Президентликка номзод андижонлик сайловчилар билан учрашди
Президентликка номзод андижонлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловчилар билан учрашувлари фаол давом этмоқда. Номзод учрашувларнинг янги ҳафтасини Андижон вилоятидан бошлади. Андижон шаҳрида ўтган учрашувда партия электорати, ижтимоий соҳа вакиллари, ёшлар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилоят кенгаши раиси Баҳром Қурбонов олиб борди. Номзоднинг ишончли вакили сайловчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.

Шундан сўнг номзод ўз сайловолди дастуридаги асосий йўналишлар, таклиф ва ташаббуслар ҳақида атрофлича маълумот берди. Андижон вилоятида бўлиб ўтган учрашувда номзод асосий эътибор ижтимоий сиёсат масаласига қаратилди.

Таъкидланганидек, дастурда “Кучли ижтимоий сиёсат – ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси” шиори остида аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Шунингдек, дастурда оилалар, болалар, аёллар, қарияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам назарда тутилган.

Бундан ташқари, дастурда одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилашнинг муҳим омили сифатида уй-жой ва сифатли коммунал хизматларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш қўшган ҳолда қуришда иштирок этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар. Сайловчилар дастур, ундаги таклиф ва ташаббуслар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда ўз фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда фаол иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш