Алифбони қўллаш янада қулайлашади
Алифбони қўллаш янада қулайлашади

 

Ўзбек алифбосини такомиллашиши ёзувимизни тартибга солиш, давлат тилидан фойдаланишни янада қулайлаштириш йўлида муҳим қадамдир.

Бу масала кўп йиллардан буён жамоатчилик муҳокамасида бўлиб келаётган эди. Амалдаги алифбодаги айрим ҳарфлар, хусусан, икки ҳарфдан иборат бирикмалар ёзиш ва ўқиш жараёнида муайян ноқулайликларни келтириб чиқарарди. Айниқса, телефон ва компьютерда матн териш, электрон ахборотни қидириш ҳамда маълумот алмашишда турли техник қийинчиликларга дуч келинарди.

Масалан, ёшларимиз ўртасида хабар ёзишда “Ш” ўрнига “W”, “Ч” ўрнига эса “4” каби рақам ва бегона белгилардан фойдаланиш ҳолатлари учраб турарди. Бундай ҳолатлар, амалдаги алифбодаги айрим ҳарф ва ҳарф бирикмаларининг кундалик рақамли мулоқотда ноқулайлик туғдириши билан боғлиқ эди. Оқибатда, ёзувда турли хил ёндашувлар пайдо бўлиб, имло қоидаларига риоя қилиш ва ёзув маданиятини сақлаш қийинлашарди.

Шу боис, барча учун тушунарли, қулай ва бир хил қўлланадиган ёзув тизимига эҳтиёж аллақачон юзага келган эди.

Бугун биз рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган даврда яшаяпмиз. Мулоқот, ҳужжатлар ва ахборот алмашинувининг катта қисми электрон шаклда амалга оширилмоқда. Бундай шароитда алифбонинг замонавий талабларга мос бўлиши жуда муҳим. Такомиллаштирилган алифбо матн теришни соддалаштириш, ахборотни излаш ва алмашишдаги айрим техник ноқулайликларни бартараф этиш, ёзувда бир хилликни таъминлашга хизмат қилади.

Энг муҳими, бу ўзгаришлар фарзандларимизнинг таълими, аҳоли, айниқса, ёшларнинг саводхонлигини ошириш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Алифбо қанчалик аниқ, изчил ва қулай бўлса, уни ўрганиш ва амалда қўллаш ҳам шунчалик осонлашади. Бу болаларнинг савод чиқаришига, ўқитувчиларнинг таълим бериш жараёнига, ёшларимизнинг эса ўз она тилида тўғри, равон ва эркин ёзиш кўникмаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси она тилимизни асраб-авайлаш, уни замон талабларига мос равишда ривожлантириш, давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди.

 

Аброр Қурбонов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

раис ўринбосари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш