Сўл партия билан Ўзбекистоннинг бугуни ва келажаги ҳақида катта суҳбат
Ўзбекистон, Тошкент - АН Podrobno.uz. Сўнгги вақтларда энг мунозарали масалалардан бири – давлат идораларига давлат тилидан бошқа тилда мурожаат қилишни тақиқлаш – бу масала фақат унга қатъий қарши чиққан Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари туфайли ҳал этилди. Уларнинг раҳбари Улуғбек Иноятов таъкидлаганидек, мисол учун, ўзбек тилини билмайдиган ўзбекистонликлар тез ёрдам ёки ИИБга қандай мурожаат қиладилар? Бир инсон ўзини ёмон ҳис қилса-ю, унга ёки унинг қариндошига: илтимос, давлат тилида гапиринг, дейиладими?
ЎзХДП – бугунги кунда мамлакатнинг сўл партияси бўлиб, рақиблар уни кўпинча компартиянинг меросхўри, деб аташади. Партия мафкураси давлатнинг ижтимоий тараққиётига йўналтирилган. Лекин партия бошқалардан фарқли ўлароқ, ижтимоий тармоқларда “пиар” қилмайдиган, аксинча, енг шимариб “далада” ишлайдиган, фуқаролар муаммоларини ҳал қиладиган энг оммавий сиёсий ташкилот эканини таъкидлайди.
Podrobno.uz мухбири Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов билан ҳозирги шароитда социализмнинг имкони борми, нима учун баъзи амалдорлар ўз ўй-фикрларини ўзгартиришни хоҳламайди, шунингдек, агар партия президентлик сайловида ғолиб бўлса, қандай режаларни ўз олдига қўйганлиги ҳақида суҳбатлашди.
— Мамлакат аҳолиси кўпинча барча партиялар бир хил, дейди. Бунинг сабаби партиянинг аниқ белгиланган мафкурага эга эмаслигидан бўлса керак. Бу масала бўйича сизнинг фикрингиз ва ЎзХДП мафкураси қандай?
— Четдан қараганда халққа барча партиялар бир хилдек кўриниши мумкин – уларнинг бари ўз дастурий мақсадларини амалга ошириш ниятида ҳокимият учун курашадилар. Аслида ҳам шундай бўлиши керак, бу бутун дунёда партиянинг муҳим вазифаларидан бири. Айнан шу нарса барча партияларни жамиятдаги ўрни ва вакиллик давлат ҳокимияти тизимига қараб бирлаштиради.
Муаммо мафкуравий тафовутларда ҳам эмас. Сайловчилар сайловларда мафкурага овоз бермайдилар – улар сиёсатчи эмаслар, уларни мафкуравий тафовутлар жалб қилмайди. Улар фуқароларнинг ҳаётий манфаатлари ва эҳтиёжларига дахлдор муаммоларни ҳал этиш учун у ёки бу партия таклиф қилаётган амалий чора-тадбирлар учун овоз берадилар. Партияларнинг муаммоларни белгилаш ва уларни ҳал этишга ёндашувлари эса турлича.
Бизнинг асосий мақсадимиз мамлакатда ижтимоий давлат асосларини шакллантиришдан иборат. Яъни, Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий ҳуқуқларнинг амалга оширилишини ишончли кафолатлайдиган ва унга муҳтож бўлганларнинг барчасининг асосий ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун етарли ижтимоий ҳимоя билан таъминлайдиган — давлат. Шу сабабли, бугунги кунда умумий қабул қилинган таснифга кўра, биз сўл қанот партиямиз.
Ҳа, биз қайсидир масалаларда бошқа партиялар билан кесишамиз, лекин бир вақтнинг ўзида фикрлашимиз турлича. Мисол учун, биз ҳам худди рақибимиз – ЎзЛиДеП каби иш ўринлари яратиш тарафдоримиз. Бу масалада биз кўпчилик инсонларни барқарор иш ва доимий даромад билан таъминлаши мумкин бўлган катта заводлар қуриш, йирик қишлоқ хўжалиги корхоналари яратиш тарафдоримиз. Либераллар ҳам мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улушини сезиларли даражада оширишни қўллаб-қувватлайди.
Бироқ шу билан бирга, ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётда давлатнинг тартибга солувчи ролини мустаҳкамлаш зарур, деб ҳисоблаймиз. ЎзЛиДеП эса бозорни эркинлаштириш ва иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришни қўллаб-қувватлайди.
Бизнинг электорат аҳолининг заиф қатламларидан иборат: пенсионерлар, кўп фарзандли оилалар, ишга лаёқатли, лекин ишсиз инсонлар, етимлар, имконияти чекланганлар. Давлат ҳаммасини ҳимоя қилиши керак. Зеро, ижтимоий ҳимоя бўлмаса, беқарорлик бошланади: иқтисод ва тинчлик қулай бошлайди. Биз бошқалардан шу билан фарқ қиламиз.
Кимлардир биз давлатга фойда келтирмайдиган инсонларни ҳимоя қилишимизни айтиши мумкин. Лекин инсон ишлаши ва ўз юртига фойда келтириши учун иш ўринлари яратиш зарур. Ногиронларга шароит яратиб берсангиз, улар жамиятга мослашиб, унда ўз ўрнини топа оладилар ҳамда улар ҳам ривожланишга ўз ҳиссаларини қўшишни бошлайдилар. Ҳа, бундай иш ўринлари иш берувчига қимматроққа тушади: улар учун алоҳида шароит, реабилитация зарур.
Ёки меҳнат муҳожирларини олайлик. Уларнинг қанчаси ўз кучи билан чет элга кетди? Уларнинг оиласи, фарзандлари бор, уларни боқиш керак. Ўзбекистон ҳозирча ҳаммани иш билан таъминлай олмайди: бизнинг меҳнат ресурсларимиз жуда катта, ёшларнинг ўзи умумий аҳолининг 60 фоизини ташкил этади. Шу сабабли уларни талабгир соҳаларга ўқитиш, чет элда қонуний ва муносиб ишлашлари учун шароит яратиш зарур.
Либераллар ўз дастурий мақсадларида тадбиркорлар манфаатидан келиб чиқиб, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга интилмоқда. Улар бу йўналишни аҳоли бандлиги ва барқарор даромадини таъминлашда асосий йўналиш, деб ҳисоблайдилар.
Бундай фарқлар жамият двигателидир. Ҳеч бир партия жамиятнинг барча муаммоларини қамраб ололмайди. Шунинг учун ҳар бир партия бу вазифанинг қандайдир қисмини ўз зиммасига олиб, ўз электоратининг манфаатларини ҳимоя қилади ва илгари суради.
— Замонавий глобал ривожланиш шуни кўрсатмоқдаки, капитализм аксарият давлатларнинг умидларини оқламади, уларнинг кўпчилиги яна давлат ўз аҳолиси ҳақида кўпроқ қайғурадиган гибрид социализмнинг моделини жорий қилишга уринмоқда. Бундай позиция сизга яқинми, сиз социалистик тезисларга қўшиласизми?
— Менимча, дунё аллақачон давлат ва ижтимоий тузумни, иқтисодий муносабатларни капитализм ва социализмга бўлишнинг ибтидоий оқ-қора схемасига тўғри келмай қолган. Давлатнинг аҳоли манфаатлари учун қайғуриши нуқтаи назаридан 2015 йилда 190 дан ортиқ мамлакатларнинг аксарияти томонидан 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотини бугунги кунда “асосий социалист”, деб аташ мумкин.
Ҳа, барча мақсадларимизнинг бошида кучли ижтимоий ҳимоя билан унга муҳтож инсонларни таъминловчи самарали ижтимоий сиёсатни амалга ошириш турибди. Ва биз давлат ўз фуқароларининг асосий ҳимоячиси, деб ҳисоблаймиз. Бироқ, биз Социалистик интернационал таркибига кирувчи социал-демократик партияларнинг мафкураси ва стратегиясини фаолиятининг асосини ташкил этувчи демократик социализмнинг тамойилларига қўшилмаймиз.
Биз ёши, жинси, ногиронлиги мавжудлиги, миллати, дини ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча инсонларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирокини қўллаб-қувватлайдиган ва рағбатлантирадиган халқ демократиясининг тарафдоримиз. Шу жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳам.
— Партияларнинг баъзи депутат ва раҳбарлари ижтимоий тармоқларда жуда ҳам фаол. Ўз навбатида, ЎзХДП ахборот майдонида тез-тез пайдо бўлмайди. Ижтимоий тармоқлардан муайян воқеаларга муносабатни кузатиш ва сайловчилар билан мулоқот қилиш воситаси сифатида фойдаланасизми?
— Албатта, биз Интернетдан ва бошқа воситалардан фойдаланамиз: бизнинг сайтимиз, каналларимиз, газетамиз бор, биз ОАВ янгиликларини, “Жамоатчилик фикри” сўровларини кузатиб борамиз. Ва, албатта, сукут сақлашнинг иложи бўлмаганда, биз ҳаракат қиламиз. Лекин бизнинг сўзларимиз ва ҳаракатларимиз босиқ ва вазмин. Ахир бизнинг партиямиз 30 ёшда, ва ўйлайманки, биз кўпроқ фундаменталмиз ва кўпроқ вақтимизни аниқ масалаларга сарфлаш керак, деб ҳисоблаймиз.
Бизда 10 минг бошланғич партия ташкилоти, туманларда бевосита халқ билан ишлаб, муаммоларни аниқлайдиган ва уларни ҳал этиш бўйича чоралар кўрадиган депутатлик гуруҳлари мавжуд. Биз улар билан фаол алоқа қиламиз, улар бизнинг жойлардаги кучимиздир. Ва агар биз тармоқда қандайдир янгилик ҳақида ўқисак, жойлардаги депутатлик корпусидан муаммони ўрганишни сўраб, ўз текширувимизни ўтказамиз.
Жойлардаги кун тартибидан келиб чиққан ҳолда биз ўз лойиҳаларимизни, дастурларимизни ишлаб чиқамиз. Ҳамма партия ҳам бу ишни бажаролмайди. Сайловчиларнинг ишончига сўзлар билан эмас, ҳаракат билан эришиш мумкин. Масалан, биз сўнгги йилларда ногиронлиги бор фуқаролар муаммоларига катта эътибор қаратмоқдамиз. Ва мамлакат раҳбарияти биз кўтараётган масалаларга эътибор бераётгани ва улар бўйича қарорлар қабул қилаётгани бизни қувонтиради. Хусусан, бундай фуқароларга ижтимоий бошпана ажратилиб, ишга жойлаштирила бошланди.
— Фракциянгизнинг аксарият депутатлари барча Ўзбекистон фуқаролари ҳокимият идораларига фақат давлат тилида мурожаат қилишлари ҳақидаги таклифга қарши овоз берди. Нима учун?
— Биз қонун лойиҳасининг фақат 12-моддасига қарши чиқдик. Ўзбекистон халқи кўп миллатлидир ва унинг вакиллари ўз тилларида сўзлашиш ҳуқуқига эгалар. Бу Конституцияда қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, биз давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқини талаб қилдик.
Бир тасаввур қилиб кўринг, ўзбек тилини билмайдиган инсонлар қандай қилиб тез ёрдам ёки ИИБга мурожаат қилиши мумкин? Инсон ўзини ёмон ҳис қилиб турганда, унга ёки унинг қариндошига, илтимос, давлат тилида гапиринг, дейишса... Бу – бемаънилик. Шу сабабли ҳам бизнинг кўпчилик депутатларимиз ушбу бандга қарши чиқдилар. Биз қонунларни қабул қилаётганда ижро этувчиларга нисбатан инсонийроқ муносабатда бўлишимиз зарур.
— Алишер Қодировнинг фикрича, Халқ демократик партияси аъзоларининг давлат тилига бўлган муносабати жиддий эмас. Бу баёнотга қандай муносабат билдирасиз? Ва ўзбек тилини ривожлантириш учун нималар қилиш керак?
— Ҳар бир мамлакат давлат тили тараққий этишини таъминлаши зарурлиги табиий ҳол. Лекин айтишим мумкинки, рад этилган модда бу мавзуда асосли эмас, у ўзбек тили ривожига таъсир қилмайди. Умумий олганда, унинг устуворлиги Қонундаги бошқа бандлар билан яхши ҳимояланган.
Давлат тили ҳақидаги қонунга 30 йил тўлди, лекин бизда ҳали ҳам ўзбек тилининг аниқ методологияси мавжуд эмас. Биз ўзбек тилини ўрганишга илмий ёндашув, манбаларни ўзбек тилига ўгириш ва ютуқларимизни бошқа тилларга таржима қилиш ҳақида ўйлашимиз керак. Бизнинг олимлар ҳанузгача ўзбек тилининг қайси графикада бўлиши кераклиги устида баҳслашадилар. Бундан ташқари, биз хорижий тиллар учун стандартлар мавжудлигини биламиз – А, В ва C даражалари инсоннинг қандай ваколатларга эга бўлиши кераклигини, қанча сўзни билиши кераклигини ва қандай даражада ўқиш, ёзиш ва гапириш кераклигини аниқлайди. Бироқ, ўзбек тилини билиш стандарти ҳали ишлаб чиқилмаган. Ана шу ҳақида ўйлашимиз, устида ишлашимиз керак.
— Ҳамкасбингизнинг ноанъанавий ориентацияга эга шахсларни мажбурий даволаш ва мамлакатдан чиқариб юбориш борасида билдирган фикрига қандай муносабат билдирасиз?
— Келинг, кейинги саволга ўтамиз. Бу жуда нозик масала, биз унга изоҳ бермаймиз. У камчилик инсонларга тегишли, лекин жуда кўпчиликни безовта қилади. Келинг, яхшиси, глобал нарсалар ҳақида суҳбатлашамиз.
— Яқинда Бойсун туманида ЎзХДП депутати дўппослангани ҳақида хабар берилди. Депутатлар тез-тез жисмоний зўравонликка дуч келадиларми?
— Икки йиллик раислик давримда мен фақат битта шундай ҳолат ҳақида эшитдим. Кўпинча маҳаллий Кенгашлар депутатлик мақомидан ноўрин нутқлари, гўёки коррупцион ҳаракатлари сабабли маҳрум этилади. Бироқ, ушбу коррупцион ҳаракатларнинг исботланганлиги ёки йўқлиги, маълум эмас. Мандатдан маҳрум қилиш фақат суд қарори мавжуд бўлганда амалга оширилади. Мандат халқ томонидан берилади ва улар овоз бериш йўли билан халқ депутатлари қарори билан ундан маҳрум этилади.
— Дарвоқе, яқинда Андижоннинг бир гуруҳ депутатлари Президентга очиқ хат йўллади. Партия бу ҳолат ҳақида қандай фикрда? Маҳаллий депутатлар қанчалик ваколатларга эга, маҳаллий ҳокимият органлари уларга босим ўтказадими?
— Ғазаблантирувчи ҳодиса. Қонунда депутатларнинг ҳуқуқлари белгилаб қўйилган, лекин маҳаллий Кенгаш регламенти йўқ. Улар ўз ишларини турли йўриқномаларга мувофиқ олиб борадилар. Қонунчилик палатаси депутатлари учун бундай регламент мавжуд бўлиб, у халқ вакилларининг ваколатлари ва ҳуқуқлари чегарасини белгилайди. Маҳаллий кенгашларда бундай аниқлик йўқ. Эҳтимол, бу камчилик шундай ҳолатларга сабабчидир.
Умумий олганда, депутатлар қонун ҳимоясида, лекин бу баъзи амалдорларнинг маданияти ва аҳлоқига ҳам боғлиқ масала. Бугунги кунда атроф-муҳитнинг ахборот мазмуни юқорилиги туфайли жамият психологияси кўз олдимизда ўзгариб бормоқда, одамлар ноқонуний ҳаракатларга зудлик билан муносабат билдирмоқда. Бироқ айрим амалдорлар учун ҳамма нарса аввалгидек қолмоқда. Уларнинг хонлик давридагига ўхшаш қарашлари юқори лавозим столга мушт уриб, “ҳаммаси мен айтгандай бўлади”, дейишга ҳуқуқ бермаслигини англашга имкон бермайди. Ҳамма нарса қонун доирасида бўлиши керак. Агар уларга нисбатан жазо қўлланилса, улар ҳам қачондир ўзгаришлар вақти келганини англайдилар.
— Партиянинг бу йилги режалари қандай? ЎзХДП президентлик сайловига тайёргарликни бошладими, сиз Ўзбекистон халқига нималарни таклиф этмоқчисиз?
— Бизнинг жуда катта режаларимиз бор. Март ойининг бошида биз бу сайловда иштирок этишимизни айтган эдик ва дарҳол президентликка номзодимиз дастурини ишлаб чиқишга киришдик. Қурултой номзоди августда аниқланади. Дастур деярли тайёр ва экспертизадан ўтказилмоқда. Биз аввалги сайловолди дастурларини таҳлил қилдик, ғояларимизнинг деярли ярми қайсидир даражада амалга оширилди – қонунлар қабул қилинди, ўзгаришлар бошланди. Шу сабабли уларга янгича нуқтаи назардан разм солдик, халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам ҳисобга олдик.
Биз кўтарадиган масалалардан бири яшаш минимумини аниқлашдир. Биз Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тегишли қонун лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқиб, тақдим этдик, шунинг учун улар ўз фикрларини билдиришлари, шунингдек, давлат дастурлари ва қоидаларини ишлаб чиқишда бизнинг фикрларимизни ҳисобга олишлари мумкин.
Кўпчилик экспертлар Ўзбекистон бундай қонунни қабул қилишига ҳали эрта – давлатнинг иқтисодий аҳволи унинг ижросини таъминлашга йўл қўймайди, давлат барча харажатларни қоплай олмайди, деган фикрда. Биз ҳам барчаси бирданига бўлади, демаяпмиз. Лекин маълум вақтдан кейин биз қонун доирасида қабул қилинадиган стандарт миқдордан фойдаланишга ҳам етиб келамиз.
Биз аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш учун ечимлар таклиф қиламиз. Одамлар хизматлар нархи қандай шаклланишини билишлари учун коммунал хизматлар нархларини очиқ қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, биз иш ўринлари яратиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини тартибга солиш масалаларига ҳам тўхталамиз.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда пенсиялар ҳақида кўп гапирилади, лекин кам бажарилади. Тўғри, 1 июндан бошлаб нафақаларни белгилашнинг янги тартиби жорий этилди, лекин аҳвол ҳозирча аввалгидек қолмоқда. Ҳозирги кунда бизда “бирдамлик” (“солидар”) пенсия тизими амал қилади, аммо биз янги шаклларга ўтишимиз керак – пенсия таъминотида нафақат давлат ва ишчи аҳоли, балки бошқа иштирокчилар ҳам қатнашиши керак. Инсонларга ўз пенсияларига пул йиғиш имконини бериш керак.
Ҳозирда кўплаб хусусий болалар боғчалари бор, лекин ҳаммада ҳам уларга болаларини бериш имкони мавжуд эмас. Шу сабабли биз давлат мактабгача таълим муассасалари чекка қишлоқ жойларида қурилиши учун ҳаракат қиламиз. Шунингдек, кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли болалари учун мусиқа ва санъат мактабларида бепул ижодий таълимни ташкил этишни фойдали, деб биламиз. Ногиронларга таълим бериш квоталарини кўпайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Бу биз таклиф қилмоқчи бўлган нарсанинг кичик бир қисми.
— Президент ҳокимларни халқ сайлаши керак, лекин бунга сайловчилар ҳам, сайланадиганлар ҳам тайёр бўлиши керак, деб кўп айтган. Ўзбекистон ҳокимлар сайловига тайёрми, нима деб ўйлайсиз? Бу масалани илгари сурасизми?
— Синаб кўрмагунимизча, бунга тайёр эканлигимизни била олмаймиз. Ўйлайманки, биз бирон-бир ривожланган инфратузилмага эга шаҳарда тажриба қилиб кўришимиз зарур. Бу биринчи тажриба бўлади, хатолар бўлади, албатта, лекин биз секин-аста шу хатолардан сабоқ оламиз. Дарҳақиқат, яқинда Қозоғистонда акимлар сайлови тўғрисида қонун қабул қилинди.
Ҳа, бу масала бизнинг сайловолди кампаниямиз кун тартибида. Фикримизча, кучли фуқаролик жамияти айнан шу йўлдан бориши керак. Депутатлар кенгаши раиси ҳоким бўлмаслиги ва у халқ сайлаган вакиллар олдида ҳисоб бериши керак. Шунда депутатнинг мақоми ҳам ошади.
Албатта, муайян вақт ичида биз кўп нарсаларга эришдик. Ахир аввал қандай эди? Ҳамма жим ўз иши билан шуғулланарди. Ҳозир эса Ўзбекистон очиқ, инсонларнинг онги ўзгариб бормоқда, депутатлар ўз овозига эга, фаол муҳокама, танқид қила оладилар, мансабдорларга очиқ савол бера оладилар. Аввал амалдорлар ўзлари депутат эдилар – халқ таълими, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмати бўлими бошлиқлари халқ вакиллари эди. Бахтимизга, ҳозир вазият деярли ўзгарди. Фақат ҳокимлардан халқ вакиллари кенгашини бошқариш ҳуқуқини олиш қолди.
Манба: Podrobno.uz