Узлуксиз таълим — юксак салоҳият ва тараққиёт пойдевори
Узлуксиз таълим — юксак салоҳият ва тараққиёт пойдевори

 

Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида “инсон капитали” давлатнинг энг олий ва стратегик ресурсига айланиб бормоқда. Мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсади қўйилган бир даврда, таълим тизимининг барча босқичлари ўртасидаги узвийлик ва ҳамоҳангликни таъминлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Мактабгача, мактаб, касб-ҳунар, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда қўшимча таълим йўналишларини бирлаштирган Таълим ва илм-фан вазирлигининг ташкил этилиши, шубҳасиз, таълимнинг барча босқичларини ягона тизим асосида бошқариш имконини беради. Бу орқали боғчадан бошланган таълим жараёни мактаб, касб-ҳунар, олий таълим, илм-фан ва касбий ривожланиш босқичлари билан узвий боғланади.

Энг муҳими, бу ўзгариш таълимнинг барча босқичларини ягона мақсад атрофида бирлаштиради. Бунда ҳар бир таълим босқичи кейинги қадам учун пойдевор бўлиб, инсоннинг билим ва салоҳияти изчил ривожланиб боради. Илм-фан ютуқлари таълим ва амалиёт билан яқинлашади, таълим эса меҳнат бозори талабларига мослашади.

Ҳозирги кунга қадар таълим соҳасини бошқариш бир нечта вазирлик ва идоралар ўртасида бўлинган эди. Бу эса таълимнинг бир босқичидан иккинчисига ўтишда узвийликни таъминлаш, ягона ёндашувни шакллантириш ва самарали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишда айрим муаммоларни келтириб чиқарди.

Жумладан, таълимнинг турли босқичлари ўртасида етарли даражада узвийлик таъминланмаган. Масалан, боғча, мактаб ва олий таълим дастурлари ўртасида етарли уйғунлик бўлмагани сабабли, ўқувчилар бир босқичдан бошқасига ўтишда янги талаб ва муҳитга мослашишда қийинчиликларга дуч келган.

Мавжуд ресурслар тарқоқ ҳолда бошқарилди. Молиявий ва моддий-техник имкониятлар, энг муҳими, интеллектуал салоҳият турли вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимлангани улардан самарали ва бир мақсад йўлида фойдаланишни қийинлаштирди. Шунингдек, илм-фан ва таълим ўртасидаги боғлиқликни янада кучайтириш зарур. Илмий тадқиқотлар натижалари фақат илмий доирада қолиб кетмасдан, мактаб ва касбий таълим жараёнида ҳам қўлланилиши керак.

Мазкур жараёнда Таълим ва илм-фан вазирлигининг ташкил этилиши инсонга бутун умри давомида таълим олиш ва ривожланиш имконини яратади. Чунки бу тизимда инсон туғилганидан бошлаб, бутун ҳаёти давомида узлуксиз ривожланиш имкониятига эга бўлади. Мактабгача таълимдан тортиб кадрларни қайта тайёрлашгача бўлган барча босқичларда ягона миллий стандартлар, ўқитиш методологияси ва баҳолаш тизими жорий этилади.

Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, таълим ва илм-фаннинг ягона вазирлик қошида бирлаштирилиши юқори иқтисодий ва ижтимоий самара беради. Масалан, Жанубий Кореяда таълим, фан ва технологиялар вазирлиги мамлакатни қисқа муддатда технологик етакчига айлантирган. Улар боғча ёшидан бошлаб то юқори технологик илмий тадқиқотларгача бўлган жараённи ягона марказдан бошқаради.

Дунёдаги энг илғор таълим тизимига эга мамлакат — Финляндияда эса таълим ва маданият вазирлиги барча босқичларни, жумладан, норасмий ва катталар таълимини ҳам мувофиқлаштиради. Германияда ҳам илм-фан ва олий таълим, шунингдек, умумий таълим тизими ўзаро чамбарчас стратегик алоқада фаолият юритади. Бу эса фундаментал фаннинг таълим билан интеграциясини кучайтиради.

Шу нуқтаи назардан айтганда, янги вазирлик болаларни боғча ёшиданоқ мантиқий фикрлаш ва ижтимоий кўникмаларга ўргатиш, миллий ўқув дастурини халқаро стандартлар (ПИСА, ТИМСС) асосида мукаммаллаштириш, ўқувчиларда танқидий фикрлаш ва “софт skills” (юмшоқ кўникмалар)ни шакллантириш, олий таълим муассасалари ва техникумларни меҳнат бозори талабларига мослаштириш, дуал таълим тизимини кенгайтириш, олий таълим сифатини ошириш ва халқаро рейтингларга киришини таъминлашга масъул бўлади.

Вазирлик, шунингдек, илмий даражали кадрлар тайёрлаш тизимини шаффофлаштириш, педагоглар ва соҳа мутахассисларининг малака ошириш тизимини рақамлаштириш, анъанавий шаклдан воз кечиб, кредит-модуль тизимига тўлиқ ўтиш, IТ академиялар, хусусий курслар ва масофавий таълим платформалари орқали олинган билимларни “валидация” қилиш ва қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратади.

Янги вазирликнинг ташкил этилиши оддий ташкилий ўзгариш эмас, балки таълимни ягона тизимга бирлаштириш, унинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлаш ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Зотан, бу ислоҳот таълим тизимидаги тарқоқликка барҳам бериб, ҳар бир фуқаронинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Одилжон ИМИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш