Қонунчилик палатаси депутати маҳалладаги ислоҳотлар билан танишди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Одилжон Эминов халқ депутатлари Ангор тумани Кенгашининг 10-Ат-Термизий сайлов округида бўлиб, “Ўзбекистон” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Унда халқ депутатлари Ангор тумани Кенгаши котибияти мудири Жамшид Рахимқулов ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида маҳалла еттилиги аъзолари билан ташкил этилган очиқ мулоқотда аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш ва ижтимоий муҳитни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Хусусан, маҳалла хотин-қизлар фаоли томонидан жорий йил бошида ишсиз бўлган 34 нафар хотин-қиздан бугунги кунда атиги 4 нафари иш билан таъминланмагани маълум қилинди.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган манзилли ёрдамлар ҳамда маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Маҳалланинг бугунги кунда “яшил ҳудуд” сифатида эътироф этилаётгани қайд этилди.

Мулоқот якунида аҳоли фаровонлигини янада ошириш, бандликни таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш