
Ўзбекистон ва Франция ўртасида 1992 йил март ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилган бўлса, кейинги йилларда кенг қулоч ёйди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил Францияга амалга оширган расмий ташрифи ўзаро муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берган бўлса, давлатимиз раҳбарининг 2022 йилдаги ташрифи олий даражадаги учрашув ва музокараларга бой бўлди. 2023 йилда Франция Президенти Эммануэль Макроннинг мамлакатимизга ташрифи барча соҳалардаги сиёсий мулоқот ва ҳамкорликни изчил ривожлантиришга янги суръат бағишлади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт стратегиясининг Франция раҳбарининг ислоҳотлар дастури билан яқинлиги, йирик халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда икки давлат ёндашувларининг ўхшашлиги ўзаро муносабатларнинг ривожланиб боришига замин бўлди.
Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив ва яхши қўшничилик муносабатларига эришишга қаратилган минтақавий сиёсати Франция ташқи сиёсатининг Марказий Осиё йўналишидаги интилишларига ижобий таъсир кўрсатадиган мутлақо бошқа минтақавий муҳитни яратди. Юқори даражадаги алоқалар ҳам янги ўсувчанлик касб этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи чин маънода янги тарих яратди, десак тўғри бўлади. Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида икки мамлакат етакчилари Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди.
Давлат раҳбарлари ҳузурида Мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилди. Ўзбекистон-Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация, мусиқа, кино ва театр соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида тасдиқланган декларациялар нафақат давлатлар, айни пайтда халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва дўстлик ришталарининг янада ривожланишига хизмат қилади.
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон – Франция» дўстлик гуруҳлари фаол фаолият кўрсатмоқда. Икки давлат парламентлари аъзолари ўзаро ташрифлар алмашуви доирасида парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш истиқболларини мунтазам муҳокама қиляптилар. Ўзбекистон ва Франция БМТ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам шериклар ҳисобланади.
Париж шаҳрида соғлиқни сақлаш, фан ва таълим, маданият, туризм ва бизнес соҳаларида форум ва анжуманлар ўтказилмоқда. Буларнинг барчаси Ғарбдаги асосий ҳамкорларимиздан бири – Франциянинг юртимизга билдираётган юксак ишончини кўрсатади. Президентимизнинг давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни стратегик даражага кўтариш учун мустаҳкам замин яратди.
Анваржон Нурматов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.