Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Уни фракция раҳбари Улуғбек Иноятов олиб борди.
Мажлисда депутатлар «Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги, «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари манфаатдор идоралар мутасаддилари иштирокида муҳокама қилдилар.
Жумладан, депутатлар «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида бу турдаги маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасида қатор қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинган бўлсада, уларнинг амалиётда ижро этилиш ҳолати қониқарли даражада эмаслигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларида ташкилий-ҳуқуқий механизмларнинг кучсизлиги ва уларда бўшлиқларнинг (жумладан, ваколатли органларнинг назорат қилиш соҳасидаги вазифалари, жамоат жойларида тамакисиз муҳит яратиш учун масъул бўлган шахсларнинг мажбуриятлари белгиланмаган) мавжудлиги натижасида амалдаги қонунчиликда белгиланган қоидалар ва чекловларга риоя этиш даражаси паст. Шунингдек, замонавий тамаки (никотин) маҳсулотининг айланмасини тартибга солиш масалалари амалдаги қонун ҳужжатларида ўз аксини топмаган. Бу эса аҳоли, айниқса ёшлар орасида бундай маҳсулотларни истеъмол қилишни оммалаштирмоқда.
Юқоридаги ва бошқа бир қатор камчиликларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан амалдаги қонунчиликда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида белгиланган нормаларни қайта кўриб чиқиш ва ўзаро мувофиқлаштириш зарурати туғилди. Унга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ҳамда ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг хорижий ва миллий қонунчилигини ўрганиш, ушбу соҳадаги барча нормаларни ягона қонун ҳужжатида қатъий белгилаш (регламентга солиш) мақсадга мувофиқдир.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш ташкилий-ҳуқуқий жиҳатдан ижро механизмларини такомиллаштириш кўзда тутилган. Хусусан, никотин етказиб бериш электрон тизимлари, никотинли суюқликлар, тамаки буюмлари, тамакини қиздириш тизими, тамаки ва никотинни истеъмол қилиш учун мосламалар (шу жумладан чилим) тамаки маҳсулотига тенглаштирилмоқда ва тамаки маҳсулотига белгиланган барча чекловларнинг уларга тааллуқли бўлиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, ваколатли давлат органларининг рўйхати кенгайтирилиб, уларнинг ваколат ва вазифалари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Шунинг билан бирга, қонун лойиҳасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин бўлмаган жамоат жойларнинг аниқ рўйхати кўрсатилиб, чекиш учун ажратилган махсус жойларга минимал талаблар жорий этилиб, белгиланган қоидаларни ижро этилишини таъминлаш учун масъул шахслар мажбуриятлари аниқланмоқда.
Мазкур қонунни қабул қилиш натижасида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга доир фаолиятни тартибга солиш механизмлари такомиллаштирилади.
Йиғилишда фракция аъзолари кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳаларини ҳам партия позицияси ва электорат манфаатлари юзасидан кўриб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.