Шу кунларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказяпти, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши ходими Назокат Машарипова. Уларда фуқароларни ўйлантираётган масалалар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Маълум бўлишича, халқ депутатлари Янгиариқ туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Ғайрат Эшметов «Килловут» маҳалласида фуқаролар қабулини ўтказди. Унда маҳалла раиси Абдулла Сапаев қатнашди ва фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатлар ечимига алоҳида эътибор қаратди.
Сайловчилар «Килловут», «Савган» маҳаллаларидан кесиб ўтган «Наврўз» каналини қазиш заруратини билдирди. Шунингдек, «Саховат» кўчасида тунги чироқлар йўқлиги турли хатарларни келтириб чиқараётгани таъкидланди. Шу сабабли тунги чироқлар ўрнатишга амалий ёрдам сўралди. Аҳоли вакиллари моддий ёрдам, бола пули масалаларида ҳам мурожаат қилди.
Учрашувда давомида билдирилган муаммо ва камчиликлар бўйича тегишли ташкилотларга депутат сўровлари чиқарилди.
Шунга ўхшаш тадбир Қўшкўпир туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Нилуфар Ибрагимова томонидан ҳам ташкил этилди. Депутатнинг Довуд маҳалласидаги учрашувлари ҳам самарали кечди.
Халқ вакили сайловчиларнинг 15 га яқин мурожаатини кўриб чиқди. Уларнинг 3 таси жойида ҳал этилди ва муддат талаб қиладиган масалалар юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, масъулларга ижро учун йўналтирилди.
Шунингдек, депутат аҳоли хонадонларининг томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатларига ҳам эътибор қаратди. Фуқароларга ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, уйларнинг теварак-атрофларини ободонлаштириш, дарахтларни оқлаш, гуллар, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш, умуман олганда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича тушунтиришлар берди.