ХДП фракцияси ташаббуси билан парламент эшитуви ўтказилади
ХДП фракцияси ташаббуси билан парламент эшитуви ўтказилади

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини партия электорати манфаатлари нуқтаи-назаридан моддама-модда муҳокама қилишди.

Юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро нормалар ва стандартларни миллий қонунчиликка изчил татбиқ етиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга ногиронлиги бўлган шахслар бошқа фуқаролар билан тенг равишда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларидан фойдаланиши учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш зарурияти юзага келмоқда.

Ушбу Қонун билан «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланишга, сайлаш ва сайланишга, референдумда иштирок этишга, шунингдек фойдаланиш имконияти бўлган мультимедиа воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ёрдамида таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шунингдек, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция асосида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ногиронлиги бўлган шахслар билан мулоқот қилиш учун фойдаланиш имконияти бўлган мулоқот шаклларини, шунингдек ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахслар уларга бемалол кириши учун мослаштириш асосларини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда.

Фракция аъзолари қонунчиликка киритилаётган мазкур ўзгартиришлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга, шунингдек ушбу соҳадаги инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини умумэътироф этилган халқаро нормалар ҳамда стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этишга хизмат қилишини алоҳида эътироф этишди. Депутатлар электорат манфаати юзасидан саволлар билан мурожаат қилиб, уни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. Фикр-мулоҳазалар алмашиниб, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Фракция йиғилишида шунингдек, сўнгги вақтларда қўшни республикалар ҳудудидан ўтган халқаро магистраль йўлларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида йўл транспорт ҳодисаларининг содир бўлаётгани билан боғлиқ ҳолатлар интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тез-тез кўзга ташланаётгани, бу эса ўз навбатида жамоатчилик ва фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётгани юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Парламент эшитувини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири И. Маҳкамовнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қулай ва хавфсиз транспорт орқали чет давлатларга етиб боришида шарт-шароитларни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида ахборот бериши лозимлигини бир овоздан маъқуллашди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш