Хабарингиз бор, 2024 йилда дунёнинг энг руҳлантирувчи 100 аёли рўйхатига кирган сурхондарёлик Дилором Йўлдошеванинг матонати ва ишбилармонлик фазилатлари юқори даражада эътироф этилиб, давлат раҳбари томонидан “Мардлик” ордени билан тақдирланди. Жисмоний имконияти чекланганига қарамай, оилада ва жамиятда ўз ўрнини топиб, 40 нафар хотин-қизни иш билан таъминланган бу аёл тимсолида ҳаёт синовлари олдида бош эгмай, иродаси тобланган ҳазрати инсонни кўрамиз.
Кейинги йиллардаги қўллаб-қувватлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат Дилором опа сингари юзлаб, минглаб ҳамюртларимизнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқармоқда. Бугун юртимизнинг ҳар бир нуқтасида ногиронлиги бор эса-да, муқим даромад манбаини топиб, бошқаларга ҳам ёрдам қўлини чўзаётганларни учратамиз.
Халқаро меҳнат бозоридаги вазият
Ҳозир Ер юзида 1 миллиарддан ошиқ инсон, яъни, дунё нуфусининг 15 фоизида ногиронликнинг у ёки бу тури мавжуд ҳамда уларнинг 80 фоизи ривожланаётган давлатларда яшайди. Шу йилнинг июнь ойида БМТнинг ногиронлар ҳуқуқларига бағишлаб ўтказилган глобал форумида халқаро ташкилот Бош котиби биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад аҳолининг ушбу эҳтиёжманд қатлами иш таъминоти масаласида ҳали ҳам қийинчиликларга дуч келаётганини таъкидлади. “Жаҳон миқёсида ногиронлар сони ва ногиронлар бандлиги ўртасидаги тафовут деярли 30 фоиз пунктни ташкил этади, бу 2018 йилдаги кўрсаткич билан бир хил, вазият ўзгармаган”, деди БМТ вакили.
Ўзбекистон тажрибаси
Статистикада келтирилишича, ҳозирда юртимизда расмий рўйхатдан ўтган ногиронлиги бўлган шахсларнинг умумий сони 967 минг 925 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қатор қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган. Хусусан, 2024 йилда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинди. 2021 йили мамлакат БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилди. Янгиланган Конституциямизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари алоҳида белгиланди.
Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган, ногиронликнинг у ёки бу тури мавжуд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон тарихан қисқа вақт ичида умумэътирофга лойиқ тажриба тўплади, деб иккиланмай айтиш мумкин.
Мисол учун. Ҳозирги кунда расмий банд ногиронлиги бўлган шахсларнинг сони 82,5 минг нафарга етиб, йил бошига нисбатан 8 минг нафарга ошди. Ишлаш истагида бўлган 3,3 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс очиқ танлов орқали давлат ташкилотларидаги бўш иш ўринларига жойлаштирилди. Ушбу рақамлар юртимизда ногиронларни иш билан таъминлаш кўрсаткичи йилдан-йилга ошаётганини исботлайди.
Ижтимоий ислоҳотларни маҳалла даражасигача, яъни, манзилли ташкил этиш, ижтимоий дафтарларни юритиш орқали эҳтиёжманд инсонлар, жумладан, ногиронлиги бор ҳамюртларимизнинг турмуш шароитини ўнглаш, бунинг учун эса уларни ижтимоий-иқтисодий фаол ҳаёт билан қамраб олиш йўлида барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ижтимоий давлатга хос конституциявий мажбуриятларини, ҳар қанча қийин бўлмасин, муваффақиятли уддалашга интилмоқда.
Реабилитация қамрови қандай?
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ягона марказлашган тизим сифатида шакллантирилгач, ижтимоий ёрдамлар қамрови каррасига ошди. Барча ҳудудларда “Инсон” марказлари очилиб, 102 та ижтимоий хизмат маҳаллаларда йўлга қўйилди. Одамларнинг даромадлари ва яшаш тарзида кескин тафовутларнинг, тенгсизликнинг олдини олиш, ҳар бир инсон давлатнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслигини кафолатлаш мақсадлари реал ҳаётий натижаларда намоён бўла бошлади. Ногиронлиги бор шахслар учун таълим, бандлик, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда тенг имкониятларни яратиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси деб тан олувчи ижтимоий нор мани барча жабҳага чуқур сингдириш қамрови кенгайди.
Мамлакатда инклюзивликни қарор топтириш, ногиронлиги бор инсонларни қўллаб-қувватлаш ҳақида сўз борганда, табиийки, уларни реабилитация қилиш масалаларини ҳам тилга олмасликнинг иложи йўқ. Бинобарин, шу йил 13 декабрь куни давлат раҳбари ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида мазкур жиҳатга ҳам алоҳида тўхталди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, уларни жамиятга интеграция қилиш, сифатли протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминлаш тизими такомиллаштирилди. Протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турлари 18 тадан 30 тага, қоплаб бериладиган маблағлар миқдори ўртача 10 бараваргача оширилди.
Эсласангиз, яқин давргача ногиронлиги бўлган шахсларни махсус аравача ёки қўлтиқтаёқ билан таъминлашда ҳам қанча муаммолар кузатиларди. Муҳтож инсонлар ногиронлик аравачаси олиш учун ойлаб навбатда турган кунлар кўпчиликнинг ёдидан чиқмагандир. Ҳозир эса ногиронлиги бор ҳар бир шахс ўзига зарур мосламани харид қилиш учун танлов эркинлигига эга. Бу жараён электрон тарзда шаффоф ва очиқ тус олган.
Қувонарлиси, эндиликда ногиронлиги борларни реабилитация қилиш кўлами янада кенгаядиган бўлди. Юқорида айтиб ўтганимиз видеоселектор йиғилишида ҳар бир вилоят ва туман шифохонасида реабилитация хизматлари кўрсатилиши галдаги муҳим вазифалар сирасига киритилди. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилиши кутилмоқда.
Ногиронлиги борларга бериладиган протез ва реабилитация воситалари тури яна 7 тага кўпайиши, бу орқали 2025 йилнинг ўзида 80 минг муҳтож одамга зарур протез воситалари етказиб берилиши айни муддаодир.
Яна бир яхши гап. Қонун доирасида берилган имтиёз ва имкониятлар ҳисобига, 2024 йили юртимиз тадбиркорлари ногиронлиги бор 40 минг фуқарони ишга олган. Буни янада кенгайтириш учун янги йилнинг 1 январидан ногиронлиги бўлган ишчилар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгилангани, бундай одамлар ни ишга жойлаган хусусий бандлик компанияларига 500 миллион сўмгача грант берилиши, пировардида эса яна 80 минг ногиронлиги бор одам иш билан таъминланиши ижтимоий ҳимоя ва инсонпарварликка уйғун стратегик ислоҳотларнинг бардавомлигини кафолатлайди.
Фарида МАҲКАМОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 25.12.2024, №52