Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди
Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошди

 

Ўзбекистонда бундан 7 йил олдин рақобатбардош ва инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш бўйича бошланган муҳим ҳамда кенг кўламли ислоҳотлар ўз натижасини бермоқда.

Хусусан, валюта курсини либераллаштириш, импорт тарифларини пасайтириш, танланган товар ва хизматлар нархларини эркинлаштириш, монополияга қарши курашишга қаратилган ислоҳотлар хусусий секторни ривожлантиришда, барқарор иш ўринларини яратиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик давлат сиёсатининг энг муҳим йўналиши, давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборидаги соҳа ҳисобланади. Сўзимизнинг яққол исботи, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти жорий этилган.

Янгича форматдаги шахсан Президентимизнинг мамлакат миқёсидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти эса соҳанинг ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Учрашувлардаги илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар кичик ва ўрта бизнесни ривожланишига, янги бозорларга кириш имкониятини оширишга, юқори даромадли корхоналарни кўпайишига олиб келмоқда.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган учта очиқ мулоқот арафасида 33 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида тадбиркорлик субъектларнинг сони кундан кунга ортиб бормоқда. Масалан, бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди.

Қайд этиш жоизки, тадбиркорлик фаолиятида ҳуқуқий асосларнинг мавжудлиги ва барқарорлиги муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу маънода, янги таҳрирдаги Конституциямизда тадбиркорларнинг ҳуқуқий кафолатларига бағишланган муҳим нормалар белгиланди. Бу кафолатларнинг айнан Асосий қонунимизда белгиланиши тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари бевосита таъминланиши учун имкон беради.

Мазкур ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган энг муҳим ҳужжати — бу Тадбиркорлик кодекси бўлди. Ушбу ҳужжат бугунги кунда тарқоқ ҳолда бўлган тадбиркорликка оид қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини кескин камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. Яқинда Халқаро валюта жамғармаси мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард доллардан ошганини тасдиқлагани ҳам фикримиз исботидир. Бундай юксак натижаларга эришишимизда илғор технологиялар асосида замонавий корхоналар очаётган, юз минглаб янги иш ўринларини яратаётган ва дунё бозорларига жадал кириб бораётган азму шижоатли тадбиркорларнинг ҳиссаси беқиёс, десак айни ҳақиқат.

Мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорликка жуда кенг маштабда эътибор қаратилаётгани натижасида биргина жорий йилнинг ўзида тадбиркорларнинг товар айланмаси ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 986 триллион сўмга етди. Йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан 100 миллиард сўмгача бўлган ўрта корхоналар 2 карра кўпайди. Айланмаси 100 миллиард сўмдан ортиқ йирик корхоналар эса 2 минг 200 тадан ошди.

Анъанага айланган ва бу гал илк маротаба Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилган навбатдаги тўртинчи йилги учрашув ҳам мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Очиқ мулоқотда тадбиркорлик соҳасидаги ютуқ ва мувваффақиятлар билан бир қаторда тизимли муаммолар жонкуярлик ва юқори талабчанлик билан тилга олинди. Хусусан, Президентимиз тадбиркорлик учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича муҳим янги ташаббусларни илгари сурдилар.

Масалан, кичик ва ўрта бизнес учун молиявий ресурслар кўпайтирилади. Ўтган йили кичик ва ўрта бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш учун янги тизим жорий қилинган эди. Бу борада Бизнесни ривожлантириш банки ва Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ташкил этилиб, йил бошидан 35 мингдан ортиқ тадбиркорларга жами 3,5 триллион сўм микрокредитлар ажратилди.

Бундан ташқари, “Бизнесга биринчи қадам” дастури бўйича тадбиркорликни энди бошлаётган 115 минг аҳолига 1 триллион сўмлик микроқарзлар берилди. Энди ушбу тажриба янада кенгайтирилиши белгиланди. Бу ўз навбатида, янги тадбиркорлар сонини кўпайтириш ва кўплаб иш ўринларини яратишга туртки бўлади.

Очиқ мулоқотда ер бозори шаклланиши таъсирида янги инвестиция лойиҳаларида ер сотиб олиш харажатлари кескин ошаётгани, тадбиркор ерга бунча катта харажат қилгандан кейин қурилиш, техника ва ускунага маблағи етмай қолаётгани қайд этилди. Бу борада эндиликда тадбиркор аукциондан ер сотиб олганда унга қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаш бекор қилиниши айни муддао бўлди.

Айниқса, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида сотилган ер бўйича харид суммасини уч йилгача, қолган ҳудудларда беш йилгача, 4 ва 5-тоифа туманлар учун эса ўн йилгача бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши, дарҳол тўлов қиламан деган тадбиркорларга 20 фоизгача чегирма берилиши минг-минглаб тадбиркорларимизнинг айни дилидаги гап бўлди.

Умуман олганда, тадбиркорлик ривожи йўлидаги ҳар бир қадам жамият ва мамлакат ривожига мустаҳкам пойдевор яратади. Очиқ мулоқотда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг тўлақонли ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилашга, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш