Ўзбекистон ХДП Термиз шаҳар кенгаши томонидан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиалида эрта турмушни олдини олиш ва унинг салбий оқибатларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, чақалоқлар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
“Оила қуриш ва унинг тинчлигини асраш инсон учун катта масъулиятдир. Вилоятимизда хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш ишларига катта аҳамият қаратилмоқда. Бироқ, бугунги кунда вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва туғруқлар сони кўпайгани билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Айниқса, миллий анъана ва қадриятларимизни менсимаслик, урф-одатларимизга зид ҳолатлар оилавий муносабатларга путур етказмоқда. Буни айрим ёшларнинг никоҳ масаласига юзаки ёндашаётгани, фарзанд тарбиясига бепарволиги, ота-оналик бурчи ва масъулиятини чуқур англамаслигида кўриш мумкин”, – дейди Ўзбекистон ХДП Термиз шаҳар кенгаши раиси Н.Нормирова.
Таъкидландики, бу борада ёшлар ўртасидаги эрта никоҳ ҳамда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш мақсадида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш керак.
Тадбирда талабаларга мутахассислар томонидан қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида маслаҳатлар берилди.
Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.