Ҳозир дунёдаги жадал иқтисодий интеграциялашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этмоқда. Ҳаттоки, қонуний меҳнат миграцияси жаҳон иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмига айланиб ҳам улгурди.
БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда халқаро мигрантлар сони 292 миллиондан зиёд бўлиб, уларнинг 90 фоиздан ортиғи меҳнат муҳожирлари саналади. Мутахассисларнинг айтишича, миграция муайян вақтда кучайиб-пасайиш тенденциясига эга ва маълум ҳудуд, мамлакат, минтақа ижтимоий ҳаётига ҳам ижобий, ҳам салбий, керак бўлса, сиёсий таъсирини ўтказади. Шу боисдан миграцияни ҳуқуқий тартибга солиш, уни бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ҳаётий заруратдир.
Миллионлаб инсонлар ҳаётига дахлдор
Ўзбекистонда аҳоли сони жадал суръатда ошиб бораётгани, бандликни таъминлашдаги мавжуд муаммолар миграция масаласида жиддий ёндашувни талаб қилади. Сўнгги маълумотларга қараганда, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ҳамюртларимиз сони йил бошида ўртача 2 млн. кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 566 минг (27,6%) нафарини хотин-қизлар, 669 минг (32,7%) нафарини ёшлар ташкил этади.
Ўзбекистондан чет давлатларга кетаётган меҳнат мигрантларининг кўпчилигини юқори малакага эга бўлмаган ёки ўрта-махсус маълумот олган шахслар ташкил қилмоқда. Улар асосан қурилиш (51,6%), қишлоқ хўжалиги (12,3%), саноат (9,2%), савдо-сотиқ (8,5%) ва бошқа шу каби чуқур билим талаб қилмайдиган соҳаларда ишламоқдалар.
Давлатлар кесимида кўрсак, Ўзбекистондан ишлаш учун кетаётган мигрантларнинг 1,2 млн. нафари Россия, 200 минг нафари Қозоғистон, 120 минг нафари Туркия, 69 минг нафари Жанубий Корея ва 470 минг нафари бошқа давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширяпти. Бундан ташқари, бир йилда ўртача 1 млнга яқин фуқароларимиз хорижий давлатларга қатнаб, мавсумий ишлар орқали даромад топмоқда.
Тўғри, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда кейинги йилларда ташқи меҳнат миграциясининг самарали тизимини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Хўш, унда муаммо нимада?
Моҳиятан олиб қаралса, миграция аслида салбий ҳолат эмас. Бу ҳар иккала томон учун ҳам ижобий жараёндир. Чунки мигрантларнинг уйларига юборадиган маблағлари оилалар даромадини оширишга, мамлакатда умумий турмуш даражасини яхшилашга ёрдам беради. Аммо минглаб инсонларнинг ватандан олисда узоқ вақт бўлиб туриши, табиийки, бир қатор ижтимоий хатарларни ҳам келтириб чиқаради. Бундай ҳолатда мигрантларни алоҳида қўллаб-қувватлашнинг, ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари амалиётда татбиқ этилмоғи лозим.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Одамларни ўз юртини ташлаб кетишга мажбур қилаётган бир қанча омиллар мавжуд. Масалан, дунёнинг айрим давлатларида давом этаётган қуролли можаролар, этник таъқиб, табиий офатлар ва қашшоқлик. Ёки ўқиш ёки яхшироқ даромад учун сафарга чиққанлар ҳам бор. Уларнинг асосий қисми эркаклар бўлса-да, аёллар улуши ҳам кам эмас. Энг ёмони, мигрантлар орасида 20 ёшга ҳам тўлмаган йигит-қизларнинг борлигидир.
Дунё миқёсида ишчи кучининг норасмий миграцияси кўпайиб бормоқда. Бундай ишчилар эса ижтимоий, ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланмаган бўлади. Аксарият ҳолларда улар маҳаллий ишчиларга нисбатан бир неча баробар паст ҳақ олиб келмоқда. Очиғини айтиш керак, хориждаги фуқароларимиз орасида оғир меҳнат шароитларида ишлаётган, бошпанасиз қолган, ҳақ-ҳуқуқлари камситилаётганлар ҳам йўқ эмас. Муҳожирларимизнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси ҳар доим ҳам таъминланяпти, десак ёлғон бўлади. Нопок иш берувчилар томонидан алданиш, одам савдоси қурбони бўлиш ва иш ҳақини ололмаслик ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Шунингдек, жиноий, радикал гуруҳлар таъсирига тушиб қолиш, жиноятга қўл уриш каби нохуш ҳодисалар ҳақида, афсуски, кўп эшитяпмиз.
Оиласини, бола-чақасини боқиш, уй қуриш, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқариш учун яқинларидан олисда яшаётган, ишлаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш бугунги долзарб масаладир. Фикримизча, бу борадаги муаммоларнинг олдини олиш учун, аввало, фуқаролар билан тизимли ишлаш, қонуний меҳнат миграциясини кенг ташкил этиш керак. Меҳнат бозорида миграция орқали иш ўрнига эга бўлиш табиий жараён ҳисобланади ва буни тўхтатиб ҳам бўлмайди. Фақат тизимни изчил чора-тадбирлар асосида тартибга солиш ва фуқароларни фақат қонуний йўл билан хорижга ишга жўнатиш ишларини кучайтиришимиз керак.
2 йил ичида 600 минг одам хорижга ишга жўнатилади
Шу йил февраль ойи бошида давлатимиз раҳбарига миграцияни тартибга солиш ва меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимот қилинган эди. Келтирилишича, меҳнат миграциясидан қайтганларни ишга олган корхонага ҳар бир ходим учун бир йил давомида Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ойига 500 минг сўм субсидия берилади. Ушбу тадбирларга жорий йил учун барча манбадан 100 миллиард сўм ажратилади. Тиббий муассасалар миграциядан қайтган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини бепул тиббий кўрикдан ўтказади. «Инсон» марказлари томонидан ота-онаси хорижда меҳнат қилаётган болаларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Албатта, бу соҳанинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш, меҳнат мигрантларининг ижтимоий кафолатларни таъминлашда Президентимизнинг яқинда қабул қилинган «Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони айни муддао бўлди.
Анвар САФАРОВ,
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Хорижга ишга жойлаштириш департаменти бош мутахассиси:
– Фармонга кўра, икки йил ичида 600 минг одамни хорижга ишга жўнатиш, 1 июндан меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш, «ишчи виза»ни расмийлаштириш ва йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қисман қоплаш учун компенсация тўлаш тартиби жорий қилинади.
Янада аниқроқ айтганда, «Хорижда иш» меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга:
- хорижий тиллар ва касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 3 бараваригача;
- «Ишчи виза»ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар учун БҲМнинг 5 бараваригача;
- йўл чиптаси учун БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда компенсация тўланади.
2024 йил 1 сентябрга қадар хорижда вақтинча ишлаётган юртдошларга ёрдам кўрсатиш учун туну кун ишлайдиган Call-марказ ташкил этилади. 2025 йил 1 июлгача эса Ўзбекистондан ташқарига чиқувчи ва давлат ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи электрон маълумотлар базаси яратилади. Шунингдек, хорижда вақтинча ишловчилар учун бўлиб турган мамлакатлари ва у ердаги бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш, ватандошлар билан онлайн мулоқот қилиш ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган фуқароларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар билан боғланиш имконини берувчи мобиль илова яратилади.
«Хорижга иш – маҳалладан» тамойили асосида
Етарли малакаси бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга қўшимча ўқитилади, хорижлик иш берувчилар талабига қараб мақсадли тайёрланади. Шу асосида яқин муддатларда 150 минг киши даромади юқори мамлакатларга юборилиши мўлжалланган.
Яқинда давлатимиз раҳбари ҳузурида маҳаллаларда бандликни таъминлаш ва меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда бу масала алоҳида таъкидланди.
Фуқароларни чет элда ишлашга тартибли ва хавфсиз жўнатиш, юртга қайтганларнинг бандлигини таъминлаш ҳам ғоятда долзарбдир. Шу боис Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолияти ислоҳ қилинмоқда. Барча ҳудудларда «Хорижга иш – маҳалладан» тамойили йўлга қўйилмоқда. Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга эса Сайхунобод тажрибаси асосида томорқада маҳсулот етиштириш, тадбиркорлигини очишга ташкилий-молиявий кўмак берилади.
Давлат раҳбари фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш, бандликни таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди. Миграция бўйича ягона ахборот платформасини яратиб, «маҳалла еттилиги» тизими билан интеграция қилиш, хорижда қийин вазиятга тушиб қолган юртдошларга кўмаклашиш зарурлиги таъкидланди.
***
Бугун юртимизда кимнингдир оиласи, қариндоши, кимнингдир дўсти хорижда меҳнат қилмоқда. Ташқи меҳнат миграцияси масаласидаги ҳар қандай хабар, яхши янгилик ҳаммамиз учун бирдек муҳим, десак хато бўлмайди. Юқорида бу мавзуга қисқача тўхталдик. Меҳнат миграциясини такомиллаштириш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар амалиётда қандай натижа бера бошлагани ҳақида кейинроқ яна сўз юритамиз. Демак, мавзуга ҳали қайтамиз.
Лазиза ШЕРОВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 29.05.2023, №22