Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги партиямиз депутатлик гуруҳи раҳбари Мансурхон Хайруллоев “Гулистон” маҳалласида жойлашган 20 ва 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида ўрганиш олиб борди.
Ўрганиш жараёнида муассаса бино ва иншоотларининг техник ҳолати, ёнғин ва хавфсизлик талабларига мувофиқлиги, болаларнинг сифатли таълим олиши ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, амалий кўникмаларини шакллантириш учун яратилган имкониятлар батафсил кўздан кечирилди.
Хусусан, гуруҳ хоналари, ошхона, тиббиёт хонаси, санитария-гигиена ҳолати ҳамда болаларнинг овқатланиш сифати ўрганилиб, муассасада яратилган қулайликларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи гуруҳ ўрганишлар давомида аниқлаган айрим камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш масаласи ҳам муассаса масъуллари билан муҳокама қилинди. Жумладан, 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносини кенгайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.