
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Қизғин давом этган муҳокамалар чоғида депутатлар фикр билдирди, электорат манфаатларига оид масалаларда саволлар ўртага ташланди. Аксарият халқ вакиллари парламентда кўриб чиқилаётган масалалар муҳимлигини таъкидлаган бўлса-да, қарор қабул қилишда шошилмаслик кераклигига урғу берди. Моҳият чуқур ўрганилиб, ҳаётдан ажралмайдиган, воқеликлар кўлами ва ҳақиқатга яқин меъёрлардан иборат қонунлар қабул қилиниши зарурлиги таъкидланди. Зеро, парламентга кириб келаётган ҳар бир лойиҳада инсон манфаати устувор бўлмас экан, қонунлар ҳаётдан ажралиб қолиши мумкин.
Фракция ҳаволаки нормаларни танқид қилди
Кун тартибига кўра, дастлаб иккинчи ўқишда муҳокама қилинаётган қонунларга навбат берилди. Иккита ўқиш орасидаги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот олган парламент аъзолари қонун лойиҳасини моддама-модда кўриб чиқди. Табиийки, ушбу жараён ҳам қизғин савол-жавоблар билан кечди. Бироқ «Ижтимоий иш тўғрисида»ги янги қонун лойиҳаси депутатлар диққат марказида бўлди.
Айтиш керакки, аввалроқ мазкур масала Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам кўриб чиқилган эди. Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, ижтимоий аҳамияти ва амалий натижаларини чуқур таҳлил қилди.
Таъкидландики, мазкур лойиҳа аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлами учун ижтимоий иш тизимини жорий этишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, ижтимоий ишчи вазифаси, унинг мажбуриятлари, жамиятда тутган ўрни ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари билан ишлаш усуллари ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берилади. Фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳаси партия электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига кўрсатилаётган ёрдамларнинг аниқ ва манзилли бўлишида принципиал аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Қайд этилишича, эндиликда мамлакатимизда ижтимоий ходимнинг ҳуқуқий мақоми белгиланиб, уларнинг фаолияти учун муносиб шароит яратиш ҳамда қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Бу эса партия электорати муаммолари аниқланиши ва самарали ечим топишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ижтимоий хизматлар бирламчи, ихтисослашган ва юқори ихтисослашган турларга ажратилмоқда. Яъни, ижтимоий хизматлар фуқаронинг уйида, маҳалласида, ижтимоий объектларда ҳамда онлайн шаклда кўрсатилиши назарда тутилмоқда. Депутатлар ижтимоий фаолиятнинг халқимизга яқин бўлиши муҳимлигини қайд этди. Aйниқса, ногиронлиги бор шахсларга қулай ва профессионал хизмат кўрсатилишига эътибор қаратилди.
Палата мажлисида ҳам фракция аъзолари қонун лойиҳаси бўйича айрим аниқлаштирувчи саволлар ва таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.
Хусусан, ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов қонун лойиҳаси юртимизда ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга йўналтирилгани билан аҳамиятли эканига эътибор қаратди. Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилиниши натижасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидланди.
Қайд этилишича, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти йўлга қўйилгани ягона давлат сиёсатини олиб боришга хизмат қилмоқда. Муҳокама қилинган қонун лойиҳаси эса концептуал жиҳатдан бу ислоҳотларнинг янада самарали ишлашига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, қонуннинг мақсади жуда устувор бўлиб, матнига эътибор қаратилса, бир қатор камчиликларга йўл қўйилган. Шу нуқтаи назаридан танқидий жиҳатдан баъзи масалаларга эътибор қаратилди.
Биринчидан, лойиҳа матни ўқилганда ижтимоий иш тўғрисидами ёки ижтимоий ходимни қўллаб-қувватлаш ҳақидами деган иккиланиш ҳосил бўлмоқда. Қонунда аҳоли манфаатларини рўёбга чиқарадиган нормалар аниқ кўрсатилмасдан маъмурий тартиб-тамойилларни ўз ичига олмоқда. Аслида бу турдаги қонунлар ижтимоий оғир вазиятга тушган аҳоли манфаатларига ёрдам ёки ижтимоий хизмат ва улардан фойдаланиш шартларини белгилаши керак.
Иккинчидан, қонунда махсус ваколатли орган ва унинг вазифалари аниқ ёритилган. Лекин халқимиз, хусусан, электоратимизни асосан кўрсатилаётган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар қизиқтиради. Қонун лойиҳасини фракцияда муҳокама қилиш жараёнида ижтимоий ходимнинг маҳалла даражасида 100 дан ортиқ ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиши тўғрисида маълумот берилди. Аммо бу хизматлар қонунда кўрсатилмаган.
Учинчидан, асосийси ва энг муҳими, ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатиш билан боғлиқ бўлган моддаларга эътибор қаратиш зарур. Бироқ моддалар ҳаволаки тарзида баён этилган. Хусусан, 10-модда — ижтимоий иш жорий этилган муқобил шакллар; 36-модда — ижтимоий ҳимояга муҳтож оилани аниқлаш, ҳисобга олиш ва чиқариш; 38-модда — ижтимоий хизмат ва ёрдамни ижтимоий шартнома асосида кўрсатиш, шунингдек, кўплаб моддаларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, деб кўрсатилган.
Фракция фикрига кўра, бу қонун лойиҳасининг келажакда тўғридан-тўғри ишлашига шубҳа уйғотади. Шундан келиб чиқиб, иккинчи ўқишгача билдирилган эътирозлар инобатга олиниши, қонуннинг матни қайта кўриб чиқилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳолатга келтирилиши кераклиги қайд этилди.
Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита билан изчил ҳамкорлик қилиниши айтилди. Юқоридаги асосларга кўра, лойиҳа концептуал равишда қўллаб-қувватланди.
Жавобгарлик ҳамма учун баробар бўлиши керак
Ёқилғи-энергетика манбалари инсон учун сув ва ҳаводан кейин зарур бўлган энг муҳим воситалардан, ҳатто ҳаётий эҳтиёжлардан ҳисобланади. Шу боис ер юзида ушбу масалалар кун тартибининг асосий мавзулардан бири сифатида муҳокама қилиб келинади.
Масалан, ўтган йили ноябрь ойида мамлакатимизда «Минтақавий энергетика ислоҳотлари: тартибга солиш амалиётини кучайтириш» мавзуида саммит бўлиб ўтган эди. Унда мамлакатимиз, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия, Грузия экспертлари тартибга солувчи ислоҳотлар асослари, энергетика бозори динамикаси, барқарор энергияга ўтиш, саноатда рақамлаштириш ва инновациялар каби масалаларни муҳокама қилган. Бундан кўринадики, тизимдаги ислоҳотлар қонунчиликни такомиллаштириш, замонга мослаштиришни талаб этади.
Шундан келиб чиқиб, қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритиш зарурати туғилди. Палата мажлисида бу борадаги янги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Аввалроқ фракция йиғилишида ҳам «Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинганди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика соҳасини модернизация қилиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳисоб-китоб тизимини шаффофлаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Қолаверса, соҳада юзага келаётган ҳуқуқбузарликларга қарши самарали курашиш, жавобгарликни кучайтириш ва назорат механизмларини такомиллаштириш долзарб вазифалардан бирига айланган.
Бундан ташқари, ҳуқуқни қўллаш амалиёти шундан далолат бермоқдаки, тадбиркорлик субъекти томонидан электр ва иссиқлик энергиясини беҳуда сарфлаш, табиий газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилса, жавобгарликка фақат ташкилотларнинг мансабдор шахслари тортилмоқда. Бу борада ҳуқуқбузарлик содир этган якка тартибдаги тадбиркорларни эса жавобгарликка тортиш асослари белгиланмаган.
Маълумотларга қараганда, 2024 йилда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан энергияни беҳуда сарфлаш билан боғлиқ 17,6 мингта, газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 7,6 мингта ҳолат аниқланган. Бироқ амалдаги қонунчиликка мувофиқ ушбу ҳуқуқбузарликлар субъекти сифатида фақат мансабдор шахслар назарда тутилган, шу сабабли, якка тартибдаги тадбиркорларни жавобгарликка тортиш механизми мавжуд эмас.
Шу билан бирга, Ўзэнергоинспекциянинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ваколатлари қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйилмаган. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига ҳам ушбу соҳада маъмурий баённома расмийлаштириш ваколати берилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Лойиҳа билан Ўзэнергоинспекциянинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш ваколати аниқ белгиланмоқда. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига эса ёритиш учун электр энергиясидан беҳуда, хўжасизларча фойдаланиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштириш ваколатини бериш таклиф этилмоқда.
Энергия самарадорлигини таъминлаш, энергия ресурсларидан беҳуда фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган чоралар назарда тутилмоқда. Яъни, бу борадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик субъекти сифатида қайд этилмоқда. Бундан ташқари, электр энергияси, газ ва сув тармоқларига қонунга хилоф равишда уланиб, уларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Бўлиб ўтган савол-жавобларда амалдаги мавжуд жазо чораларининг нега оширилаётгани, лойиҳанинг тушунтириш хатида бунга етарлича асос келтирилмагани муҳокама қилинди. Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва тавсияларини билдирди. Лойиҳада назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволлар кўтарилди.
Қонун ташаббускорлари берилган барча саволлар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб, мазкур ҳужжат соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг профилактикасини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қонун ижодкорлари иккинчи ўқишга тайёргарлик жараёнида бугун кўтарилган масалалар юзасидан ҳамкорликда иш олиб боришини айтганидан сўнг лойиҳа қўллаб-қувватланди.
Мажлисда шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валюта ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги ҳамда «Халқаро метрик Конвенцияга (Париж, 1875 йил 20 май, 1907 йил 17 октябрдаги, 1913 йил 11 октябрдаги ва 1921 йил 6 октябрдаги ўзгартириш ва қўшимчалари билан) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги қонун лойиҳалари биринчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди. Савол-жавоблар, фикр-мулоҳазалар асосида мазкур масалалар ҳам кўпчилик овоз билан маъқулланди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 25.6.2025, №25