Мақсуда Ворисова самарқандлик сайловчилар билан учрашди
Мақсуда Ворисова самарқандлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова бугун Самарқанд шаҳрида сайловчилар билан навбатдаги учрашувини ўтказди.

Учрашувда ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Самарқанд вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси Бадриддин Насриев олиб борди. У сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.

Шундан сўнг сўз Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисовага берилди. Номзод ўз маърузасида Сайловолди дастуридаги устувор йўналишлар билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди. Жумладан, Дастурда аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш тамойиллари белгилаб берилгани, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш, ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш каби бир қатор масалаларга эътибор қаратилгани таъкидланди.

Шунингдек, Мақсуда Ворисова аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини янада кенгайтириш, мамлакатда замонавий инновацион технологиялар асосида қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштириш масалалари режалаштирилаётганини маълум қилди.

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар, Самарқанд вилоятини янада ривожлантиришга борасида таклифларини билдирдилар.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини, барчани сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

sajlov-2021
← Рўйхатга қайтиш