Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзлари сайланган округларда бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказяпти, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиб, уларни ҳал этиш чораларини кўряпти.
Хусусан, Қонунчилик палатаси депутати Ойбарчин Абдуллаеванинг Олтинсой туманидаги учрашувлари самарали бўлди. Депутат тумандаги “Жобу”, “Чеп”, “Қорлиқ” маҳаллаларида бўлиб, сайловчилар билан учрашди.
Мулоқотларда дастлаб мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган қонунлар, хусусан, Ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш ишларини жадаллаштиришга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича ҳам тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг сайловчиларнинг мурожаатлари тингланди. Фуқаро Нигора Муҳаммедова оилавий шароити оғирлиги, бугунги кунда икки нафар фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида таҳсил олаётганини қайд этиб, контракт пулларини тўлашда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала жойида ҳал этилди.
Бундан ташқари, Олтинсой туман тиббиёт бирлашмаси биносини таъмирлаш учун ҳам маблағ ажратилди. Муддат талаб этадиган масалалар ечими депутат назоратига олинди.
Учрашувлар давом этмоқда.