Алишер Пардаев: Ташаббусларимиз парламент минбарида акс-садо бермоқда
Алишер Пардаев: Ташаббусларимиз парламент минбарида акс-садо бермоқда

 

Сурхондарёни жануб гавҳари, дейишади. Ушбу минтақа ўзининг қатор бетакрор хусусиятларига эга. Фойдали қазилмаларга бой, йилига уч мартагача ҳосил олса бўладиган табиий шароити бор, аҳолиси меҳнатсевар. Сўнгги йилларда вилоятда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилди, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратишга катта эътибор қаратилди.

Бугун суяги меҳнатда қотган сурхонликларнинг ҳаётга қараши бошқача. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳам ортган, жамият тараққиёти, ҳудудлар ривожи учун қарорлар қабул қилиш, муносабат билдириш ишларидаги иштироки кенгайган. Бир сўз билан айтганда, сурхон эли бир муштга дўниб, эзгу мақсадлар тезроқ рўёбга чиқиши учун биргаликда ҳаракат қилмоқда. Ислоҳотлар шиддатига мос равишда партиямиз фаоллари ҳам фаол ишламоқда.

Ана шундай муҳим паллада маҳаллий Кенгашлардаги ХДП депутатлари нималар билан машғул, жойлардаги партиямиз ташкилотлари-чи? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Алишер Пардаев билан суҳбатлашдик.

 

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда ХДП катта куч ва салоҳиятга эга. Сиз етакчилик қилаётган партия ташкилоти ана шу имкониятдан қай даражада фойдаланмоқда? Кўзга кўринарли ташаббуслар ҳақида нима дейиш мумкин?

– Айтиш керакки, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз жойларда партиямиз электорати манфаатларини ифодалайдиган, ҳимоя қиладиган энг муҳим кучдир. Депутатларимиз фаолиятига назар ташласак, ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам борлигига амин бўламиз.

Аввало, таъкидлаш ўринлики, депутатларимиз маҳаллий Кенгашларда аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ифода этиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва кам таъминланган қатламларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслар билан чиқмоқда. Улар ўз ваколатларидан самарали фойдаланиб, аҳолининг муҳим муаммоларини ҳал этишда ҳам фаол иштирок этишяпти. Албатта, бу ташаббуслар партия ташкилотларининг жойлардаги фаолияти ва депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорлиги асосида амалга оширилмоқда.

Бугун вилоятда партиямизнинг 84 нафар депутати бор. Шундан 9 нафари халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати бўлса, 75 нафари туман ва шаҳар Кенгашларидаги вакилларимиздир. Аъзоларимиз сони 77000 нафардан ортиқ, бошланғич партия ташкилотлари 783 тани ташкил этади. Вилоятдаги бугунги ўзгариш ва янгиланишларда, ҳудудлар тараққиётида уларнинг ҳиссаси борлиги, иштироки ошиб бораётгани қувонарли, албатта.

Шуни ҳам фахр билан айтишим керакки, ҳудудларда билимли, салоҳиятли депутатларимиз жуда кўп. Депутатлик гуруҳлари халқнинг фикри ва муаммоларини, хоҳиш-истакларини яхши билиш, мурожаатларини эшитиб, уларни ҳал этишда шижоатли ва ташаббускор бўлишга жон-жаҳди билан киришган.

Сўнгги пайтларда маҳаллий вакиллик органлари функцияларининг тизимлаштирилиши, хусусан, жамоатчилик назоратига оид ваколатларнинг аниқ белгиланиши кенгашлар, депутатлар ва жойлардаги партия ташкилотларининг режали ҳамда самарали фаолият юритиши, сифатли қарорлар қабул қилишларига ёрдам бермоқда.

Партиямиз ташкилотлари ва депутатларимиз ҳам бу имкониятдан тўлиқ фойдаланяпти. Масалан, ҳар бир маҳаллий Кенгашда аҳолининг муаммолари ва эҳтиёжларини аниқлаш учун жамоатчилик фикрини ўрганиш ва муҳокама қилиш тизими йўлга қўйилган.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларда парламент ва депутатлик назорати олиб бориляпти. Таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, кейинги пайтларда мамлакатимизда ислоҳотларнинг марказий нуқтасига чиқаётган муҳим соҳаларда депутатлик назорати олиб борилди ва улар сессиялар кун тартибига киритилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ҳар бир сессияда саволлар, таклифлар ва танқидий фикрлари билан фаол қатнашишмоқда.

Жумладан ЎзХДП гуруҳлари томонидан 2024 йилда 29 та масала ҳамда 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 35 та масала сессияларга киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан, халқни ташвишга солаётган муаммоларни турли даражадаги раҳбарларга олиб чиқиш, уларнинг ҳисоботини тинглаш механизмидан самарали фойдаланяпмиз.

Бу кўпми ёки кам, деган хулоса қилмаймиз. Шунчаки, кўтарилган ҳар бир масала ортида инсон манфаати, ҳудуд ривожи турган экан, унинг долзарблиги, аҳамияти юқори бўлаверади.

Одамларимизни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани депутатлик назоратини олиб бориш давомида янада яққол, аниқ кўринади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг ижроси, яъни, рўёбини билиш учун кўпроқ одамлар орасида бўлиш, ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга кириб бориш керак. Муҳими – мана шу ишни сидқидилдан бажаришда.

Масалан, жойлардаги муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат бериш борасида муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, партиянинг Сурхондарё вилояти, туман ва шаҳар кенгашлари қошидаги “Жамоатчилик қабулхоналари”га фуқаролар томонидан жами 182 та мурожаатлар келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 130 таси, яъни, 71 фоизи партия масъул ходимлари ҳамда депутатларимиз иштирокида ижобий ҳал қилишга эришилди. Келиб тушган мурожаатлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганида 32 таси коммунал, 16 таси бандлигини таъминлаш, 24 таси ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш, 15 таси уй-жой, ер олиш, 8 таси банкдан кредит олиш масаласида, 26 таси моддий ёрдам, 23 таси иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни ўз вақтида ололмаётганликлари юзасидан, 16 таси таълим ва 22 таси бошқа масалалар бўйича эканлиги маълум бўлди.

Шунингдек, 3 342 маротаба партия дастурий мақсад ва ғоялари тарғиботига қаратилган тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда 170 мингдан ортиқ фуқаролар қамраб олинди.

Депутатлар томонидан фуқаробай, хонадонбай аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида 650 дан ортиқ маҳалаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, унда 20 125 нафар аҳоли қатнашди, ушбу сайёр қабулларда 9 мингдан ортиқ муаммоли масалалар кўтарилиб, аксарияти ижобий ҳал этилди.

– Сиз вилоят партия кенгаши ишидан шахсан ўзингиз қониқасизми? Партия кенгаши йўл қўйган хатолар сизнингча, нималардан иборат? Камчиликлар қандай ва қайси пайтда ижобий тенденция томон силжийди?

– Юқорида таъкидлаганимдек, депутатларимиз, партиямиз ташкилотлари бир қатор муҳим ташаббусларни илгари суриб, ижтимоий адолат ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатмоқда. Биз аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, муаммоларни ижобий ҳал этиш, ижтимоий ҳимоя тизимида депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида катта саъй-ҳаракат қиляпмиз.

Аммо айрим масалаларда камчиликларимиз ҳам йўқ эмас. Янада фаол ишлаш, катта-катта ташаббуслар билан чиқиш учун ишга солинмаган имкониятларимиз бор, шундан унумли фойдаланишимиз керак.

Чунки электорат манфаатлари йўлида бажаришимиз шарт ва зарур бўлган ишлар талайгина. Партиямиз депутатлари бу борадаги назорат-таҳлил ишларини изчил олиб борса, камчиликларни очиқ-ойдин таҳлил этса, кўп муаммолар ечилади, эҳтиёжманд аҳоли вакилларининг оғири енгил бўлади, деб ўйлаймиз.

Шуни ҳам айтишим керакки, депутатларимизнинг мутасадди ташкилотларга юбораётган депутатлик сўровлари ҳам жавобсиз қолмайди. Аҳоли билан учрашувлардаям энг кўп мурожаатлар бизга билдирилади. чунки кўтарилган масалалар ҳал этилгач, натижаси етказилади, одамлар ўзгаришларни ўз кўзи билан кўради.

Сессияларда, доимий комиссия йиғилишларида бирор жўяли таклифимиз инобатга олинмасдан қолса, тортишамиз, фикримизнинг асосли эканини исботлаш учун курашамиз. Аммо айрим депутатларимизда ташаббус етишмайди. Очиғини айтиш керак, муаммо ва мурожаатлардан қочиб юрадиган депутатлар ҳам йўқ эмас. Айтайлик, партиянинг амалий Ҳаракат дастурида партия гуруҳларига юклатилган вазифаларга эътиборсиз қараб келаётган партия гуруҳлари ҳам бор. Масалан, вилоятимизда ичимлик суви муаммосидан қийналиб келаётган ҳудудлар мавжуд. Қишлоқларда, маҳаллаларда ички йўлларни таъмирлаш, шунингдек, иссиқлик таъминоти масаласи, электр энергияси, тунги чироқлар йўқлиги билан боғлиқ қатор муаммолар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.

Ушбу масалаларда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари етарлича эшитилмасдан қолмоқда. Аксарият ҳолларда партия гуруҳлари масалани муҳокамаларга олиб чиқиш билан чекланиб, қабул қилинган қарорлар ижроси назоратсиз қолиш ҳолатлари кузатиляпти. Ваҳоланки, энг муҳими, эришиладиган натижадир. Ўз ишига виждонан ёндашадиган депутат эртага сайловчилар ҳузурига нима деб бориши ҳақида ҳам ўйлаб кўради.

Ташаббуслар “қоғозда” қолиб кетмаслиги керак. нима демоқчиман? Айтайлик, депутатларимиз сессияда электорат манфаатини ҳимоя қилиш бўйича таклиф билан чиқди. Сессия буни инобатга олади, тегишли қарор қабул қилади, лекин уларни амалга ошириш учун етарли назорат тизими ёки ижро механизмлари мавжуд эмас. Бу эса ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилишида сусткашликка олиб келади. Сессияда қабул қилинган қарор ижро этилиши шарт ва зарур. чунки бунинг ортида юзлаб инсонлар манфаати турибди. Депутатлар сессиялар қарорлари ижросини ҳам қатъий назорат қилиши керак, деб ўйлайман.

Фаолиятимиз қачон ижобий тенденция томон силжишига тўхталадиган бўлсам, бунинг учун партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари ва парламентдаги вакилларимиз барчаси бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши керак. Тўғри, сўнгги йилларда улар ўртасидаги алоқа сезиларли даражада яхшиланди. Ҳозир қуйида билдирилган ташаббусларимиз парламент минбарида акс-садо бермоқда. Бу яхши натижа, албатта.

– Ютуқлар ҳақида гапирдик, хато ва камчиликларга тўхталдик. Келинг, энди бевосита партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш масаласига тўхталсак. Бундан кейин нимани кутсак бўлади? Яна бир савол. Юқорида муаммоларни айтдингиз. Хўш, сиз бу муаммоларни тўлиқ бартараф этишга ваъда бера оласизми?

– Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимизда 20 та ҳудудий янги бошланғич партия ташкилотлари тузилди.

Шунингдек, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий онгини шакллантиришга партия томонидан катта аҳамият берилмоқда.

Партиямиз тизимида ўтказиладиган “Ёш сиёсатчи” кўрик-танлови орқали бизга хайрихоҳ бўлган ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Ўтган йили ушбу лойиҳа орқали 2846 нафар янги аъзолар партиямиз атрофида бирлашди.

Аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган “Депутат маҳаллада” лойиҳаси орқали 700 дан ортиқ маҳаллага кириб бордик. 500 дан ортиқ ҳудудларда “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш” лойиҳаси доирасида амалий тадбирлар ташкил этилди.

Шунинг учун ҳам келгуси фаолиятимизда партия сафини кенгайтириш, сайловчилар меҳрини қозониш, аҳолига янада яқинлашиш бўйича катта лойиҳаларни режалаштирганмиз.

Тўғри, фаолиятимизда муаммолар ҳам бор ва уларни бирданига тўлиқ бартараф этиш осон эмас. Лекин партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш учун бор куч-имкониятларимиздан тўлиқ фойдаланган ҳолда қатъий ҳаракат қиламиз.

Агар биз фаолиятимизни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, рақамлаштириш жараёнини самарали татбиқ этган ҳолда замонавий стандартлар асосида ташкил этсак, ишимизнинг таъсирчанлиги ошади, деб ўйлайман.

Сайловолди дастуримизда катта ғоялар ўрин олган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган яхши ташаббуслар илгари сурилган, одамларимизнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Улар шунчаки гап эмас, электоратимиз манфаатларини таъминлаш, халқимиз ва жамият ривожини кўзлаган аниқ мақсад-муддаолардир. Ҳозир жойларда дастур ижросига қатъий ва жиддий киришилган. Ана шу жараёнда ҳар бир фаолимиз ўз таклифи ва иштироки билан қатнашса, мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Шу сабабли, биз натижага эришиш учун ҳаракат қилишга ва бу мақсадлар йўлида ҳамжиҳатликда ишлашга тайёрмиз!

 

***

Шу куни вилоят партия кенгаши раиси билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Биз Сурхондарёдаги депутатларимиз ва партия ташкилотлари фаолиятининг учқунлари ҳақида суҳбатлашганимизни яхши билардик. Буни газетанинг бир саҳифасига сиғдиришнинг иложи ҳам йўқ, албатта.

Кўриниб турибдики, вазифалар кўлами кенг, шунга яраша амалий ишлар ҳам кўп. Энг муҳими, шунча имконият, шунча эътибор. Ҳамма гап имкониятлардан тўғри фойдаланишда, мақсад-муддаонинг моҳиятини тўғри тушуниб, уни амалда қўллашда, аслида.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.

«Ўзбекистон овози», 13.8.2025, №32

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш