Ходим ва иш берувчилар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асоси мустаҳкамланади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямизнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда дастлаб ходим ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларнинг ўзаро манфаатли тизимини яратиш, шунингдек, бандлик органлари ҳамда иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бандлик органларини иш берувчиларнинг ҳамкорига айлантириш, иш берувчи ва ходимлар учун қулайликлар яратиш мақсадида меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни рақамлаштириш, норасмий бандликни қисқартириш ва меҳнат муносабатларида халқаро стандартларни жорий этиш каби масалалар ўрин олган.

Фракциямиз аъзоси Анвархон Темиров қонун лойиҳаси концепциясини маъқуллаб, айрим фикрларни билдириб ўтди. Депутатга кўра, вазирлик мазкур қонун билан соҳага тегишли қонунларни тартибга солмоқда. Лойиҳага асос бўлаётган қарор ва фармонларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўзда тутилган. Шунинг учун лойиҳада аҳолининг ҳақ-ҳуқуқини, манфаатини ҳимоя қиладиган меъёрлар кўпроқ бўлиши керак эди.

Шунингдек, депутатимиз миграцияга кетмоқчи бўлиб алданиб қолаётган фуқаролардан келаётган мурожаатларга тўхталиб ўтди. Қонунда фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш Миграция агентлигига юклатилган. Лекин фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар сони бу назорат етарлича самарали эмаслигини кўрсатаётгани таъкидланди.

Ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкам бўлиши Халқ демократик партияси учун муҳим масала. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасига фракция таклифларини шакллантириш бўйича масъуллар белгиланиб, лойиҳа дастлабки тарзда маъқулланди.

Кун тартибида “Фахрийлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди.

Ҳозирги кунга қадар фахрийлар мақоми, тоифалари ва уларнинг ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимояси масалалари алоҳида тартибга солинадиган қонун ҳужжати йўқлиги лойиҳани ишлаб чиқишга асос бўлган.

Қонуннинг мақсади фахрийларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги муносиб ўрни ва обрў-эътиборини таъминлаш, шунингдек, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини белгилашдан иборат.

Депутат Фирдавс Шарипов Халқ демократик партияси электорати бўлган фахрийлар мазкур қонун лойиҳасини кутишаётганини, қолаверса, ундаги ҳаволаки меъёрлар ўрнига аниқ нормалар белгиланиши кераклигини ва шундагина бу тўғридан-тўғри ишлайдиган яхлит қонунга айланишини, акс ҳолда, таъсири камайишини таъкидлади.

Қонун лойиҳалари юзасидан бўлиб ўтган савол-жавобларда аниқ масалалар кўтарилиб, атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Якунда ҳар бир масала бўйича фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш