Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 9 ойлик ижроси кўриб чиқилди
Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 9 ойлик ижроси кўриб чиқилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил 9 ойлик ижроси тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Алоҳида қайд этилдки, ҳисобот даврида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,7 % га ўсди. Ўтган йилнинг мос даври билан таққосланганда ЯИМ тармоқлари таркибида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг улуши 27,7 % дан 25,5 % га камайди, саноатнинг улуши 22,5 % дан 26,6 % га, қурилишнинг улуши 5,8 % дан 6,2 % га ўсди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг 2017 йилдаги ижросида ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ишлари молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратди.

Қайд этилдики, 2019 йилнинг 9 ойида ҳолатига аҳоли умумий даромадлари 251,8 трлн. сўмни ташкил этди ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 107,1 фоиз реал ўсишга эришилди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган умумий даромадлар 7,5 млн. сўмни, номинал ўсиш суръати 120,0 % ни, реал ўсиш суръати эса 105,2 % ташкил этди.

Йиғилишда аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлар ҳудудлар кесимида таҳлил этилди. Таъкидландики, бундай даромадлар бўйича Тошкент шаҳрида (14 761,7 минг. сўм) ҳамда Навоий (11 629,0 минг сўм), Бухоро (9 421,1 минг сўм) ва Хоразм (7 935,3 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилганлиги кузатилди. Аҳоли жон бошига даромадларнинг энг қуйи кўрсаткичлари эса Қорақалпоғистон Республикаси (5 437,0 минг. сўм) ҳамда Наманган (5 909,6 минг сўм) ва Фарғона (5 828,1 минг сўм) вилоятларида қайд этилди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида истеъмол нархлари ошиши
9,7 фоизни
ташкил этиб, 2018 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 1,6 фоизга кўп бўлди.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 45 970,9 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 12,7 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 93,3 % и ёки 42 881,3 млрд. сўми Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.

Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари учун ажратилган маблағларнинг 24,6 трлн. сўми ёки қарийб 53,5 фоизи иш ҳақи ва унга унга тенглаштирилган тўловларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 52,6 фоизини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 24 193,2 млрд. сўм маблағ ажратилди. Шундан, умумтаълим соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 13 792,5 млрд. сўмни ташкил этди.

Сўзга чиққанлар шуни алоҳида таъкидлашдики, Президентимизнинг 2019 йил 11 февралдаги ПҚ-4185-сонли қарори билан 2019 йилда “Мехрибонлик” уйлари, жисмоний ва ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва айрим фанларга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари айрим ходимларининг иш ҳақи ҳам иккита босқичда 2 баробарга оширилди.
Масалан: “Мехрибонлик” уйи олий маълумотли тарбиячисининг ойлик иш ҳақи 2019 йил 1 мартгача устама билан бирга 1 млн. 180 минг сўм бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг ойлик иш ҳақи 1 млн. 816 минг сўмни,
2019 йил 1 октябрдан эса 2 млн. 422 минг сўмни ташкил этиб, йил бошидага иш ҳақи тўлови миқдорига нисбатан 1 млн. 242 минг сўмга ёки 2,1 баробарга ортмоқда.

Худди шундай, имконияти чекланган болалар учун махсус таълим муассасаларининг олий маълумотли тарбиячиси 2019 йил 1 мартгача қўшимча устама билан ҳисобланганда 1 млн. 573 минг сўм иш ҳақи олган бўлса, 2019 йил 1 мартдан уларнинг ойлик иш ҳақи тўлови миқдори
2 млн. 422 минг сўмга, 2019 йил 1 октябрдан 2 млн. 825 минг сўмга етказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги учрашувларида бюджет соҳасидаги камчилик ва муаммолар сабаб аҳоли томонидан эътирозлар бўлаётганлиги, муаммоларни бартараф этишга алоҳида этибор қаратиш лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, фракция аъзолари Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни қўллаб-қувватлади.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш