ЎзХДП: Ҳурматли бухоролик сайловчилар, буни ўқишингиз керак!
ЎзХДП: Ҳурматли бухоролик сайловчилар, буни ўқишингиз керак!

Халқ демократик партияси Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади, деб ҳисоблайди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар партиянинг янги Сайловолди дастури асосида жамиятдаги ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалаларга эътибор қаратишган. Бугун Бухоро вилоятидан кўрсатилган номзодларимиз ва уларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

 

Ўткир Наджимидинов, педагог, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Bukhara City” мажмуаси ҳудудидаги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси” давлат унитар корхонаси директори, 23-Бухоро сайлов округидан номзод:

– Жамиятда бандлик масаласи ҳамон долзарблигича қолаётгани партиямиз эътиборида. Бу соҳада ҳам Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз позициясига эга. Ушбу масалалар юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилган ҳолда ХДП аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюртмасини бажариш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишга астойдил бел боғлаган.

 

 

Қайим Холов, ҳуқуқшунос, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи, 24-Когон  сайлов округидан номзод:

– Ўзбекистон ХДП манзилли ижтимоий ҳимояга оид вазифаларни биргина давлат бюджети маблағлари ҳисобига ҳал қилиш мумкин эмаслигини яхши тушунади. Бу борада, аввало, меҳнатга лаёқатли аҳолининг иқтисодий фаоллиги ва ташаббускорлигини рағбатлантирувчи ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш лозим.

 

 

 

 

Мирзаолим Муртазоев, ветеринария, менежмент, давлат бошқаруви, гидрометрология, экология, Бухоро вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи, 25-Шохруд сайлов округидан номзод:

 Айтиш керакки, коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларини қоплаш мақсадида, асоссиз нарх-наво ва тарифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Қисқа қилиб изоҳлаганда, коммунал хизматлар етказиб берувчиларининг монополиясига барҳам беришни кўзлаганмиз. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишлар истеъмолчиларнинг гарданига тушиши адолатдан эмас.

 

 

Санобар Шукурова, педагогика ва психология, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Ромитан тумани бўлими раҳбари, 26-Ибн Сино сайлов округидан номзод:

– Партиямиз эҳтиёжманд аҳоли қатламининг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун курашади. Демак, илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб, кам таъминланган аҳоли қатлами учун кундалик зарур товар ва маҳсулотларни арзон нархларда сотиш бўйича ижтимоий дўконлар тармоғини ривожлантириш керак, деб ўйлайман.

Бу орқали аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, имконияти чекланган инсонлар ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий аҳамиятга эга кундалик эҳтиёж маҳсулотлари ва хизматларига ижтимоий мақбулликни таъминлашга эришиш имкони ортади, деб ўйлаймиз.

 

 

Зулфия Туйева, педагог, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши раиси, 27-Варахшо сайлов округидан номзод:

– Аҳолининг кам таъминланган қатлами учун олий таълимдан фойдаланишининг ижтимоий мақбуллигини ошириш бугунги долзарб вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда бир қатор таклифлар ишлаб чиқдик. Аввало, қишлоқ ёшларини кейинчалик ўз қишлоғида ишлаш шарти билан давлат грантлари асосида педагогик, тиббиёт ва бошқа ихтисосликдаги олий таълим муассасаларига ўқишга имтиёзли қабул қилиш керак, деб ўйлаймиз. Тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитларини ажратиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши учун имкониятларни кенгайтириш масаласи ҳам олий таълимдан фойдаланишининг ижтимоий мақбуллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

 

 

Латофат Бобаева, педагог, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олот тумани кенгаши раиси, 28-Пайкент сайлов округидан номзод:

– Ўзбекистон ХДП Ногиронлар жамияти билан меморандум имзолаган. Шу асосда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорлигимиз янги босқичга кўтарилмоқда. Жойлардаги муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз доимий ва тизимли олиб борилади. Марказ-вилоят-туман-қишлоқ-маҳалла тамойили асосида иш кўришни, эҳтиёжманд аҳоли билан алоқа ўрнатиш, уларнинг турмуш тарзи билан янада яқиндан танишиш, ҳаётга яқинлашиш масаласида қатъий режа ишлаб чиқдик.

 

 

 

Шерзод Рахмонов, кимё-биология, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг Бухоро шаҳар филиали раҳбари, 29-Жилвон сайлов округидан номзод:

– Ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан яхшилаш партиямиз олдида турган муҳим вазифалардан бири.  Фикримча, Молия, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш, давлат сармояси ҳисобидан ногиронлар учун ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш ҳамда ушбу корхоналарга ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан ижтимоий буюртма бериш тартибига доир аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тақдим этиш керак. Депутатликка сайлансам, шу ишга қаттиқ бел боғлаб киришишни режалаштирдим.

 

 

Малоҳат Жўраева, француз ва араб тиллари таржимон-референти, Бухоро давлат университети хорижий тиллар факультети декани, 30-Ғиждувон сайлов округидан номзод:

– Ҳеч биримизга сир эмас, тез тиббий ёрдамдан фойдаланиш, кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга малакали тиббий хизмат кўрсатишда айрим камчиликлар учраб турибди. Дорихоналарда сотилаётган дори-дармонлар нархларида номутаносибликлар кузатилмоқда.  Шунинг учун аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш керак, деб ўйлайман.

 

 

 

Ситора Акрамова, муҳандис-иқтисодчи, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Бухоро вилоят бошқармаси ҳузуридаги ўқув маркази бошлиғи, 31-Вобкент сайлов округидан номзод:

– Мушоҳада қилиб кўрадиган бўлсак, кам таъминланган оилалар аъзолари, жумладан, ишсизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлар, аёлларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллиги ҳамда касаначиликни давлат ва давлат-хусусий шериклик асосида рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Агар улар ўз ишини йўлга қўйиб, барқарор даромад манбаига эга бўлса, ижтимоий ҳимоя учун бюджетдан пул ажратишга ҳожат қолмайди. Аксинча, уларнинг ўзи тараққиётга ҳисса қўшувчига айланади. Бу аҳоли ўртасида боқимандаликни йўқотишга хизмат қилади.

 

 

 

Ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини ошириш – асосий мақсадимиздир! Халқ демократик партияси номзодларига овоз беринг! Биз сизнинг манфаатингиз учун қатъий курашамиз.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.

www.kun.uz

← Рўйхатга қайтиш