Ўзбек ва озарбайжон халқларини умумий тарихий илдизлар, ягона дин, ўхшаш маданият ва урф-одатлар боғлаб туради. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли халқларимиз янада яқинлашиб, давлатлараро муносабатлар иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Озарбайжон — Ўзбекистон муносабатлари бугун янги давр воқелигига мос равишда жадал ривожланмоқда. Давлатларимиз ўртасида бугунга қадар имзоланган кўплаб ҳужжатлар, жумладан, Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш декларацияси уни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.
Бугунги кунда икки томонлама муносабатлар янги динамика ва мазмунга эга бўлиб бормоқда. Юқори даражадаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашмоқда. 2020 йилда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари – Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Озарбайжон Миллий Мажлисида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари тузилгани парламентлараро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни ривожлантиришда ҳам жадал суръатлар кузатилмоқда. Масалан, кейинги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар, жорий йил бошидан буён эса бу кўрсаткич яна 20 фоизга ошди.
Мамлакатимизда Озарбайжон капитали иштирокидаги 236 тадан ортиқ корхона бўлса, Озарбайжонда 70 тадан ортиқ ўзбек компанияси фаолият юритмоқда. Энергетика, шаҳарсозлик, машинасозлик, тўқимачилик ва ипакчилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳам фаол ҳамкорлик қилинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга амалий ташрифи икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашда янги саҳифа очади.
Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида Боку шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси тадбирларида иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Хусусан, кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор таклифларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилди ва қўллаб-қувватланди.
Юртбошимизнинг нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси, балки заминимиз учун бирдек муҳим бўлган долзарб масалаларга эътибор қаратгани диққатга сазовор. Жумладан, мамлакатимиз раҳбарининг Ўзбекистонда ўсимликларнинг иқлимга чидамлилигини ошириш учун Генетик ресурсларнинг минтақавий банкини ҳамда денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун БМТнинг инновацион агросаноат хабини ташкил этиш таклифи долзарб аҳамиятга эга.
Бу ўз навбатида, Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва ландшафтни барқарор бошқаришдан тортиб энергия самарадорлиги ҳамда чиқиндиларни қайта ишлашгача бўлган фаол чора-тадбирлари энергия таъминоти, қурғоқчилик ва сув ресурсларининг камайиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга содиқлигини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбарининг иқлим ўзгаришларидан зарар кўраётган мегаполис ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши ва яшаш учун қулай шароитлар яратиш соҳасида тажриба ва билим, энг яхши амалиётлар трансфери учун Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш ҳамда унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказиш ташаббуси ҳам саммит иштирокчилари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Бу Ўзбекистоннинг ушбу соҳада минтақавий етакчиликка интилишини акс эттиради.
Шу ўринда халқаро иқлим кун тартибини янгилаш фонида Ўзбекистон томонидан бу борада амалга оширилаётган узоқ муддатли сиёсат нафақат мамлакат, балки бутун минтақада экологик вазиятни янада яхшилашга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Умуман олганда, мамлакатнинг экологик хабардорлик ва иқлим барқарорлигига асосланган сиёсати Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги экологик муаммоларга қарши курашда етакчи давлатга айлантирмоқда. Боку саммитида илгари сурилган муҳим ташаббуслар эса Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши глобал курашга содиқлигини яққол тасдиқлайди.
Дилбар МАМАЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати