“Истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга
“Истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга

Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида навбатдаги видеомулоқот ўтказилди.

Кам таъминланганлик даражасини белгилаш мезонлари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида ташкил этилган тадбирда партиянинг марказий, минтақавий кенгашлари масъул ходимлари, парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари, экспертлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий ҳаётни яхшилаш бўйича юртимизда долзарб ислоҳотлар амалга оширилаётгани видеомулоқотда алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, аҳоли ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ, Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга бўлган долзарб масалаларда ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.

Шунинг учун партия кўпчиликни ўйлантириб келаётган, мамлакатимиздаги долзарб ижтимоий масалаларга эътиборни кучайтирди. Хусусан, охирги пайтларда кўплаб тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган масала “кам таъминланганлик” даражасини белгилаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Оқибатда ижтимоий нафақаларни белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш жараёнларида қатор чалкашликлар кузатиляпти.

Бу масалада халқаро амалиётни ўрганиш, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси каби меъёрларни мамлакатимиз қонунчилигида мустаҳкамлаш долзарб масалага айланган.

Айтиш керакки, яшаш минимуми кўрсаткичлари давлат томонидан ижтимоий сиёсат юритишда қўлланилади, – деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов. – Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини баҳолаш учун яшаш минимумидан паст, тенг ва юқори даромадли аҳоли салмоғи аниқланади. Шу асосда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш учун аниқ етиб борадиган манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Энг кам иш ҳақи, ижтимоий нафақа ва пенсиялар миқдорини асослашда фойдаланиладиган ушбу кўрсаткич кам таъминланганлик мезони ҳамдир.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, жумладан, кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан амалга оширилади. Низомга кўра, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари 3 йўналишда олиб борилмоқда. Яъни, булар – 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа тайинлаш, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа тайинлаш ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартибини назарда тутади.

Аммо амалдаги низомда кам таъминланганлик, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожликни аниқлашда қатор англашилмовчилик ва тушунмовчиликлар кузатиляпти.

Бу муаммони бартараф этиш учун қонунчиликни мустаҳкамлаш зарур. Масалан, ҳақиқатдан эҳтиёжманд ва давлат кўмагига муҳтож бўлган кам таъминланган, жумладан, объектив сабабларга кўра оиланинг биринчи навбатдаги эҳтиёжларини таъминлай олмайдиган кам даромадли оилалар ва ёлғиз фуқаролар, балоғатга етмаган болалари бўлган кўп болали оилалар, боқувчиси ногирон ёки меҳнат қобилиятини қисман йўқотган сурункали касал оилалар, вақтинча ишсизларнинг оилалари, ёлғиз пенсионерлар ва бошқа ўта муҳтож оилаларни аниқлаш, уларга нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш, вақтинчалик яшаш жойи бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш тартибини белгилашда қулайликлар назарда тутувчи меъёрлар киритиш зарурати пайдо бўлган.

Видеомулоқотда шу йўналишдаги муаммолар ва уларга ечим топиш масалалари парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, мутасадди вазирликлар вакиллари иштирокида атрофлича муҳокама этилди. Истеъмол саватчасининг минимал миқдори ва яшаш минимумини ҳисоблаш: Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси, Озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати ва уларни истеъмол қилишнинг кунлик ўртача минимал тиббий меъёрлари тўғрисида маърузалар тингланди.

Халқ демократик партияси фаоллари ва депутатлар долзарб ижтимоий масалалар юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.

Йиғилишда, шунингдек, мутахассислар истеъмол саватида минимал озиқ-овқат савати муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлашди. Минимал истеъмол саватини белгилаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” асосида даромадларни аниқлаш йўли билан таъминланади. Халқаро тажрибада “яшаш минимуми” - одам организми нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш ва унинг саломатлигини сақлаш учун етарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламининг, шунингдек, шахснинг асосий ижтимоий ва маданий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлари минимал тўпламининг қиймат миқдори ҳисобланади. “Истеъмол саватчаси” эса одам ёки оиланинг ойлик (йиллик) эҳтиёжининг одатий даражаси ва тузилмасини тавсифловчи товарларнинг ҳисобланадиган намунавий тўпламидир.

Истеъмол саватчаси”ни жорий қилиш бугунги кунда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда меҳнатга ҳақ тўлашнинг минимал чегараларини белгилашда энг долзарб масала ҳисобланади.

Аҳолининг минимал ижтимоий стандартларини ошириб бориш, энг кам миқдордаги ижтимоий стандартларни ишлаб чиқиш, яшаш учун керак бўлган маблағнинг энг кам миқдорини аниқлаш тизимини жорий этиш масалалари катта аҳамиятга эга.

Қолаверса, «истеъмол савати»ни белгилашда иссиқ ёки совуқ табиий-иқлим шароити, аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар истеъмол қилинишидаги миллий анъаналар, маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунинг учун Халқ демократик партияси инсон саломатлигини сақлаш, унинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг намунавий минимал турлари рўйхатини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни ўрганмоқда.

Видеомулоқотда муҳокама этилган масалалар бўйича олдинда турган вазифалар аниқ белгилаб олинди.

Аввало, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳамда уларни қўллаш тартиби юзасидан халқаро амалиётни чуқур ўрганиб чиқиш бўйича мутахассислар, олим ва экспертлардан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади. Гуруҳ аъзолари
халқаро амалиётни ўрганиб, таклиф ва хулосаларини тайёрлайди. Шу асосда Халқ демократик партиясининг аниқ позицияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси билан боғлиқ меъёрларни қонун даражасида мустаҳкамлаб, амалиётга жорий этиш вазифасини партиянинг янги Сайловолди дастурига киритиш, иккита муҳим йўналишда “Яшаш минимуми тўғрисида” ва “Истеъмол саватчаси тўғрисида” қонун лойиҳалари концепцияларини тайёрлаш масаласи кўрилади.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Тошкент
← Рўйхатга қайтиш