Коррупция тарихий-ижтимоий муҳит ва бошқа кўплаб омиллар сабабли ҳар хил жамиятларда турлича томир отади. Унинг оқибатлари ҳамма жойда бир-бирига ўхшайди, лекин томир қандайлиги ва қаердалигига қараб, чора-тадбир қилинса, кураш самарали кечади.
Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ муаммо жуда чуқур ва йиллар давомида шаклланиб келган. Унга қарши курашиш учун муаммоли ҳолатларни, қонунларни, давлат идоралари фаолиятини тизимли таҳлил қилиш зарур. Бу борада “бугун бошлаб, эртагаёқ тугатамиз” қабилида иш тутиш ярамайди.
Давлатимиз раҳбари парламентга учинчи Мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлаётганини айтиб, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашувчи мустақил органни ташкил қилиш масаласини илгари сурган эди.
Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши шу ташаббусни амалга оширишда муҳим қадам бўлади.
Фармон билан ташкил этилаётган Коррупцияга қарши курашиш агентлигига коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида бир қатор ваколатлар берилди.
Хусусан, агентлик бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш ҳуқуқига эга экани белгиланди.
Таъқидлаш жоизки, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бизнинг шароитда ўта муҳим. Бу жараёнда манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлиб, маблағ эгаси (мансабдор шахс) ва маблағ олувчининг муносабатлари шаффофлиги таъминлаш, коррупциядан ҳоли бўлган муносабатларни шакллантириш, доимий ва тизимли назорат ўрнатиш талаб этилади.
Агентликка юклатилган бошқа вазифалар асносида мамалкатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида янги замонавий усулларни қўллаш, чуқур таҳлилларга асосланган тизимни яратиш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Яъни, фақат коррупционерларни жазолаш билан чекланиш ярамайди, бу долзарб масалада давлатнинг алоҳида тизими бўлиши муҳим.
Парламент, биз – депутатлар коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, қатъий ва самарали тартиб-қоидалар ўрнатиш бўйича кенг қамровли иш олиб боришимиз шарт.
Аваз Ўринбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси