Давлат бюджети ижросини тўғри ташкил этиш, ҳудудлар ва соҳалар ривожига йўналтирилган маблағлар аниқ мақсадга хизмат қилишига эришиш зарур. Бу аҳолининг турмуш фаровонлиги ортишида, ўткир ижтимоий масалалар ечим топишида ва албатта, мамлакат тараққий этишида муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи кўриб чиқилаётганда депутатлар айнан ана шу масалага алоҳида эътибор қаратди.
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Қонунга кўра, Қонунчилик палатаси ҳар йили 15 майдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитади. Ҳисоб палатаси ўтган йилдаги фаолияти бўйича ҳисобот тақдим этди.
Қайд этилишича, ҳисобот йилида палата томонидан бюджет тушумлари тўлиқлигини назорат қилиш, қўшимча захираларни аниқлаш, солиқлар ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базалари ишончлилигини баҳолаш, молия ва солиқ органларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари ижроси юзасидан 2019 йилда ишчи гуруҳлар тузилиб, бевосита жойларга чиққан ҳолда 31 та ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилган ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилган.
Хусусан, бюджет тизими бюджетлари ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларга маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилиш ишлари ташкил этилган. Ҳисобот йилида ушбу йўналишдаги тизимли назорат ҳамда солиқ турлари ва ҳудудлар бўйича кунлик мониторинг ишлари давом эттирилган.
Давлат бюджетига 2019 йилда жами 112,2 трлн. сўм тушумлар таъминланиб, белгиланган 102,6 трлн. сўм прогноз кўрсаткичлари 9,5 трлн. сўмга (9%) орттириб бажарилган. Давлат бюджетига 2018 йилга нисбатан 33,1 трлн. сўм (42%) кўп тушумлар жалб қилинган.
Фракция аъзолари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда долзарб аҳамият касб этадиган маҳаллий бюджетлар билан боғлиқ ўрганишлар таҳлилига алоҳида эътибор берди.
Маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарган қисми ҳисобидан 2018 йилда ҳудудий ҳокимликлар ихтиёрида 5,4 трлн. сўм маблағ қолган бўлса, 2019 йилда маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қарийб 5,8 трлн. сўм маблағ қолдирилган. Юқоридаги кўрсаткичлар бажарилишининг барча жараёнларида Ҳисоб палатасининг бевосита иштироки таъминлангани қайд этилди.
2019 йил давомида солиқларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган 5 та давлат органларининг маълумотлар базасининг ишончлилиги аудитдан ўтказилган. Мазкур ўрганишларда соҳаларда замонавий ахборот технологияларини кенг тадбиқ этиш орқали давлат бюджетига бир йилда қарийб 2171 млрд. сўм қўшимча маблағларни жалб қилиш имконияти мавжудлиги аниқланган.
Жумладан, Адлия вазирлигида йилига ўртача 185 млрд. сўм, Автомобиль йўллари давлат қўмитасида 171 млрд. сўм, Божхона қўмитасида 508,9 млрд. сўм, Давлат статистика қўмитасида 1301 млрд. сўм ҳамда Давлат экология қўмитасида 5,5 млрд. сўм бюджет тушумларини кўпайтириш имкониятлари аниқланган.
Депутатлар бундан кейин рақамли иқтисодиёт имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали давлат ташкилотлари харажатларини камайтириб, тушумларини ошириш чораларини кўриш кераклигини алоҳида таъкидлашди.
Йиғилишда муҳокама этилган ҳар бир масала бўйича депутатлар вазирлик ва ташкилотлар ходимларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.
ХДП фракцияси Ҳисоб палатаси 2019 йилги фаолияти давомида фақат етказилган зарарларни ундириш билан чекланиб қолмасдан, аниқланган тизимли хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаганини ижобий баҳолади.
Фракция ўз таклиф ва тавсияларини берган ҳолда, Ҳисоб палатасининг 2019 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини маъқуллади.