Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, давлат ва жамият манфаатларини кўзлаб ер ажратишда белгиланган инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтириш борасида янгича ёндашувларни жорий этиш зарурияти вужудга келмоқда. Йиғилишда «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида қонун лойиҳаси алоҳида муҳокамаларга сабаб бўлди.
Фракция аъзоси Зокиржон Зоҳидовга кўра, мамлакатимизда яратилган имкониятлардан тадбиркорлик фаолиятини олиб боришда ўз вақтида фойдаланилишини, инвестиция муҳити яхшиланишини ҳамда ердан оқилона ва самарали фойдаланилишини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқий ҳужжатларни кучайтириш зарур.
Лойиҳага кўра, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга махсус иқтисодий ва саноат зоналари дирекциялари инвестиция битими бўйича мажбуриятларини бажармаган тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисида иқтисодий судларга киритилган даъволари юзасидан давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартириш киритилмоқда.
Халқ демократик партияси депутатлари сўл қанот ғояларни амалга ошириш муҳимлигига эътибор қаратиб, тадбиркорларнинг ижтимоий масъулиятини кучайтириш, инвестиция киритиш ва иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш борасидаги келишув мажбуриятларини бажариш долзарб масала эканини таъкидлашди. Тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва енгилликлар ижтимоий-иқтисодий самарадорликка хизмат қилиши зарурлиги билдирилган ҳолда, қонун лойиҳаси маъқулланди.
Фракция аъзолари ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича фракциянинг позициясини билдирди. Ҳар бир таклиф ортида қонунчиликда ижтимоий мақсадлар алоҳида ўрин тутишини, шундагина қонунлар ишлайдиган ҳуқуқий ҳужжат мақомига эга бўлишини алоҳида таъкидладилар.
Муҳокамалар якунида кун тартибида кўрилган лойиҳалар бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.