Ўзбекистон — Жанубий Корея: халқимиз фаровонлигига қаратилган муҳим ташаббуслар
Ўзбекистон — Жанубий Корея: халқимиз фаровонлигига қаратилган муҳим ташаббуслар

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига давлат ташрифи нафақат икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда, балки бутун Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда тарихий аҳамиятга эга бўлади.

Биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида сўзланган нутқда кўп миллатли Марказий Осиё оиласининг ажралмас қисмига айланган корейс диаспораси халқларимизнинг бирдамлиги ва ўзаро ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин мисоли эканлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда халқаро майдонда Марказий Осиё минтақасини яхлит бир макон, бир оиладай қабул қилиш урфга кирди. Бунинг яққол исботи сифатида жаҳон саҳнидаги энг йирик давлатларнинг “Марказий Осиё плюс” форматидаги мулоқотларини муттасил ўтказиб келаётганида кўришимиз мумкин. “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммити ҳам ана шундай олий даражадаги мулоқотлардан биридир.

Ўзбекистон Президенти саммитда минтақаларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маъданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, бугунги замонавий дунёдаги глобал ўзгаришлар суръати давлатларнинг унга мослашиш имкониятидан тобора илгарилаб кетаётгани, сунъий интеллект меҳнат бозори ва бутун бошли саноат тармоқларини ўзгартираётгани, бундан ташқари таълим, инфратузилма, технология ва инсон капиталига нисбатан янги талаблар пайдо бўлаётгани айтилди.

Тан олайлик, бугун дунёда ўзгаришлар жуда тез кечмоқда. Айниқса, сунъий интеллект, глобал иқтисодиёт ва меҳнат бозорига катта таъсир кўрсатмоқда. Илгари инсон бажарган айрим ишлар автоматлаштирилиб, ишсиз қолаётган инсонлар сони ўсаётгани билан бир қаторда янги касблар ҳам пайдо бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, таълим тизими замонавий касбларга мос кадрлар тайёрлаши, инфратузилма янги технологияларга мослашиши, инсонлар эса янги билим ва кўникмаларни эгаллаши давр талабига айланиб улгурди.

Шу нуқтаи назардан, ҳар бир давлат учун асосий вазифа ўзгаришларни кузатиб бориш эмас, балки уларга олдиндан тайёргарлик кўришдан иборат. Бу йўлда инсон капиталига сармоя киритиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки технология қанчалик ривожланмасин, уни яратадиган, бошқарадиган ва жамият манфаати йўлида қўллайдиган асосий куч инсон бўлиб қолади. Шу боис ёшларни замонавий билим ва касбларга ўргатиш долзарб вазифадир.

Бундан ташқари, технологик тараққиётнинг самараси жамиятнинг барча қатламларига бирдек етиб бориши муҳим. Яъни, ижтимоий тенглик нуқтаи назаридан энг чекка қишлоқларда яшайдиган аҳоли вакиллари ҳам янги касб эгаллаши ва замонавий меҳнат бозорига кириши учун шароит яратилиши давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиши керак.

Нутқда ёш авлод илғор билимлар, кўникмалар ва халқаро тажрибадан фойдаланиш имконига эга бўлиб, келгусида замонавий технологик иқтисодиётнинг бир қисмига айланиши жуда муҳимлигига тўхталиб ўтилди. Шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантириш таклиф этилди. Ушбу ҳамкорлик “буюртма – ўқитиш – бандлик” деган аниқ тамойилга асосланиши кераклигига урғу берилди.

Бундай ёндашув, аввало, ёшларнинг таълим олиш ва муносиб касб эгаллаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун сифатли таълим, замонавий касб-ҳунар ва меҳнат бозори талаб қилаётган кўникмаларни эгаллаш имконияти янада кенгаяди, дегани. Зеро, инсон капиталига киритилган сармоя нафақат иқтисодий тараққиётга шу билан бирга ижтимоий барқарорлик ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишнинг муҳим омилидир.

“Буюртма – ўқитиш – бандлик” тамойилининг амалиётга самарали жорий этилиши учун биринчи навбатда таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур. Яъни, ёшлар  иш берувчиларнинг буюртмаси билан аниқ касб ва реал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликка эга бўлиши керак.

Корея Республикасига ташриф ҳамда биринчи тарихий саммит натижасида эришиладиган кўрсаткичлар халқимизга ва яқин ҳамкорларимизга катта манфаатлар келтириши шубҳасиз.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш