимоий кескинликнинг кучайишига олиб келиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал қилишга қаратилган ижтимоий диагностикани амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш зарур.

Ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш мақсадида “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишга интиламиз.

 

2-қадам. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш

Парламентдаги фракциямиз ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз миллий қонунчиликни БМТнинг Ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича стандарт қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштиришга эришади. Шу жумладан:

ногиронлар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги миллий стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг алоҳида қисми сифатида қонун даражасида мустаҳкамлашга;

– ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхатини кенгайтириш (мушаклар дистрофияси (миодистрофия), мияча эрта атаксияси, зўрайиб борувчи ирсий атаксия сингари кабиларни киритиш) орқали доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга;

– ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун қўшимча имкониятлар яратиш, шу жумладан, темир йўл вокзаллари, аэропорт ва шоҳбекатларда кўзи ожизлар учун электрон ахборот эшитиш мосламаларини, светофор ва махсус йўлакларда ногирон шахсларни огоҳлантирувчи овозли электрон жиҳозларни ўрнатишга интиламиз.

 

3-қадам. Давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш

Барча фуқаролар учун пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга етарли бўлишига эришамиз. Шу мақсадда қуйидагиларни қонун даражасида тартибга солиш зарур, деб ҳисоблаймиз:

– собиқ жамоа хўжалиги ва ширкат хўжалигида меҳнат фаолиятини юритган фуқароларнинг меҳнат фаолиятлари даврларини тўлиқ йил сифатида инобатга олиш;

– аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига боласи 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини тўлиқ қўшиб ҳисоблаш;

– туғма ногиронларни, ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб келаётган кишиларга ёшга доир пенсия таянч миқдорини олишга бўлган чекловни бекор қилиш;

– эр ёки хотини вафот этганда ҳамда вафот этган шахс кўпроқ пенсия олган тақдирда, ушбу пенсияни унинг ҳаёт бўлган турмуш ўртоғига ўтказиб бериш (пенсияни алмаштириш) тартибини жорий этиш;

– фуқароларни жамғариб борилаётган пенсия маблағларини бошқариш, шу жумладан, уларни доимий равишда онлайн равишда кузатиш, банкка депозитга қўйиш орқали кўпайтириб бориш имкониятини бериш;

– пенсияга чиқиб, камида беш йил ишлаб, даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаган пенсионерлар учун муқаддам тайинланган пенсияни қайта ҳисоблаб, оширилган миқдорда тайинлаш имкониятини бериш;

пенсияни ёшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш бўйича сиёсатни давом эттириш.

 

II. Биз аҳолини арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлари
билан таъминлаш тарафдоримиз!

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳоли энг зич яшайдиган мамлакати ҳисобланади. Табиийки, тез ўсувчи демография давлат олдига одамларни уй-жой билан таъминлаш масаласини қўяди. Бу борада мамлакатимизда кейинги йилларда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш борасида, шу жумладан, партиямиз ташаббуси билан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, давлат уй-жой сиёсати ва концепциялари қабул қилинди, ижтимоий давлат тамойилининг муҳим белгиси сифатида оилавий болалар уйларининг битирувчиларини, ногиронлиги бўлган шахсларни, кам таъминланган оилаларни, айниқса, алоҳида ёрдамга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, уларга субсидиялар бериш, уйларнинг дастлабки бадалларини тўлаб бериш, имтиёзли ва узоқ муддатли ипотека кредитлар бериш каби маълум бир чоралар кўрилмоқда. Партия ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар етарли эмас, деб ҳисоблайди ва уларни каррасига кенгайтириш кераклигини таъкидлайди.

Бу борада партия фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, бунинг учун арзон уй-жой қурилишини кенгайтиришга қатъий ҳаракат қилади.

 

4-қадам. Аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш ҳамда қурилиш соҳасида самарали назоратни таъминлаш

Биз камбағалларга жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кўпайтириш тарафдоримиз.

Ушбу масалани ҳал этишда қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

Ижтимоий турар жойлар тўғрисидаги Қонунни қабул қилиш, унда ҳашаматли уй-жойларни барпо этаётган қурилиш компаниялари ва тижорат банклари даромадидан мажбурий ажратмалар эвазига махсус жамғармалар ташкил этиб, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламлари, жумладан уй-жойсиз, яшаш шароити ўта оғир, ногиронлиги бўлган ёки оила аъзолари орасида ногиронлиги мавжуд аёллар, оилавий болалар уйлари битирувчилари учун ижтимоий турар жойлар қуришни назарда тутиш;

– турар-жойларни қуришда жалб қилинган аҳоли маблағларини ҳимоя қилиш кафолатларини яратиш мақсадида эскроу тўлов тизимини жорий этишни назарда тутувчи “Улуш киритиш асосида уй-жой қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш;

қурилиш соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш учун Қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан аҳолига рухсат этилган қурилишларга оид узил-кесил маълумот бериш мажбуриятини юклаш;

қурилишлар устидан давлат назоратини кучайтириш, қурилиш жараёнларини тартибли, аҳолига ва атроф-муҳитга зарарсиз тартибда ташкил этиш, қурилишларда шовқин ва чанг-тўзон даражасини ўлчаш тизимини йўлга қўйиш;

қурилишга оид талабларни кучайтириш, шу жумладан, қурилишларда яшил зона, мактаб, боғча, поликлиника, автотураргоҳ кабиларни инобатга олиш бўйича талабларни қонун даражасида қатъий белгилаш;

қурилишлар бўйича жамоатчилик муҳокамаси тизимини йўлга қўйиш мақсадида онлайн муҳокама платформасини ишлаб чиқиш;

эскирган ва яроқсиз биноларни янгилаш (реновация) жараёнини фуқаролар оиласига, мулкига, ҳаётий хотиржамлигига путур етказмаган ҳолда ташкил этиш, реновацияга тушган уйларда яшаётган инсонлар, айниқса, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, болаларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини эътиборга олинишини таъминлаш, ушбу жараёндаги фуқаролар харажатларини қоплаш учун махсус реновация жамғармасини ташкил этиш;

– фуқароларга бозордаги мавжуд таклифлар бўйича маълумотга эга бўлиш, уй-жой сотиб олиш, ижарага бериш ва уй-жойларга техник хизмат кўрсатишга мўлжалланган ягона дастурий платформани жорий этишга эришамиз.

 

5-қадам. Аҳолига сифатли коммунал хизмат кўрсатиш даражасини ошириш

Шунингдек, партия иқтисодиёт ривожланиши, аҳолининг кайфияти, ҳаётга муносабатини белгилашда коммунал соҳа, энергетика ҳолати муҳим аҳамиятга эга, деб билади. Биз энергетика ва моддий ресурсларнинг катта йўқотишларига йўл қўймаслик, коммунал хизматлар етказиб берувчиларининг монополиясига барҳам беришни кўзлаганмиз.

Шу мақсадда парламентдаги фракциямиз:

– коммунал хизматлар ва уй-жой фондидан фойдаланиш бўйича хизматлар нархлари ва тарифларни белгилашни тартибга солиш мақсадида “Коммунал хизматлар нархлари ва тарифларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш.

Қонунда кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш усулларини қайта кўриб чиқиш, кўп квартирали уйларнинг жойлашуви, муҳандислик-коммуникацияларига уланганлик ҳолати, коммунал инфратузилма объектлари ва ободонлаштириш элементларининг мансублигига қараб хизмат кўрсатишни ташкил этиш, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ходимларини, биринчи галда, раҳбар ходимларни малака ошириш тизимини йўлга қўйишни назарда тутиш;

– кўп қаватли уйларга туташ бўлган жойларда замонавий болалар майдончаларини қуриш, реконструкция қилиш ва сақлаш учун Уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бошқарув сервис компанияларини масъул этиб белгилаш;

бошқарув сервис компаниялари фаолиятига қўйилган талабларни кучайтириш, уларни аҳолига сифатли хизмат кўрсатиши, шаффофлик, ҳисобдорлик даражасини, камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш салоҳиятини ошириш;

– фуқаро коммунал хизматлардан асоссиз ёки таъминотчининг айби билан узилган тақдирда таъминотчи томонидан фуқарога компенсация тўлаш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритади.

Бу борада маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз аҳолини арзон электр энергия, иссиқлик ва иссиқ сув тизими билан таъминлаш бўйича ҳудудий инвестиция дастурларини, жумладан, жойларда давлат-хусусий шериклик тартибида дастурларни амалга ошириш бўйича таклифлар киритади.

 

III. Шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг хавфсизлиги
ва экологик барқарорлигини таъминлашга эришамиз

Партия шаҳарлар ва аҳоли пунктларини тарихий қиёфасини сақлаш, табиий ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича ўз саъй-ҳаракатларини кучайтиради.

 

6-қадам. Мамлакатни хавфсиз ва экологик барқарор ҳудудга айлантириш

Ушбу мақсадда қуйидаги чораларни кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз:

– сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун Сув кодексини қабул қилиш, унда, сув ресурсларидан фойдаланишда бозор тамойилларини жорий этиш, сув хўжалигини тартибга солиш ва молиялаштириш механизмларини белгилаш;

– кўп қаватли уйларга туташ майдонларда кексаларнинг фаол дам олиши ҳамда жисмоний машқлар учун Саломатлик боғларини ташкил этиш;

– урбанизация ва бошқа саноат марказларини ташкил қилишда уларнинг қишлоқ кўриниши, ландшафти ва инфраструктурасига салбий таъсирини чеклаш мақсадида “Қишлоқ кўриниши ва ландшафтини сақлаш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш;

– кўп қаватли уйларга туташ майдонларда ўзбошимча қурилишларни чеклаш ҳамда умумий фойдаланишдаги жойларни тўсганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

давлат яйлов хўжаликлари тизимини йўлга қўйиш, уларга нисбатан давлат ўрмон хўжаликларига қўлланиладиган ер ва солиқ имтиёзларни қўллаш, бунда ушбу имтиёзлар ҳисобидан иқтисод қилинадиган маблағларни яйловларни тиклаш, деградациядан чиқариш, яйлов ўсимликлари уруғчилиги майдонларини кенгайтириш тадбирларига сарфлаш;

Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонларни овлаш учун рухсатнома беришга беш йил муддатга мораторий эълон қилиш;

– ёввойи табиат билан чегарадош аҳоли пунктларига келиб қолган ёввойи, шу жумладан, йиртқич ҳайвонларни уларга зарар етказмасдан тутиш ва табиатга қайтариш тизимини яратиш;

Ушбу йўналишда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз билан биргаликда:

– шаҳар ҳудудларида сув тошқинларининг олдини олиш мақсадида дренаж тизимини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш;

электр жамоат транспорт воситалари улушини кўпайтириш, бепул электр қувватлаш станцияларини ўрнатишни ташкил этиш устида фаол иш олиб борамиз.

 

IV. Биз барча учун малакали тиббий хизмат имкониятларини
яратиш тарафдоримиз!

Партия аҳолининг қайси ҳудудда яшашидан қатъи назар давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат олиши, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали соҳада шаффофлик таъминлаш тарафдори.

Тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда қуйидагиларни устувор йўналишлар, деб ҳисоблаймиз:

 

7-қадам. Малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш

Бу борада партия қуйидагиларни устувор вазифалар сифатида белгилайди:

тиббий суғуртани жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида “Давлат тиббий суғурта тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш;

– вилоятларнинг кўп тармоқли тиббиёт ва тиббий диагностика, болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларини замонавий тиббиёт техникаси ва технологиялари ҳамда тегишли мутахассислар билан таъминлаш бўйича дастур қабул қилиш;

– касалликни барвақт аниқлаш орқали унинг салбий оқибатларини юмшатишга эришиш мақсадида аҳолини скрининг қилиш кўламини кенгайтириш чораларини кўрамиз.

Шунингдек, партиямиз кексаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратади, шу мақсадда:

– кекса ёшдаги фуқароларга тиббий ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини модернизация қилиш ва ривожлантириш;

– кексалар ва онкологик касаллар учун сифатли хизмат кўрсатишнинг юқори стандартларини таъминлашга қаратилган хоспис тизимини ривожлантириш ва Хоспис хизматини кўрсатиш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;

соғлом қариш бўйича стратегияни илгари суриш орқали барча соҳаларда кекса одамларнинг фаол иштирокини рағбатлантириш.

 

8-қадам. Фармацевтика соҳасида давлат назоратини кучайтириш, дори-дармон ва протезлаш воситалари ҳамда бошқа тиббий-ижтимоий хизматлар нархларини тартибга солиш

Партиямиз парламент, депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати ёрдамида эҳтиёжманд аҳолига дори-дармон воситалари, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни харид қилиш қулай бўлиши учун курашади. Шу мақсадда парламентдаги фракциямиз ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз:

– дори ва тиббий буюмларни нархлари бўйича чекловларни белгилаш бўйича “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш;

– фармацевтика соҳасида, хусусан, дори воситалари сифати, дорихонадан чиқарилиш тартиби ва савдосида давлат назоратини кучайтириш;

– янги дори воситаларини синовдан ўтказиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талаблари асосида такомиллаштириш;

ижтимоий дорихоналар фаолиятини янада такомиллаштириш ва фармацевтика соҳаси устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;

– соғлиқ учун зарарли маҳсулот гуруҳларига солиқ юкини ошириш ва шу орқали соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш интенсивлигини ошириш;

– мамлакатда ош тузи ишлаб чиқаришга қўйиладиган талабларни кучайтириш, жумладан, йодлаштирилмаган ош тузини ишлаб чиқарувчиларга нисбатан жазо чораларини қўллаш;

замонавий тиббиёт ва халқ табобатини қўшган ҳолда даволаш стандартларини (протоколларини) жорий этиш орқали дорига қарамликни камайтириш;

– дори воситаларининг рекламасини буткул тақиқлашни таклиф қилади.

 

9-қадам. Спорт ва маданиятни қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш

Партиямиз аҳолини спортга оммавий жалб қилишни соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим қисми деб ҳисоблайди. Бу йўналишда:

воркаут тизимини оммалаштириш орқали болаларни спорт билан бепул шуғулланишлари учун шароит яратиш лозим;

Ўзбек маданияти ва тарихини тарғиб қилувчи видеоўйинларни, ўзбек афсоналари ва тарихий персонажлари иштирокидаги видео қаҳрамонларни яратишни рағбатлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

 

V. Биз ёшларнинг сифатли таълим олиши тарафдоримиз.

Бу мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтириш кафолатидир!

Биз Ўзбекистонни ҳар бир бола қаерда ва қайси оилада туғилганидан қатъи назар, ўз орзуларига эриша оладиган, кимнингдир тараққиёти унинг моддий аҳволига эмас, фақат билими, иқтидори, меҳнатсеварлигига боғлиқ бўлган мамлакатга айлантиришга интиламиз.

Билим олмоқчи бўлган ҳар бир ёшни ўз тақдирини яхшилашга интиладиган шахс ва миллатнинг келажакдаги муваффақиятлари кафолати бўлган фуқаро сифатида кўрамиз.

 

10-қадам. Биз фуқаролар барча таълим муассасаларида сифатли мактабгача, ўрта, олий таълим, шунингдек, касбий таълим олиши, малакасини ошириши учун тенг имкониятлар яратишга эришмоқчимиз

Умумий ва касбий таълимда аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратиш учун қуйидаги чораларни кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз:

– “Ягона ижтимоий реестр”да рўйхатга олинган оила фарзандларини давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар тўловидан озод қилиш;

– давлат умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида куни узайтирилган гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш, бунда “Ягона ижтимоий реестр”да рўйхатга олинган оила фарзандлари учун енгилликлар бериш;

– “Саломатлик мактаби” ижтимоий лойиҳасини кенг амалга ошириш ташаббуси билан чиқиш;

– мактаб ўқувчиларига жамоат транспортидан фойдаланиши учун табақалашган тарифларни жорий этиш;

– мактабларда овқатлантириш тизими устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, соғлиқ учун зарарли озиқ-овқат маҳсулотларини сотилишини олдини олиш, сифатсиз маҳсулот тарқатганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

– бошланғич синфларда ўқувчилар сонини 20 нафардан оширмаслик, катта синфларда эса 24 тагача ўқувчи ўқитиш тизимини яратиш;

– олий таълим муассасаларида ногиронлар билан ишлаш бўлимларини ташкил этиш, улар учун барча инфратузилмаларни яратиш, шу жумладан, ўқув машғулотларига кар-соқов талабалар учун сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда сурдо шарҳловчиларни жалб этиш;

олий таълим учун контракт-тўлов миқдорини давлат томонидан қатъий белгилаш ва уларни уч йилдан кам бўлмаган муддатда қайтадан кўриб чиқишни тақиқлаш;

– талабаларни ётоқхонадан жой билан таъминлаш бўйича олий ўқув юртларига қўйиладиган талабларни кучайтириш ва давлат хусусий шерикчилиги асосидаги ётоқхоналар тизимини яратиш;

– йирик корхоналар, айниқса аёллар меҳнатига ихтисослаштирилган ишлаб чиқарувчи ташкилотлар қошида оилавий мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш орқали корхонада ишловчи аёллар учун муносиб шароитларни яратиш, оиладаги ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш;

инклюзив таълимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инклюзив таълимга жалб этилган болалар қамровини ошириш;

– мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш орқали мактаб битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

– 9-синфдан кейинги таълимни танлов асосида олий таълимга ёки касбга йўналтириш тизимини йўлга қўйиш, бунда олий таълимга иштиёқи бўлмаган ёшларга уларнинг ихтиёрига кўра муайян касбни ва хорижий тилни чуқурлаштириб ўргатиш;

– норасмий ва информал таълим натижаларини ўрта махсус, профессионал ва бакалавриат даражасида тан олиш тартибини йўлга қўйиш орқали расмий профессионал ёки олий таълим ололмаган шахслар учун мустақил равишда таълим олиш ва касб эгаллаш орқали ўз ижтимоий ҳолатини ўнглашига шарт-шароит яратиш;

– биринчи синфга турли сабабларга кўра кеч борган болалар учун тезлаштирилган таълим берган ва давлат таълим стандартлари асосида имтиҳон ўтказган ҳолда ўзининг ёшига мутаносиб юқори синфга ўтказиш тартибини жорий этиш;

сунъий интеллект бўйича мутахассисларни тайёрлаш дастурларини қабул қилиш ҳамда ушбу соҳада ўқитишни қўллаб-қувватлаш;

– таълим олиш танловини кенгайтириш, рақобатни кучайтириш ҳамда таълим сифатини ошириш воситаси сифатида олий таълимда таълим ваучери тизимини жорий этиш;

Болаларни Интернет тармоғида хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш, болаларни киберхавфсизлик асослари, жумладан, онлайн фирибгарлик, онлайн таҳдидларни аниқлаш ва улардан ҳимоя қилиш бўйича ўқув дастурларини жорий этиш;

– охирги беш йилликда хорижий мамлакатларда чоп этилган йирик илмий-тадқиқот натижаларини ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда педагоглар ва тадқиқотчилар учун очиқ ресурсларда жойлаштириб боришнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган тизимини жорий этиш;

олий таълимдан кейинги босқичда илмий тадқиқотчилар учун турли бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, соҳани рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, далолатнома ва маълумотнома олиш, авторефератни нашр этиб тарқатиш каби жараёнларни соддалаштириш.

Шунингдек, партиямиз кутубхона, музейлар фаолиятини яхшилаш бўйича ташаббусларни ҳам илгари суради. Хусусан, кутубхоначиларга илғор хорижий тажриба асосида кутубхоначи-педагог мақомини бериш, улар фаолиятини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, кутубхоналар фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш, музейлар фаолиятини яхшилаш бўйича қўшимча чораларни кўриш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

VI. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти –
кучли ижтимоий сиёсатнинг асосидир!

Биз ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдоримиз. Иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш, иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчи ролини кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

11-қадам. Иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштирокини сақлаб қолиш, камбағалликни қисқартириш, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда банк-кредит соҳасини ривожлантириш

Партиямиз ушбу йўналишда қуйидагиларни таклиф қилади:

– стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш, уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш;

– ишсизлик бўйича мажбурий ижтимоий суғурта миллий моделини жорий этиш;

маҳаллий инвесторларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларга хорижий инвесторлар билан бир хил имтиёзлар бериш;

– маҳаллий бюджет маблағлари ва хусусий инвестициялар ҳисобига импорт ўрнини босадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги бошқа товарларни ишлаб чиқариш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

– вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима солиш натижасида тушадиган барча тушумларни тўлиқлигича Давлат бюджетига йўналтириш;

– даромад ва уларнинг манбаларидан қатъи назар, бойликнинг ҳаддан ташқари концентрациясига адолатли солиқ солиш тизимини жорий қилиш.

– Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали блогерлар, вайнерлар, инфлюенсерларнинг тижорат ва реклама фаолияти учун даромад солиғини жорий этиш;

– 5 ёшгача бўлган болаларни парваришлаш ва озиқлантириш учун зарур бўлган маҳсулотларга қўшилган қиймат солиғини бекор қилиш;

ўзини ўзи банд қилганлар ва меҳнат мигрантлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилган сифатида шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш, ташкиллаштирилган ва тартибли миграцияни амалга оширишга урғу бериш;

давлат харидларининг шаффофлигини ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат харидлари соҳасидаги барча тендерларни оммавий эълон қилинишини белгилаш, давлат харидлари соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш;

– иқтисодиётда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш ва янги технологияларни жорий этиш, рақамлаштириш орқали бюрократик тўсиқларни, рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш жараёнларини жадаллаштириш;

– аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича дастур қабул қилиш.

 

VII. Товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш – манзилли ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналиши

Ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш лозим. Шу мақсадда қуйидаги чораларни кўриш зарур:

 

12-қадам. Партия эҳтиёжманд аҳоли қатламининг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун курашади

Партиямиз шу мақсадда қуйидагиларни таклиф этади:

– кам таъминланган аҳоли қатлами учун кундалик зарур товар ва маҳсулотларни арзон нархларда сотиш бўйича ижтимоий дўконлар тармоғини ривожлантириш;

– пенсия ва нафақа олувчиларга мамлакат бўйлаб саёҳат дастурларини ташкил этиш мақсадида туроператорлар арзон ва қизиқарли таклифларни яратиши учун солиқларни ноль ставкасида белгилашни жорий қилиш;

– аҳоли томонидан исрофгарчилик ҳолатларини камайтириш, кам таъминланган оилаларнинг қарзга ботиб кетишига чек қўйиш мақсадида тўйлар, дафн маросимлари ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказишни қатъий тартибга солиш, ушбу тадбирлар учун ижтимоий меъёр белгилаш.

Шу билан бирга партиямиз банклар таклиф этаётган кредит механизмлари ҳам ижтимоий адолат принципига мувофиқ бўлиши, хусусан:

аҳолига истеъмол кредити фоизлари тадбиркорлик учун таклиф этилаётган бизнес кредити фоизларидан юқори бўлиши мумкин эмаслигини белгилаб қўйиш;

– ипотека кредити тўлови бўйича қарздорлик юзага келганлиги сабабли гаровга қўйилган кўчмас мулкни аукционда сотишдан олдин кредит олган шахсга уч ой муддатда ушбу кўчмас мулкни уч томонлама олди-сотди шартномаси асосида ўзига қулай нархда сотиш имконини бериш орқали мураккаб вазиятга тушиб қолган кредитор аҳволини яхшилаш;

– истеъмолчи адашишининг олдини олиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида маҳсулотни кредитга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш асосида харид қилганда, унинг тўлиқ қийматини очиқлаш талабини дўкон ва платформалар учун ҳам жорий этиш, бунда маҳсулот учун қўшимча тўлов суммасини шартномада ва сотувчининг савдо саҳифасида кўрсатишни мажбурий талаб сифатида белгилаш каби таклифларни илгари суради.

Партиямиз аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ушбу соҳада давлат иштирокини кучайтириш, шу жумладан, давлат иштирокидаги қишлоқ хўжалиги ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйишни таклиф этади.

 

VIII. Ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган демократик бошқарувни амалга ошириш тарафдоримиз!

 

13-қадам. Партия очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш тарафдоридир

Парламентдаги фракциямиз аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ва экспертизаси механизмини яратишни кўзлаган.

Шу асосда биз аҳолининг заиф қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби ва даражасини сезиларли даражада ўзгартирадиган қарорлар тегишли жамоатчилик розилигисиз қабул қилинмаслигини таъминлаймиз.

Партия ушбу йўналишда “Менинг фикрим” платформасини такомиллаштириш орқали фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга партиямиз давлат бошқарувида юқори профессионализмни таъминлаш мақсадида қонун даражасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбари лавозимига фақатгина шу соҳада камида ўн йиллик иш стажига эга бўлган малакали мутахассисларни тавсия этиш бўйича талабни белгилаш учун ҳаракат қилади.

Демократик ривожланган мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда шунингдек, яна қуйидаги ғояларни амалга ошириш учун курашамиз:

гендер тенглигининг институционал механизмларини ривожлантириш, аёлларнинг сайловларда, сиёсий партиялар фаолиятида иштирокини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, давлат органларида раҳбарлик лавозимларида аёллар учун 50 фоизлик мажбурий квоталарни жорий этиш;

– ижро ҳокимияти томонидан муҳим ижтимоий қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари ва жойлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш институтини жорий этиш;

– давлатнинг айрим функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига ўтказиш;

сиёсий партиялар, уларнинг депутатлик бирлашмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш;

– парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда ҳамда давлат фуқаролик хизматида “ногиронлиги бўлган шахслар учун квота” жорий этиш.

Давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш, давлат хизмати соҳасида бошланган ислоҳотларни изчил ва қатъий давом эттириш, шу жумладан:

– ҳаво ҳарорати белгиланган даражадан иссиқ ёки совуқ бўлган кунларда, ходимларга ишга 1 соат кечикиб келиш ва ишдан 1 соат эрта кетиш ҳуқуқини бериш;

– давлат органларининг мансабдор шахслари сонини қисқартириш, мансабдор шахслар фаолиятида ҳашаматни чеклаш, шу жумладан, уларнинг транспорт таъминоти даражасини пасайтириш, давлат хизматчиси фаолиятида ҳашаматни кўз-кўз қилиш ҳолларини уни одоб-ахлоқ кодексини бузиш сифатида интизомий жавобгарликка тортиш амалиётини йўлга қўйиш;

ҳомиладор ва қарамоғида вояга етмаган болалари бор аёлларга масофавий ишлаш имкониятларини кенгайтириш орқали уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш.

 

IX. Қонун устуворлиги, ижтимоий тенглик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролар ҳамжиҳатлиги ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш тарафдоримиз!

Партиямиз қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш асосида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш учун қатъий ҳаракат қилади.

 

14-қадам. Суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш

Ушбу йўналишда қуйидаги чораларни кўриш зарур, деб ҳисоблаймиз:

– одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилиш;

вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларини ротация қилиш амалиётини жорий этиш;

– кам даромадли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатура ва юридик хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, уларга ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича мақбул тизим яратиш, бепул маслаҳат берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантириш;

соҳавий назорат органларини (инспекция) мустақиллиги ва мақомини кучайтириш, уларга республика ижро этувчи ҳокимият органларининг таъсирини камайтириш;

– тазйиқ ва зўравонликка учраган болалар ва хотин-қизлар руҳияти ҳамда келгуси ҳаётига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда, улар ҳақидаги маълумот, расм, видеоларни ижтимоий тармоқларда тарқатишни тақиқлаш;

– фирибгарлик жинояти бўйича жазони енгилроғи билан алмаштиришда судланувчи томонидан жабрланувчига етказилган зарар қопланилганлигини инобатга олиш талабини киритиш;

– Давлат бюджети ҳисобидан қимматбаҳо совғалар ҳадя қилишни тақиқлаш, Давлат бюджети маблағларини самарасиз ва мақсадсиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш.

Партиямиз коррупцияга қарши курашишни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Ушбу йўналишда:

– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни реестрини юритиш ва уларни давлат хизматига киришини чеклаш;

– коррупцияга оид мурожаатларни кўриб чиқиш ва натижаларини эълон қилишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;

– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир этишга кўмаклашганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳам партиямиз олдида турган муҳим вазифалардан саналади.

Партия йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ўлимларнинг олдини олиш, тирбандликни камайтириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда, бизнинг партиямиз бу йўналишда қуйидагиларни таклиф қилади:

жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, жамоат транспорти бекатларини аҳоли учун қулай қилиш, уларни ноқонуний, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига қарши курашиш;

автотураргоҳларни кенгайтириш, йўл атрофида пуллик автотураргоҳлар экотизимини йўлга қўйиш, янги турар-жойларда автотураргоҳлар бўлиши ҳақидаги мажбурий талабни киритиш, кўп қаватли автотураргоҳларни жорий этишни рағбатлантириш;

– давлат хизматчиларини ишга жамоат транспортида қатнашишини рағбатлантириш, шахсий транспорт воситалари давлат рақами тоқ ва жуфт сонларини ҳафта кунлари ўртасида тақсимлаган ҳолда ҳаракатланишини чеклаш;

пуллик йўлларни асосий йўлларга муқобил сифатида, уларнинг умумий майдонига таъсир кўрсатмаган ҳолда йўлга қўйиш;

йўлларда режалаштирилаётган таъмирлаш ишлари ва уларнинг давомийлиги ҳақида камида ўн кун олдин ушбу ҳудудда ҳамда Интернет тармоғида эълон жойлаштириш орқали фуқароларни хабардор қилиш;

автомобилларсиз кўчаларни ташкил этиш, шаҳарлар ва қишлоқларни одамлар учун қулайроқ қилиш учун бошқа чора-тадбирларни кўриш, пиёдалар ва велосипед учун йўлакларни кўпайтириш;

– автомобилларга сиқилган табиий газ баллонларини ишлаб чиқариш, ўрнатиш, мамлакатга олиб киришдан эксплуатациягача бўлган даврий техник текширувлар, синовлар билан боғлиқ барча жараёнларни рақамлаштириш орқали нуқсонли газ баллонларидан етказиладиган зарарнинг олдини олиш;

– йўл-транспорт соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш муддатини қисқартириш имкониятидан фақатгина бир маротаба фойдаланиш тартибини жорий этиш;

– йўлларда транспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда давлат назоратини амалга ошириш тартибини жорий этиш.

 

X. Миллий манфаатларига асосланган очиқ, ўзаро манфаатли
ва конструктив ташқи сиёсатни изчил давом эттириш тарафдоримиз!

 

15-қадам. Ўзбекистоннинг халқаро мавқеини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатдорлик ва тенг ҳуқуқлилик асосида ҳамкорлик ва шерикчиликни фаол ривожлантириш

Ушбу йўналишда партиямиз яхши қўшничилик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш тамойиллари асосида, аввало, Марказий Осиё, МДҲ мамлакатлари билан муносабатларни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббускор ташқи сиёсат юритиш тарафдори.

Хусусан, бу борада қуйидагиларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз:

– Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларга қўшилиши борасидаги ишларни изчил давом эттириш. Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқотларни мунтазам равишда ўтказиш;

– минтақавий барқарор ижтимоий ривожланиш, муқобил энергетика ва замонавий тиббиёт соҳаларида инновацион дастурлар ҳамда лойиҳаларни халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга ошириш;

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, агентликнинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш;

– чет давлатларга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган фуқароларга “ишчи виза” ни расмийлаштиришга кўмаклашиш, шу жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида хорижий давлатларга “ишчи виза” ҳужжатларини расмийлаштирилишига кўмаклашиш марказини очиш;

– таълим тизими ривожланган хорижий давлатлар билан ўқитувчи ва талабаларнинг тажриба алмашиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ва ушбу тизимни ҳар томонлама рағбатлантириш;

– парламентлараро алоқа институтларини ривожлантириш, гуманитар, маданият, санъат, илм-фан, спорт ва туризм, нодавлат ташкилотлар ҳамда партиялараро алоқалар соҳаларида “халқ дипломатияси” усулларини қўллаш;

– мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, инвестициявий жозибадорликни кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро ахборот ресурсларидан фаол фойдаланиш.

 

***

Ўзбекистон Халқ демократик партияси юқорида кўрсатиб ўтилган устувор йўналишлар ҳамда тегишли аниқ қадамларни илгари сурар экан, бошқа сиёсий партиялар билан сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашлари учун бўлаётган соғлом рақобат шароитида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида таъсирчан парламент фракциясини яратишни таъминлайдиган муносиб ўринга эришишни режалаштирмоқда. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон ХДП давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органларида етакчи позицияларга эришиш йўлида кураш олиб боради.

Бу, партиянинг давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятида иштирок этиши ва дастурий мақсадларини амалга ошириши учун зарур имконият яратади.

Биз – ҳар бир инсон фаровонлигини таъминлаш тарафдоримиз!

Ижтимоий тенглик учун Халқ демократик партиясига овоз беринг!