Ижтимоий барқарорлик маҳалладан бошланади
Ижтимоий барқарорлик маҳалладан бошланади

 

Камбағалликни қисқартириш масаласи партиямизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида ўрин олган. Шунинг учун жойлардаги депутатларимиз, фидойиларимиз аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббусларни амалга оширишда бевосита иштирок этишга интилмоқда.

Мамлакатимизда 2025 йил якунларига кўра, ишсизлик даражаси 4,9 фоизга тушиб, қарийб 1,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли камбағаллик ҳолатидан чиққани, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлангани билдирилган эди.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда. Давлат раҳбари бошчилигида маҳалла тизимини рақамлаштириш ва илмий асосда ривожлантириш чоралари муҳокама қилинганда ҳам айни масалага алоҳида урғу берилди.

Хусусан, йил якунига қадар 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача тушириш мақсад қилингани таъкидланди.

Тан олиш керак, марра баланд, унга эришиш учун мутасадди барча ташкилотлар, ҳудудлардаги депутатлар астойдил ҳаракат қилиши, имкониятлардан унумли фойдаланиши зарур. Битта оиланинг мунтазам даромадга эга бўлиши у ердаги муҳитга ва кайфиятга қанчалик ижобий таъсир қилишини ҳисобга олсак, камбағалликни қисқартириш жараёнларида қатнашиш, эзгу ишларга ҳисса қўшиш бурчимиз ҳам экани аён бўлади.

Ҳар бир вазифанинг мақсади ва маблағи аниқ. Маҳаллаларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласи доимий эътиборда. Хусусан, республика бюджетидан “оғир” туман ва маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш учун 12 триллион сўм йўналтирилган. Туман ҳокимликлари ва маҳаллий кенгашлар “оғир” туман ва маҳаллалар учун қўшимча 4 триллион сўм маблағга ҳам эга бўлган.

Маҳалланинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш бўйича янги механизмлар жорий этилаётгани ҳам жуда аҳамиятли. Эндиликда маҳалла ҳудудида санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг бир қисми маҳалла бюджетларига йўналтирилиши, ер ва мол-мулк солиғидан тушадиган тушумларнинг улуши 10 фоиздан 15 фоизга оширилиши, бўш майдонларни ижарага бериш ва айрим биноларни сотишдан тушадиган маблағлар ҳам маҳаллаларнинг ўзида қолдирилиши белгиланди.

Бундай имкониятлар маҳаллаларнинг биринчи навбатда инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилади. Ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакчаларини ташкил қилиш, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, маҳалла боғларини яратиш, эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш бўйича дастурларни амалга оширишга янги туртки бўлади.

Мурожаат ва муаммоларни тезкор ҳал қилиш мақсадида 35 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари “Рақамли маҳалла” платформасига уланаётгани, ечимларни тезкор белгилаш имкони яратилиши маҳаллаларда қарорлар қабул қилиш жараёнларини янада тизимлаштиради.

Камбағалликдан ҳоли бўлган бир оилани тасаввур қилайлик. Бу биринчи навбатда оилавий муҳитни ўзгартиради. Яъни, оилада моддият билан боғлиқ низолар тугайди. Болалар тенгдошларидан кам бўлмай мактабга боради, таълим олади. Келажакка умиди, ишончи ортиб боради.

Агар бутун маҳалла “камбағалликдан холи” бўлсачи? Бундай муҳитда ўзига ишонган, билимли ёш авлод етишиб чиқади. Бу бора-бора фаол ижтимоий тенденцияга айланади. Натижада шундай оилалар, уларда тарбия топган ёшлар келажакда жамиятни барқарорлаштирувчи, тараққиётни ҳаракатлантирувчи куч бўлиб шаклланади.

Ислоҳотларнинг ҳудудлардаги самарадорлигини баҳолашда, йўл қўйилаётган камчиликларни ўз вақтида аниқлашда, тизимли муаммоларни бартараф этишда жамоатчилик, депутатлик назорати катта рол ўйнайди. Бундай таъсирчан назоратни олиб бориш парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳудудий кенгашларимиз зиммасидаги доимий вазифадир.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш