Германия сўллари янги ижтимоий ғояларни илгари суришмоқда
Германия сўллари янги ижтимоий ғояларни илгари суришмоқда

 

Берлинда Сўл партиянинг онлайн-қурултойи якунланди. Унда партиянинг сайловолди дастури қабул қилинди. Forsa жамоатчилик фикрини ўрганиш Институтининг сўнгги сўровларига қараганда, сўллар ҳозирча сентябр ойида ўтадиган сайловда 7 фоизга умид қилиши мумкин. Сайловчилар меҳрини қозониш учун улар ижтимоий ислоҳотларга эътибор қаратишмоқда. Партия фаолларининг 88 фоиз овози билан қабул қилинган дастур аҳолининг камбағал қатлами фойдасини кўзлайдиган ижтимоий ислоҳотларни назарда тутади. Дастур ГФРнинг ҳар бир фуқароси ишлаши ишламаслигидан қатъий назар, давлат томонидан 1200 евролик минимал даромад билан кафолатлашни кўзда тутади. Ушбу даромад мавжуд ижтимоий суғурта тизимининг ўрнини эгаллаши лозим. Кафолатланган даромад билан боғлиқ равишда пенсия миқдори ҳам 1200 еврони ташкил этиши керак. Шу билан бирга сўллар пенсияга чиқиш ёшини 67 дан 65 га тушириш тарафдори бўлиб чиқмоқдалар. Пенсия суғуртасини давлатники ёки хусусий, деб ажратиш бартараф этилиши лозим.

Бунинг учун зарур бўладиган тўловларни молиялаштириш учун махсус суғурталаш тизими яратилиши, сўллар фикрича, унга мўмай даромад топадиган қатлам пул тўлаб бориши лозим. Бу тоифага депутатлар, амалдорлар ва ёлланма меҳнат орқасидан пул топадиган тадбиркорлар, санъат намоёндалари киритилади. Сўллар талаблари орасида ёлланма ишчилар иш вақтини ҳафтасига 30 соатгача камайтириш, меҳнат таътилини ҳозирги 24 кундан 36 кунга ошириш таклифлари бор. Квартира тўловларининг ўсишига қаршилик ўлароқ, сайловолди дастурда 2020 йилдан бери Берлинда (шаҳарни Сўллар социал-демократлар ва Яшиллар билан биргаликда идора этади) амал қилиб келадиган ижара тўловини чеклаш ҳақидаги қонунни қўллаш талаби илгари сурилган. Бу квартира тўловлари ўсиши таъқиқланишини англатади. Шунинг билан бирга сўллар ижтимоий квартиралар қуришга давлат томонидан ҳар йили 15 миллиард евро ажратилиши ғоясини илгари суришган. Муҳожирлик соҳасида сўллар чегараларнинг очилиши ва қочоқларнинг жамиятга интеграциялашуви тарафдори сифатида майдонга чиққан.

Ташқи сиёсатда илгари сураётган мақсадлари сўлларнинг федерал даражада Яшиллар ва социал-демократлар билан қўшма коалиция тузишини қийинлаштиради. Чунки сўллар Германиянинг НАТОдан чиқиши ва Россия иштирокида хавфсизликнинг янги тизимини яратишни истайдилар. Сўллар назарида Россия ва Хитой душман сифатида кўрилмаслиги керак.

 

Теглар

Хориж хабарлари
← Рўйхатга қайтиш