Ўрол ЎРОЗБОЕВ, ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши раиси:
— Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим ўрин тутади. Айниқса, аёлларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи долзарб аҳамиятга эга.
2018 йилнинг март ойидаги маълумотларга кўра, сайёрамиз аҳолисининг 49.7%ини аёллар ташкил этади. Тадқиқотларга кўра, дунёдаги аёлларнинг 35%и ҳаёти мобайнида камситилган. Яъни ҳар уч аёлдан бири зўравонликка учрайди. Кенияда деярли ҳар ҳафта камида бир аёл эри томонидан, замбияда 5 аёл эри ёки яқин қариндоши томонидан ўлдирилади. АҚШда ҳар 15 сонияда бир аёл калтакланади, ҳар 90 сонияда бир аёл зўрланади. Бангладешдаги қотилликнинг 50%и эри томонидан ўлдирилган аёллардир. Буюк Британияда ҳар ҳафтада камида 2 аёл эри ёки жазмани томонидан ўлдирилади. Франсияда ҳар йили 25 минг, жанубий Африкада ҳар куни 147 нафар хотин қиз зўрланади. Бу фактлар эса бугун дунёда хотин қизларни зўрлаш ва хўрлаш каби ҳолатларнинг қай даражада эканлигидан далолат беради.
Охирги вақтларда аёлларни хўрлаш, уларга тазйиқ ўтказиш ва уларни камситилиш ҳолатларига тез тез гувоҳ бўлаяпмиз. Узоққа бормайлик. Фикримизнинг исботи сифатида бу каби ҳолатларга юртимизда истиқомат қиладиган, хорижга кетган хотинига аччиқ қилиб, 4 ёшли қизчани урган собиқ ИИБ ходими яъни қизнинг ўз отасини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Хотин-қизларимиз тазйиқ ва зўравонликка учраётган бундай ҳолатларни тез-тез учратяпмиз.
Тўғри, қонунчилигимизга кўра, шахсга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш жиноий жазоланадиган қилмишга киради. Лекин шундай бўлса-да, ҳаётда аёлларга нисбатан, айниқса, оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик ҳолларига ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа давлат органлари томонидан етарлича эътибор берилмаётгани кўп учрамоқда. Шунинг учун руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳамда тазйиқ учун жавобгарликни қонунчилик йўли билан тартибга солиш талаб этилаётган эди.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва ғояси асосида илк маротаба ишлаб чиқилган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ана шу муаммоларга барҳам беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ушбу қонун шу йилнинг 2 сентябрь куни Президент томонидан имзоланди.
Қонунга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи содир этилган зўравонлик ёки таҳдид ҳақида тегишли органларга ёхуд судга мурожаат этиш, бепул ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш каби ҳуқуқларга эга. Бунда жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Қонунда хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар кўрсатиб ўтилган. Мазкур органлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини унга тушунарли тилда ҳимоя механизмлари, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар турлари тўғрисидаги ахборот билан таништириши шарт.
Хусусан, ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.
Умуман олганда, қонун жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу орқали тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизми қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Албатта, у давлат ёки жамоат ташкилоти бўладими, хотин-қизларга эътибор, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳар доим барча саъй-ҳаракатларнинг марказида бўлиши керак, деб ўйлайман. Чунки аёлга эътибор, жамиятга эътибор дегани. Ушбу қонун орқали ожиза бўлган аёлларни хўрлаш, уларни ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи қонунан мустаҳкамланди. Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий маслаҳат, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш имкониятлари янада кенгайди. Энг муҳими, жамият таянчи бўлган аёллар энди камситилмайди, улар турли тазйиқларга учрашининг олди олинади.