Ўзбекистон — Хитой: парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланади
Ўзбекистон — Хитой: парламентлараро ҳамкорлик янада ривожланади

 

2024 йил 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқотда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро муносабатлар фаоллашиб, кўп томонлама мулоқотлар мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатларимиз минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида эътироф этилди. Айниқса, икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг қадъий сиёсий иродалари, олий даражадаги учрашувлари туфайли Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлик муносабатлари кенг кўламли аҳамият касб этиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди, турли соҳалардаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди.

Учрашувда Хитой парламенти делегацияси аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Ўз навбатида, Чжао Лэцзи сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан натижалар бераётганини юқори баҳолаб, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

Конструктив ва дўстона руҳда ўтган учрашувда парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиболлари, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, олий даражада эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш борасида парламентлар олдида турган вазифалар кўриб чиқилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Мулоқот давомида мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-коммуникация, таълим, туризм, қайта тикланувчи энергия манбалари, камбағаликка қарши курашиш ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини янада кенгайтириш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

 

www.parliament.gov.uz

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш