2017 йилнинг бошида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини таклиф этар экан, халқ билан биргаликда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак мақсадни кўзлаганди.
Стратегиянинг бешта йўналиши бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва бир-бирини тақозо этади. 2021 йилгача бўлган муддатда белгиланган вазифаларни баравар бажаришгина қўйилган мақсадга муваффақиятли эришишни кафолатлайди.
Маълумки, вакиллик ҳокимияти шаклланишида иштирок этиш ва депутатлар орқали ижро ҳокимияти органларининг фаолиятига таъсир кўрсатиш фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидир. Лекин уларнинг хоҳиш-иродаси шулар билан чекланиб қолмаслиги керак.
Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида жамоатчилик бошқарувининг роли сезиларли даражада ошмоқда. Мамлакатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллайдиган Мурожаатномаларида бу муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилади.
Кейинги йилларда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунларнинг қабул қилиниши жамоатчилик бошқарувининг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бу жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга ёрдам берди.
Президентимизнинг қабул қилган қатор фармон ва қарорлари асосида жамоатчилик назоратини ўрнатишда фуқаролик жамияти институтлари ва бевосита фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар амалга оширилди.
2020 йилнинг 11 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида фуқаролик жамияти институтлари фаоллаштирилишига қарамай, уларнинг аксарияти, айниқса, нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти расмиятчиликдан иборат бўлиб қолаётгани, улар фуқаролар иштироки ва фуқаролар ташаббусини ривожлантиришга етарлича таъсир кўрсатмаётгани қайд этилди.
Бу ҳолат жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида яқин ҳамкорликка асос бўлувчи принципиал жиҳатдан янги жамоатчилик институтларини шакллантириш зарурати пайдо бўлди. Президентимизнинг 2020 йил 16 апрелдаги фармонига асосан ташкил этилаётган Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатаси ана шундай муҳим институтлардан бирига айланиши кутилмоқда.
Ўзига хос янги вакиллик органи сифатида ташкил этилаётган Жамоатчилик палатаси ҳамда ҳудудий жамоатчилик палаталари жамият ривожига ҳисса қўшган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган фуқаролар орасидан шакллантирилади.
Палатага муҳим ваколатлар берилди, шу билан бирга, янгича процессуал механизмлар жорий этилиши кўзда тутилди.
Биринчидан, жорий йилнинг ўзида парламент палаталарида Жамоатчилик палатаси томонидан жамоатчилик учун долзарб бўлган масалалар юзасидан ўтказилган ўрганиш ва таҳлил натижаларини ҳар чоракда парламент палаталарида кўриб чиқиш амалиёти жорий этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашларида ҳудудий жамоатчилик палаталари томонидан ўрганилган муҳим масалалар бўйича ҳам шундай амалиёт йўлга қўйилади.
Иккинчидан, Жамоатчилик палатаси жамоатчилик назоратини амалга оширишда парламент билан бир даражага кўтарилади.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта долзарб масалаларга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Жамоатчилик палатасига кўриб чиқиш учун юборилиши тартиби жорий этилиши натижасида Жамоатчилик палатаси норма ижодкорлиги жараёнининг бевосита иштирокчисига айланади.
Тўртинчидан, Жамоатчилик палатасига давлат органлари ҳузурида ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилотларга нисбатан мувофиқлаштирувчи вазифасининг берилиши жамоатчилик бошқаруви таъсирчанлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ўз фаолиятини нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақиллиги ва улар фаолиятига аралашмаслик принципларига қатъий риоя қилган ҳолда, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга ошириши ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Жамоатчилик палатаси фаолияти мазмун-моҳияти, унга муҳим ваколатлар берилиши Халқ демократик партиясининг асосий ғоялари ва дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигини алоҳида таъкидлаш зарур. Жамоатчилик фикри ва таклифлари палата орқали давлат бошқарувининг энг юқори органларига олиб чиқилиши жойларда ижтимоий масалалар самарали ҳал этилишига хизмат қилади.
“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори”, деган ғоя рўёбга чиқиши учун янги механизм яратилиши мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштиришга, давлат ва жамият ҳаёти билан боғлиқ долзарб масалаларда қарорлар қабул қилишда нодавлат ташкилотларнинг таъсир кучи ошишига асос бўлади.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси раҳбари.