Ҳамжиҳат халқимизнинг муҳташам байрами
Ҳамжиҳат халқимизнинг муҳташам байрами

 

Мустақиллик халқимизнинг жипслиги ва ҳамжиҳатлигини янада оширадиган энг улуғ, энг азиз байрамга айланганига кечаги тантаналарда яна бир бор гувоҳ бўлдик. Байрам дастуридаги улуғвор ва жўшқин чиқишлар ғурур ва ифтихорни оширди. “Янги Тошкент” ҳудудида қад ростлаган муҳташам майдонда янграган тарихий фикр ва янги ташаббуслар халқимиз куч-қудрати, бунёдкорлик салоҳиятининг ҳаётий намоёни бўлди.

Президентнинг Мустақиллигимиз 35 йиллик айёмидаги нутқи байрам табригигина эмас, яқин йиллар учун ҳаётий дастур бўлди. Нутқда одамларнинг розилиги, кучли ижтимоий ҳимоя ва инсон қадри энг олий ўринга қўйилди. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг бош мақсади бўлган ижтимоий ҳимоя ва барқарорлик, тенглик тамойиллари бугун мамлакатимизда давлат сиёсатининг бош мезонларидан бирига айланганини яна бир бор қатъий исботлади.

Энг муҳими, келгуси ўн йилликда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилайдиган 7 та миллий дастур ҳақида эълон қилинди. Ушбу дастурлар партиямиз электорати ва ғояларига айни мувофиқ келади.

Биринчидан, халқимизнинг соғлом бўлиши ва тиббий суғуртани ҳар бир хонадонга киритиш дастури партиямиз йиллар давомида курашиб келаётган «ҳар бир инсон учун сифатли ва бепул тиббиёт» тамойилини ҳаётимизга изчил олиб киради.

Иккинчидан, маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш ташаббуси маҳаллий бюджет ва лойиҳаларни юқоридан эмас, айнан оддий одамлар, эҳтиёжманд оилаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб тақсимлаш имконини беради. Бу биз ҳимоя қилаётган ижтимоий тенглик, шунингдек, давлатнинг халқимиз олдидаги масъулиятини янада ошириш ғоялари рўёбининг асл ифодаси бўлади.

Давлат раҳбари 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 10 минг доллардан ошириш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш вазифасини қўйди.

Бу рақамлар ортида юз минглаб оилаларнинг фаровонлиги, ёшларимизнинг муносиб иш билан таъминланиши турибди. Иқтисодий ўсиш билан бирга ижтимоий уй-жойлар қурилиши ва ижтимоий хизматлар сифатининг оширилиши Халқ демократик партияси аъзолари ва хайрихоҳлари фаол қўллаб-қувватлайдиган катта қадамдир.

«Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!», деган эзгу ғоя атрофида юртдошларимиз, халқимиз жипс экан, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, керак бўлса, ҳам сиёсий жиҳатдан эртага, албатта, янада қудратлироқ бўламиз. Парламентдаги ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, фаоллар ва фидойиларимиз билан бирга халқимиз манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш