Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб депутатлар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни тасдиқлаш бўйича қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси фуқаролар ва ташкилотларнинг бузилган ёки низоли бўлган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ маъмурий ишларни судда кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини белгилайди. Бундан ташқари, махсус ҳуқуқий тартиб жорий этилган ҳудудларда бундай ишлар алоҳида қоидалар асосида ихтисослашган суд томонидан кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари томонидан қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилиб, қўллаб-қувватланди.
Йиғилиш давомида божхона ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Ташаббускорларга кўра, қонун лойиҳаси божхона билан боғлиқ айрим жараёнларни фуқаролар ва тадбиркорлар учун енгиллаштиришга хизмат қилади.
Масалан, хориждан келган фуқаро ўз автомобилини Ўзбекистонда аввалгидек 90 кун эмас, 180 кунгача сақлаши ва фойдаланиши мумкин бўлади. Товар олиб кирган тадбиркор эса божхона тўловини амалга ошириш учун аввалги 60 кун ўрнига, 120 кунгача вақт олади. Бу унга товарини сотиш, тушум олиш ва шундан кейин тўловни амалга ошириш учун кўпроқ имконият беради.
Шу билан бирга, тўловларни кечиктиришда ҳисобланадиган фоизлар тартиби қайта кўриб чиқилади, ўз мажбуриятларини ҳалол бажариб келаётган тадбиркорлар учун кафолат суммалари камайтирилади.
Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳаси юзасидан депутатларимиз айрим аниқлаштирувчи саволлар билан ташаббускорларга юзланди.
Хусусан, фракциямиз аъзоси Шокиржон Аҳмедов тақдим этилаётган қонун лойиҳасида божхона соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун молиявий жарималарни қўллаш билан боғлиқ 7-моддада айнан қандай ҳолатларда, қай тартибда ва қанча миқдорда маъмурий жавобгарлик белгиланиши бўйича батафсил маълумот берилишини сўради.
Яна бир депутатимиз Имомназар Турсунов эса амалдаги қонунчиликка киритилаётган бундай ўзгартиришлар божхона соҳасидаги коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда қандай қўшимча қулайликлар яратиши юзасидан аниқлаштирувчи савол берди.
Қизғин баҳс-мунозаралардан кейин қонун лойиҳаси билдирилган фикрларни инобатга олган ҳолда, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.
Шу билан бирга, йиғилишда фракциямиз ташаббусига асосан масъул қўмита билан ҳамкорликда хориждаги ватандошлар ва диаспоралар билан алоқаларни ривожлантириш масаласи юзасидан Ташқи ишлар вазирига парламент сўрови юбориш таклифи ҳам маъқулланди.
Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатларидан келиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.