Ўзбекистон–Жанубий Корея стратегик ҳамкорлиги амалий натижалар билан бойимоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат муносабатларида муҳим воқеа бўлди. Ташриф давомида сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, илғор технологияларни жалб этиш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Учрашувларда Ўзбекистон–Корея алоҳида стратегик шериклигини янада ривожлантириш, икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ўртасида муҳим соҳаларни қамраб олган кенг кўламли ҳужжатлар тўплами имзолангани ҳам айниқса долзарбдир.
Бугунги кунда Корея Республикаси юқори технологиялар, инновациялар, рақамли иқтисодиёт ва замонавий саноат соҳаларида катта тажрибага эга давлатлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон учун эса ушбу тажрибадан самарали фойдаланиш, технологик янгиланиш жараёнларини тезлаштириш ва инсон капиталини ривожлантириш муҳим стратегик вазифалардан ҳисобланади.
Шу маънода, ташриф доирасида сунъий интеллект, рақамли трансформация, инновациялар ва замонавий ишлаб чиқариш технологияларига алоҳида эътибор қаратилгани эътиборга молик. Бу жараёнлар келгусида Ўзбекистонда янги технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринларини яратиш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш учун замин яратиши мумкин.
Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар билан учрашувда ҳам билим, тажриба ва касбий кўникмаларни Ўзбекистон тараққиётига йўналтириш масаласига эътибор қаратилди. Президент ватандошларимизнинг хорижда эгаллаётган замонавий билим ва тажрибалари келгусида мамлакатимиз ривожига хизмат қилиши муҳимлигини таъкидлади. Бу ёндашув инсон капиталини тараққиётнинг асосий ресурси сифатида кўриш тамойилининг амалий ифодасидир.
Давлат ташрифининг яна бир муҳим воқеаси Сеул шаҳрида биринчи «Марказий Осиё – Корея Республикаси» саммитининг ўтказилганидир. Саммитда Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё ва Корея ўртасидаги ҳамкорликни узоқ муддатли ва тизимли асосда ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, муҳим минераллар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш каби йўналишларга эътибор қаратилди. Ўзбекистон томонидан «Марказий Осиё – Корея: жадал ривожланиш йўлидаги ҳамкорлик» концептуал қарашини ишлаб чиқиш таклифи билдирилгани ҳам саммитнинг муҳим натижаларидан бири бўлди. Бу ташаббус минтақа мамлакатларининг мавжуд салоҳиятини Кореянинг технология, инвестиция ва инновацион имкониятлари билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.
Шокиржон Аҳмедов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.