ЎзХДП фракцияси Халқаро ногиронлар куни арафасида кўплаб таклифларни ўрганди
ЎзХДП фракцияси Халқаро ногиронлар куни арафасида кўплаб таклифларни ўрганди

 

3 декабрь бутун дунёда Халқаро ногиронлар куни сифатида белгиланган. Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ва партия Марказий кенгаши ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда видеомулоқот шаклида давра суҳбати ўтказди.

Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар жамиятлари, Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси аъзолари, шу йўналишда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлил қилинди, олдинда турган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

  • Давра суҳбатини Facebook ёки YouTube саҳифаларимизда тўлиқ кўринг

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши партия дастури мақсадларидан келиб чиқиб, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари, Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси, Ўзбекистон Фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан меморандумлар имзолаган.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ишлаб чиқиш, такомиллаштириш жараёнларида партиянинг барча даражадаги депутатлари фаол иштирок этди. 50 дан ортиқ таклифлар билдирилди ва уларнинг аксарияти қонунда ўз аксини топди.

Келгуси йил 15 январидан кучга кирадиган ушбу қонун билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича янгича тизим юзага келади. Бу борада ҳукумат, вазирлик-идоралар томонидан қонун талаб этадиган бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.

Қонун асосида ногиронлиги бўлган шахсларни энг кўп қийнаб келаётган масала – тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар тартибида имтиёзли даволанади, протез-ортопедия анжомлари билан таъминланади.

Биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар жойлаштирилади. Таълим олишнинг барча босқичларида шароит яратилиб, касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади.

Халқ демократик партияси фаоллари таъкидлаганидек, юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, таълим олиш ва ишга жойлашиш масалаларида уларга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича бутунлай янги тизим жорий қилинмоқда.

Жумладан, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар қўлланилиши жорий этилди. Натижада жорий ўқув йилида 3 мингга яқин ногиронлиги бўлган ёшларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси қўлланилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идора ва Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.

Амалга оширилаётган ўзгаришларга қарамай, ногиронлиги бўлган шахсларни ўйлантириб келаётган муаммоли масалалар ҳам оз эмас. Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари аъзолари, Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси масъуллари, партия фаоллари, депутатлар бу борада аниқ мисол ва таҳлиллар келтиришди.

Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган тиббий хизматлар жойларда вақтида кўрсатилмаётгани, протез-ортопедия воситалари етишмаслиги, жамоат транспортларида пандуслар, алоҳида жойлар билан жиҳозланмагани, бекатлар ва маршрутларда эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситаларнинг йўқлиги билан боғлиқ муаммолар муҳокама этилди.

Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари партия Сайловолди дастурида белгилаб олинган “Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Халқаро конвенцияни босқичма-босқич ратификация қилиш масаласини жадаллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Бу борада тадбир иштирокчилари аввало халқ таълими, транспорт ва йўл инфратузилмаси, архитектура ва қурилиш, соғлиқни сақлаш, бандлик ва бошқа турли соҳаларда қулай шароитлар яратишга оид қатор масалаларга эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.

Мамлакатимизда “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан жорий йилнинг 30 ноябридан 30 декабрига қадар ўтказилиши белгиланган “Меҳр-мурувват ойлиги”да партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик бирлашмалари фаол иштирок этишмоқда. Ойлик давомида республика бўйича ногиронлиги бўлган кишилар яшайдиган 2 мингта оила ҳолидан хабар олиш, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида учрашув ва хайрия тадбирлари ўтказилади.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш