Оилада – оқила, жамиятда – илғор
Оилада – оқила, жамиятда – илғор

 

Анъанага кўра, нафосат ва гўзаллик айёми - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан меҳнат фаолияти ва жамоат ишларида намуна кўрсатган бир гуруҳ опа-сингилларимиз Президентимизнинг тегишли Фармонига мувофиқ давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Улар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг аъзолари ҳам бор.

 

Сўз – мукофотланганларга!

 

Гулзар МАМБЕТНИЯЗОВА,

Чимбой туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи,
“Дўстлик” ордени соҳибаси:

- Озми-кўпми меҳнатим юксак қадрланиб, “Дўстлик” орденига муносиб кўрилганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Бу мукофот менга янада куч беради, янги ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини каррасига оширади. Бор билимимни, бор кучимни юрт тараққиёти учун бағишлашга ҳаракат қиламан.

Бугун мамлакатимизда биз, аёлларга барча соҳада ўз салоҳиятимизни намоён этишимиз учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Бу эса амалда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Оилада оқила ва фидойи аёлларимиз ҳамма соҳада фаол, етакчига айланаётир. Масалан, ўтган йилги парламент сайловларида Чимбой туманидан сайланган депутатларнинг 40 фоизини аёллар ташкил этди. Олдин бундай кўрсаткич кузатилмаган. Ёки юртимиз олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун қорақалпоғистонлик ёшларга 10 мингта қўшимча квота ажратилиб, унинг 67 фоизи хотин-қизларимиз ҳиссасига тўғри келгани ғоятда қувонарли.

Давлатимиз раҳбари Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида уй-рўзғор ишлари ва фарзанд тарбиясидан ортиб, таълим олаётган, меҳнат қилаётган ва тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар замонамизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари эканини алоҳида таъкидлади. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, улар учун барча соҳаларда зарур шароитларни яратиб бериш доимо давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши қайд этилди. Бу давлат ва жамият ҳаётида ташаббускор, шижоатли аёлларимиз сафи тобора кенгайиб боришига замин ҳозирлайди. Ҳар бир аёл оиланинг, жамиятнинг таянчи, умиди, бахтидир.

 

Гавҳарой ТОЖИХОНОВА,

Марҳамат тумани «Янги ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси,
“Шуҳрат” медали соҳибаси:

- Тўғрисини айтсам, бундай эътиборни кутмаган эдим. Кўксарой қароргоҳида ўтган байрам тадбирида иштирок этиб, Президентимизнинг қўлларидан мукофот олаётган чоғимда кўнглимда ўтган ҳаяжон ва қувончни сўз билан таърифлай олмайман. Ниҳоятда мамнун бўлдим. Ундан ҳам кўпроқ масъулиятни ҳис қилдим. Бу ишончни оқлаш ва ҳамиша муносиб бўлиш учун ўз олдимга янги мақсадларни қўйдим.

Бугунги кунда мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб бормоқда. Оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояга муҳтож, оғир ижтимоий аҳволда қолган, жумладан, оилавий муаммоларга, турмушида зўравонликка дуч келган аёлларни аниқлаш, улар билан якка тартибда профилактик тадбирлар ўтказиш ва шу орқали соғлом турмуш тарзига қайтариш энг долзарб масалага айланди. Буни чуқур англаган ҳолда иш фаолиятим давомида ҳудудимиздаги ҳар бир аёл ҳаётидан, орзу-мақсадлари, ташвиш-муаммоларидан бохабар бўлишга, турли оғир вазиятларга тушиб қолган опа-сингилларимизга ёрдам қўлини чўзишга вақтимни ҳам, кучимни ҳам аямайман.

 

Ойгул ШОМУРАТОВА,

Термиз туман ободонлаштириш бошқармаси гул етиштирувчиси,
“Дўстлик” ордени соҳибаси:

- Орден билан мукофотланганимни эшитганимда хурсандлигимдан ичимга сиғмай кетдим. Неча кун ўтдики, ҳали ҳам ҳаяжоним босилгани йўқ. Бундай юксак даражада меҳнатим эътироф этилади, деб ҳеч ўйламаганман. Бу Термиз тумани ободонлаштириш бошқармасида иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай меҳнат қилаётган барча аёлларнинг ҳам ютуғи, ҳаммамизга берилган рағбатдир. Шу билан бирга юртимизда ҳар бир хотин-қизнинг ўз ўрни, қадри борлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Чиндан ҳам сўнгги йилларда биз, аёлларнинг оилада ва жамиятда ўрнимизни, мавқеимизни янада ошириш йўлида қилинаётган ишларни ҳаётимиздаги яхши ўзгаришлар, яратилаётган енгиллик ва қулайликлар мисолида кўриб-билиб турибмиз. Бундай ғамхўрлик, шароит ва имтиёзлар янги мақсадларга, янги марраларга руҳлантирмоқда.

Янгиликлар яхшиликларга уланаверсин, ҳар бир аёл бахтли, саодатли яшасин, дейман. Бунга унинг тўла ҳаққи бор.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Хуршидабону НАЗАРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 12.3.2025, №10

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш