Ҳамкорликнинг замонавий формуласи
Ҳамкорликнинг замонавий формуласи

 

Вашингтонда Америка Қўшма Штатлари ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бир давра атрофида йиғилиши минтақамиз учун катта аҳамиятга эга.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бирдамликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида ҳамкорлик учун мустаҳкам сиёсий ва ҳуқуқий пойдевор яратилди. Эришилган келишувларнинг фуқаролар ва бизнес учун аниқ натижаларга айланиши бу жараённинг энг муҳим вазифасидир.

Унда иқтисодий, ресурс, транзит ва сиёсий жиҳатдан муҳим мавзулар кўриб чиқилди. АҚШ томонидан Марказий Осиё давлатлари билан узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик масалалари ва транзит йўллари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги учрашувлар алоқалар учун маънавий ва сиёсий кучли сигнал. Иқтисодий битимлар: сармоя, логистика, рақамли трансформация, ресурслар соҳасида ҳамкорлик учун имкониятлар очилди.

Саммитда давлатимиз раҳбари минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш, экология, транспорт ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

“С5+1” бугун нафақат минтақадаги сиёсий жараёнлар, балки глобал барқарорлик масалаларида ҳам муҳим роль ўйнай бошлади. Етакчилар иқтисодий барқарорликдан хавфсизликкача бўлган устувор йўналишларда якдил фикр билдирмоқда. Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатини ягона манфаат-барқарор ривожланиш, тинчлик ва фаровонлик йўли бирлаштиради.

Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон АҚШ билан очиқ ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга, шунингдек, Марказий Осиёни барқарор тараққиёт ҳудудига айлантиришга катта аҳамият бермоқда.

Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи унинг кўп қиррали дипломатиясида. Давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, тенглик ва мувозанат принциплари бугун халқаро муносабатларда намуна бўлмоқда. АҚШ ҳам реалликни тан олган ҳолда, минтақани мустақил сиёсий марказ сифатида қабул қилаяпти, уни глобал ҳамкорликда тенг шерик сифатида кўрмоқда.

Бугун Марказий Осиё давлатлари тарихий бурилиш нуқтасида турибди. Дарҳақиқат, минтақа энди рақобат ёки бўлиниш майдони эмас, балки умумий манфаатлар ва тараққиёт йўлида бирлашаётган, ўз овозига эга бўлган ҳудуд сифатида шаклланмоқда. Энг муҳими, бу жараён ташқи босимлар таъсирида эмас, балки минтақа етакчиларининг сиёсий иродаси ва халқларимизнинг эзгу интилишлари натижасида юз бермоқда.

“С5+1” – нафақат сиёсий мулоқот, балки тараққиёт ва ҳамкорликнинг замонавий формуласи!

 

Сайёра Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш