
Қонун ҳужжатлари, биламизки, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Сўнгги пайтларда қонун ижодкорлиги жараёни анча кенгайди ва такомиллашди. меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сифати, ҳаётийлиги, амалиётдаги самарадорлигига оид талаблар ошди. Табиийки, бу жараён ислоҳотлар, турмуш тарзимиздаги ўзгаришлар, замонавий касб-ҳунарлар, умуман, жамиятдаги янги қараш ва тушунчалар билан бевосита боғлиқдир. Шу маънода қонунчилик ҳам бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда қатор янги моддалар билан тўлдирилади, бойитилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган қонун лойиҳаларида таклиф қилинаётган ўзгартиришлар ҳам табиий жараёнлар билан боғлиқ экани асос қилиб кўрсатилди.
45 фоиз қидирувдаги шахс Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган
Статистик маълумотлар таҳлилига кўра, сўнгги 4 йилда республика бўйича жиноят содир қилиб, тергов ва судлардан яширинган 39 038 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Уларнинг 45 фоизга яқини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетган.
Ваҳолонки, тегишли қонун ҳужжатларида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган бўлса-да Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш тартибини жорий этиш белгиланган. Бунда суриштирув, дастлабки тергов ёхуд суддан узрли сабабларсиз бўйин товлаши мумкинлигига етарли асослар мавжуд бўлганда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судларнинг қарори билан мазкур чеклов ўрнатилади.
Фракция йиғилишида айни масалага оид қўшимча ва ўзгартиришларни қамраб олган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ташаббускорларга кўра, жиноят-процессуал қонунчиликда процесс иштирокчиларининг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклашни назарда тутувчи норма мавжуд эмаслиги процесс иштирокчиларининг давлат ҳудудини тарк этиб, суриштирув, тергов ва суддан бўйин товлаб юришларига шароит яратиб бермоқда.
Бу эса, ўз навбатида, тергов ва суд жараёнларининг чўзилишига, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ўз вақтида тикланиб, одил судловни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Шу сабабли, Жиноят-процессуал кодексини шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйишни назарда тутувчи мажбурлов чораси кўрсатилган янги боб билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.
Йиғилишда кўрилаётган мазкур қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган моддаларнинг концепциясига депутатлар муносабат билдирди.
Хусусан, Фирдавс Шарипов чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш масаласи бекор қилинишига оид меъёр механизми тўлиқ очиб берилмаган, деган фикрни билдирди. Масалан, чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш суриштирув ва дастлабки тергов босқичида жиноят иши тугатилганда, суд муҳокамасида эса жиноят ишини тугатиш ҳақида ажрим чиқарилганда ёки ҳукм қонуний кучга кирганда бекор қилиниши лозим экани кўрсатиб ўтилган. Бироқ жиноят иши суриштирув тугатилмасданоқ ушбу чорага зарурат қолмаганда, суриштирувда ёки терговда кимнинг қарори ёхуд қандай ҳужжат асосида бекор қилиниши ҳақидаги тушунчага ойдинлик киритиш зарур.
Ташаббускорлар қарор, ажрим ва ҳукм асосида бекор қилинишини таъкидлади. Агар бунга қадар ҳам зарурат юзага келса, терговчи ёки прокурорда процессуал чорани бекор қилиш ҳуқуқи қонунчиликда мавжуд эканини қайд этди.
Депутат саволга берилган жавоб қонунда акс этмагани, очиқланмаганини таъкидлади. Ташаббускорлар кейинги ўқишгача таклифлар асосида тузатиш киритадиган бўлди.
Ўттиз кундан тўқсон кунга ўзгартирилади
Йиғилишда муҳокама қилинган қонун лойиҳаларидан бири «Махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзити тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ. Унга кўра, транзит рухсатномасини бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилиниши белгиланган. Шунингдек, мазкур муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатларни ҳамда узайтириш мумкин бўлган муддат чегарасини аниқ кўрсатиш назарда тутилган.
Бироқ Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш тўғрисида»ги 2002 йил 21 февралдаги қарори билан мазкур муддат йигирма кундан ошмаслиги зарурлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, Қонунда ушбу муддатни узайтиришга асос бўлувчи ҳолатлар ҳамда узайтирилиши мумкин бўлган муддат чегараси аниқ белгиланмаган.
Ташаббускорлар махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза олинган кундан эътиборан йигирма кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинишига оид ўзгаришни таклиф этмоқда. Зарур ҳолларда мазкур муддат бир ойгача узайтирилиши мумкинлигини белгилаш ҳам назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга махсус юклар ва ҳарбий таркибларнинг транзитига рухсатноманинг амал қилиш муддатини амалдаги ўттиз кундан тўқсон кунга ўзгартириш таклиф этилмоқда.
Таъкидландики, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши транзит ташувларнинг ҳажмини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, логистика тизимини ривожлантириш ва миллий қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда транспорт соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга олиб келади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, фракция аъзолари қонун лойиҳасининг концепциясини қўллаб-қувватлади.
Масъулияти чекланган жамият нимага ва қандай ҳолатда жавобгар бўлади?
Таҳлилларга кўра, амалдаги «Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида»ги қонунни янада такомиллаштириш тақозо қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, қатор ўзгартиришлар фракция йиғилишида кўриб чиқилди.
Ташаббускорларнинг фикрича, қонунчиликдаги баъзи бўшлиқларнинг тўлдирилиши жамият иштирокчилари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини янада мустаҳкамлашга, улушларнинг алдов ёки фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилишига йўл қўймаслигини таъминлашга ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.
Ўз навбатида, бу мулкдорлар синфининг янада ўсиши ва ривожланишига, хусусан, инвестиция муҳити ривожланишига, фаол хорижий инвесторларнинг мамлакатимизга кириб келишига замин яратади. Масалан, лойиҳада жамият нафақат лицензия, балки бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар ва хабардор қилиш тартибида фаолият турлари билан шуғулланиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Жамиятларнинг филиали ва ваколатхоналарини очиш ҳамда шўъба ва қарам хўжалик жамиятлари тартиблари алоҳида модда сифатида белгиланмоқда.
Шунингдек, жамият иштирокчиларига ўз корпоратив ҳуқуқларини амалга ошириш тўғрисида корпоратив шартномалар тузиш каби яна ўнга яқин ҳуқуқлари кафолатланмоқда.
Депутат Анвархон Темировга кўра, қонун лойиҳаси билан бир қатор муаммоларга қонуний чоралар белгиланмоқда. Бироқ баъзи масалаларда тушунча кенг очиб берилмаган. Масалан, лойиҳада жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига қарашли барча мол-мулк билан жавобгар бўлади, деб кўрсатилмоқда. Қандай ҳолатда, нимага нисбатан жавобгар бўлишига ойдинлик киритиш сўралди.
Ташаббускорларга кўра, жамият ва жамиятда ижро органи деган икки хил тушунча бор. Ижро органи жамият фаолиятига бевосита жавобгар ҳисобланади. Шунингдек, жамият иштирокчилари деган тушунча ҳам бор. Умумий қоидага кўра, таъсисчи жамият учун жавоб бермайди. Яъни, таъсис ҳужжатларида назарда тутилган жамиятнинг умумий мулкига жамият иштирокчилари жавобгар эмаслиги, уларининг жавобгарлик даражаси ва чегарасига оид масалада бўшлиқ бор эди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар билан бу борада жавобгар аниқ белгиланмоқда.
Ҳомийлик фаолияти ва маҳкумларга енгиллик бериш
Фракция йиғилишида тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга енгиллик беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Фракция аъзоси Зуҳра Шадиева маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги қандай мезонларга асосан тасдиқланиши ва қандай назорат қилиниши ҳақида мутасаддиларга савол билан юзланди. Қонун ташаббускорлари бу масалада республика Маъанавият ва маърифат маркази ходимларидан иборат экспертлар жамоаси жалб этилганини билдирди. Депутат холис ва профессионал мутахассислар хулоса бериши зарурлигини, жараёнда мустақил экспертлар иштирок этиши, очиқ, шаффоф тизим шакллантирилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди.
Фракция аъзоси Иба Наризова юртимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик билан шуғулланиши кенгаяётгани, лекин ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби, мезонлари қонунчиликда аниқ белгиланмагани сабабли айрим ғараз ниятли шахслар ишончга кириб, манфаатдорлик пайида бўлаётгани, бундай хабарлар ОАВда чиқиб турганини таъкидлади. Бундай муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қонун лойиҳасида таъсир чоралари назарда тутилган-тутилмаганини сўради.
Қонун ташаббускорлари лойиҳада ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олишга, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини оширишга хизмат қиладиган меъёрлар белгилаётганини маълум қилди. Депутатлар бундай ёндашувни қўллаб-қувватлашини қайд этиб, қўшимча мулоҳазаларини ҳам билдиришди.
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳалари юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Хусусан, қонун лойиҳалари ҳуқуқий муносабатларни осонлаштириши, ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиши кераклиги, тўғридан-тўғри ишлаш механизмларига эга бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаларини маъқуллаш ҳақида қарор қабул қилди.
Шунингдек, фракция йиғилиши якунида Президент томонидан ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида кўтарилган масалалар якунлари, хусусан, юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинган ишлар самарадорлиги, келгуси вазифаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов ушбу йиғилишда Президентимиз томонидан парламент ва партиялар олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлашга фаоллик билан ёндашув зарурлигини таъкидлади. Қолаверса, қабул қилинаётган қонунларда коррупцияга қарши курашишга доир янгича ёндашувлар асосида ишлаш кераклигига алоҳида урғу берилди. Ҳар ойнинг якунида депутатларнинг ўз сайлов округларига чиқишлари баробарида уларнинг соҳавий фаолиятига биноан ҳудудларда коррупциявий ҳолатлар, унинг ижтимоий сабабларини аниқлаш юзасидан ўрганишлар ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилди. Келгусидаги фаолиятни билдирилган мулоҳаза ва тавсиялар асосида олиб бориш белгиланди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 12.3.2025, №10