Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан Шуманай туманида “Сиёсатдаги ёшлар” интеллектуал турнири ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги байрами арафасида ташкил этилган турнирда ёшларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Иштирокчилар 2 та шарт асосида ўз билимларини синовдан ўтказди.
“Тезкор савол-жавоб” шартида иштирокчилар давлат бошқаруви ва сиёсий жараёнларга оид саволларга тез ва аниқ жавоб бериб, билим ва тез фикрлаш қобилиятларини намойиш этди. “Мулоҳаза ва мантиқий таҳлил” шартида эса жамоа сардорлари ҳакамлар ҳайъати томонидан тайёрланган саволлардан бирини танлаб, жамоаси билан биргаликда жавоб берди.
Турнир якунида “Бирлашган иттифоқ” жамоаси биринчи, “33-мактаб” жамоаси иккинчи, “Лидерлар” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан тайёрланган махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир якунида партия сафига янги қабул қилинган ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.