Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идораларнинг мутасадди масъуллари иштирок этган йиғилишда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг жорий йил биринчи ярим йилликда бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама этилди.
Қайд этилишича, 2026 йилнинг I ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот реал ўсиш суръати 8,5 фоизга етган. Камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича тақдим этилган маълумотларга кўра, 506 минг аҳоли доимий ишга жойлаштирилиб, режага нисбатан 121 фоизга бажарилгани, 2 616 минг ёхуд 139 фоиз аҳоли даромадлари оширилиб, 546 минг, яъни 125 фоиз норасмий бандлар фаолияти легаллаштирилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, қурилиш ва бошқа қатор соҳаларда амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилгач, депутатлар Халқ демократик партияси электорати манфаатлари нуқтаи назаридан саволлар билан Ҳукумат вакилларига юзланди.
Хусусан, ҳисобот якунида фракция аъзоси З.Акрамова хорижий инвестициялар натижасида умумий ҳисобда Ўзбекистондаги 20 та туманга 200 млн АҚШ долларидан кўп сармоя кириб келганлиги, шунингдек, қиймати 1,4 млрд АҚШ долларилик 25 та лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобидан 6,9 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилганлиги айтилаётган мазкур ҳисоботдаги рақамлар аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги ишларда қай даражада ўз аксини кўрсатаётгани, ишга муҳтож одамлар, айниқса, Халқ демократик партиясининг электорати бўлган ногиронлиги бўлган шахслар бандлигига қанчалик манфаатли бўлаётгани ҳақида атрофлича маълумот беришни сўради.
Депутат Ф.Шарипов ҳисоботда Давлат дастури доирасида 436 мингдан ортиқ аҳоли бандлиги таъминлангани ва 1 минг 724 та маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилгани, ушбу банд қилинган аҳолининг қанча қисми барқарор, расмий ва кафолатланган даромад келтирадиган иш ўринлари билан таъминлангани, “Маҳаллабай” рўйхатдан ўтказилган бу фуқароларнинг кейинчалик яна ишсизлар қаторига қайтиб қолмаслиги қандай назорат қилинаётганини асослаб беришни сўради.
Фракциянинг яна бир аъзоси Қ.Қосимова ҳисобот даврида “Электрон рецепт” ахборот тизими 3 минг 227 та давлат шифохонаси, 3 минг 464 та хусусий шифохона ва 5 минг 503 та дорихонага улангани, соғлиқни сақлаш тизимининг изчиллик билан рақамлаштирилиши дори воситаларининг ноқонуний айланиши ҳамда шифокорлар ўртасидаги коррупцияни узил-кесил йўқ қилишда муҳимлигини таъкидлаб, унинг натижалари хусусида батафсил ахборот берилишини сўради.
Шунингдек, фракция аъзоси Ш.Аҳмедов Давлат дастурининг 52-мақсадида Фарғона водийси истеъмолчиларини барқарор табиий газ билан таъминлаш мақсадида Хўжаобод газни ер остида сақлаш иншооти қудуқларини таъмирлаш назарда тутилгани, ҳозирги кунда 14 та қудуқда таъмирлаш ишлари якунланиб, 2 та қудуқда жараён давом этаётгани айтиб, масъуллардан батафсил изоҳ сўради.
Депутат А.Темиров эса ҳисобот тўғрисида ўз муносабатини билдириб, келгусида келтириладиган маълумотларни янада аниқ бериш, айрим ўринларда қайд этилган статистик рақамларнинг ўзаро мутаносиблигига жиддий эътибор қаратишни таклиф этди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш якунида Ҳукумат ҳисоботи фракция аъзолари томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ва партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб, қўллаб-қувватланди.