Коммунал соҳа, меҳнат ҳуқуқи ҳимояси – фракция эътиборида

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш, халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш каби қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Жумладан, “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 178-моддасини яроқлилик муддати ўтган ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаган товарларни реализация қилиш ҳамда сотишнинг олдини олишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан тўлдиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Унга кўра, яроқлилик муддати ўтган, шу билан бирга, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган товарларни сотганлик ҳамда сотиш учун қабул қилганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жарималар миқдорини уч бараваргача ошириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, йиғилишда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвонини таъсис этиш бўйича қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун тавсия этилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади коммунал соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, рағбатлантириш ҳамда самарадорлигини оширишдан иборат бўлиб, бундай ислоҳотлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг электорати манфаатлари учун хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилишда халқаро меҳнат стандартлари миллий қонунчиликка имплементация қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 190-сонли Конвенциясида меҳнат соҳасида тазйиқ, зўравонлик ва шаҳвоний шилқимликка қарши самарали ҳуқуқий кафолатларни жорий этиш давлатларнинг муҳим мажбуриятларидан бири сифатида белгилангани қайд этилди.

Шу сабабли ҳам Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан иш жойидаги шаҳвоний шилқимликнинг барча шаклларини қамраб олган ҳолда, уларни тақиқлашга қаратилган нормаларни миллий қонунчиликка киритиш кўзда тутилмоқда.

Мазкур қонунчилик таклифининг асосий мақсади меҳнат муносабатларида инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлигини таъминлаш экани таъкидланди.

Шунингдек, депутатлар йиғилишда ратификация қилиниши назарда тутилган қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар.

Жумладан, 2021 йил 27 ноябрда Ашхобод шаҳрида қабул қилинган “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Тоза энергия маркази уставини ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар диққат марказида бўлди.

Лойиҳага кўра, Тоза энергия маркази ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, унинг фаолияти тоза ва қайта тикланадиган энергия, сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишларда олиб олиб борилиши таъкидланди.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзоси А.Нурматов марказ фаолиятининг иқтисодиёт ва аҳоли манфаатларига тааллуқли жиҳатлари, Ўзбекистон томонига қандай мажбуриятлар юкланиши ҳақида саволлар билан мурожаат қилди.

Муҳокамалар жараёнида юзага келган саволларга мутасаддилар ва соҳа экспертлари томонидан изоҳлар берилгач, қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида кўриб чиқиш учун қўллаб-қувватланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш