Коррупциясиз таълим тарафдоримиз
Коррупциясиз таълим тарафдоримиз

 

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Коррупциясиз таълим тарафдоримиз” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, университет профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда олий таълим тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Олий таълим тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш белгиланган бўлиб, БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида халқаро аудиторлик компанияси экспертлари билан ҳамкорликда“Комплаенс-назорат” тизимини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг марказий аппарати ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида тажриба тариқасида жорий этишга киришилган.

Учрашувда сўзга чиққан Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова коррупциянинг салбий оқибатлари, маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келишини, айниқса, таълим тизимида коррупцияга асло йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида урғу бериб ўтди.


Таъкидланганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади инсон манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун экан адолат мувозанатини сақлаб туришда коррупция иллатига қарши иммунитетни шакллантириш муҳим ўрин тутади.

Учрашувда сўзга чиққанлар коррупция домига тушмаслик, аслида ўқиш, билим олиш, ўз устида ишлаш, ҳалоллик орқали ҳаётда кўп нарсага эришиш мумкинлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтиришди.

Мулоқотда шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий ғоя ва мақсадлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Партия ҳамма учун тенг ва қулай имкониятлар яратилиши тарафдори эканлиги, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ўз сайловолди дастурида қатор вазифаларни белгилаб олганлиги таъкидланди.

Учрашув самимий, фикр-мулоҳазалар ва савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Якунда фаол йигит-қизлар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Олий Мажлис Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш