Ҳозир кўпчилик ўзида вирус бор-йўқлигидан шубҳаланяпти. Нима қилиш керак?
Ҳозир кўпчилик ўзида вирус бор-йўқлигидан шубҳаланяпти. Нима қилиш керак?

 

Мамлакатимиз аҳолиси орасида коронавирус тарқалиши кўпайди. Шу сабабли ҳам бугундан карантин чоралари кучайтирилди. Ҳозирда кўпчилик ўзида инфекция бор-йўқлигидан шубҳаланмоқда ва текширилишни хоҳлайди.

Ҳозир туғруқ муддати етган ҳомиладорлар коронавирусга текширувсиз туғруқхонага қабул қилинмайди, бошқа одатий касаллик билан даволаниш учун ҳам, албатта, текширувдан ўтишингиз шарт.

Хўп, бу яхши чора. Лекин коронавирусга қаерда текшириш мумкин, деган саволга Тошкент шаҳрида тўртта хусусий клиника манзили берилди. Бу клиникаларда ҳар бир тест учун 220 мингдан 350 минг сўмгача хақ тўланиши керак. Тестлар сони кўп бўлгани сабабли жавоб 3 кундан 5 кунгача кечикмоқда. Ҳамма ҳам бу маблағни тўлай оладими ва энг муҳими, шунча муддат кута оладими?..

Тез тиббий ёрдам орқали шифохонага ётқизилган беморларга зудлик билан кўмак кўрсатилишида ҳам шу лабаратор текширув сабаб муаммолар туғилмоқда.

Бу текширув тиббий тилда полимераз занжирли реакция (ПЗР) деб айтилади. Замонавий ускунада, расмий маълумотга кўра, текширув 5-6 соатда бажарилиши керак.

Тошкент шаҳрининг ўзида бундай текширувни амалга оширувчи лабораториялар сони кам бўлгани сабабли беморлар 5-7 кунлаб текширув жавобини кутмоқдалар. Ҳатто бугунги кунда коронавирус инфекциясига чалинган беморлар даволанаётган баъзи шифохоналарда ҳам ушбу текширув ўтказилмагани учун тиббий ходимлар ҳам, беморлар ҳам азият чекмоқдалар.

 

Муаммони қандай ечиш мумкин?

Менинг фикримча, эпидемиологик вазиятга асосли ойдинлик киритиш, ахоли орасидаги саросиманинг олдини олиш, турли сабабларга кўра вирус текширувидан ўтиши лозим бўлганларга қулайлик яратиш учун барча шифохоналар ва марказий поликлиникаларда коронавирус тестини ўтказувчи лабораториялар ташкил қилиниши шарт.

ПЗР ўтказилувчи тиббий жиҳоз рақамли дастур асосида ишлагани сабабли ундан фойдаланиш қулай ва катта билим талаб қилмайди. Лаборатория учун иккита кичик хона, ускуналар жамланмаси (тўлиқ лаборатория асбоблари реагентлари билан нархи 50 минг АҚШ доллари атрофида) ва қисқа муддатли қайта тайёргарликдан ўтган врач-лаборант ёки тажрибали фельдшер- лаборант зарур бўлади.

Пандемияни енгиш учун давлат томонидан жуда катта маблағлар сарфланмоқда, аммо етарли даражада лаборатория ташкил қилмасак, ишларимиз бесамар кетади. Ҳозир аҳолининг қанчасида вирус бор, қанчаси тузалганини фақат тахмин қила оламиз.

Вирусдан қутилганимиздан кейин ҳам бу лабораториялар орқали барча турдаги инфекцияларни – СПИДдан тортиб, силгача аниқлаш мумкин бўлади.

 

Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш