Қорақалпоғистондан кўрсатилган номзодларимиз билан танишинг
Қорақалпоғистондан кўрсатилган номзодларимиз билан танишинг

 

Халқ демократик партияси сайловда энг кўп депутатлик ўринлари учун курашмоқда. Партиямиздан Қорақалпоғистондаги сайлов округларидан кўрсатилган номзодлар Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уй-жой ва коммунал хизматларнинг, тиббий хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, таълимда ижтимоий тенглик бўйича бир қатор долзарб масалаларни илгари сурмоқда.

Ушбу ҳудуднинг мураккаб шароитидан келиб чиқиб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш каби бир қатор муҳим масалаларда ўз таклифларини ишлаб чиқишди. Улар ҳар бир туман ва шаҳарга, қишлоқ ва овулгача кириб боришни, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш чораларини излашда қаттиқ бел боғлашган.

 

 

Рустем Айбергенов, ҳуқуқшунос, иқтисодчи, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошкармаси ҳузуридаги ҳакамлик суди раиси, 1-Нукус сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Марказлашган иситиш ва иссиқ сув таъминотини, маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва утилизация қилиш хизматларини кўрсатувчи корхоналарнинг табиий монополияси бўйича қонунчилик меъёрларини кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман. Депутатликка сайлансам, бу борадаги масалаларни ечишда янада фаол иштирок этиш имконига эга бўламан.

 

 

 

Пулат Худайбергенов, шифокор, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири, 2-Тўрткўл сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Шифокор сифатида мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш керак, деган таклифни илгари суряпман. Келажакда бу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришни режалаштирганман.

 

 

Мухаббат Тажимова, педагог, Беруний туманидаги 7-мактабгача таълим муассасаси мудири, 3-Элликқалъа сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Кам таъминланган оилалардан чиққан иқтидорли болаларнинг нодавлат мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида таҳсил олишини таъминлаш керак, деб ўйлайман. Бу орқали нимагадир қизиқиши ва иқтидори бор болаларни қўллаб-қувватлаш, таълим тизимини юқори босқичларга олиб чиқиш, таълим сифатини ошириш ҳамда ёшларимизга кенг имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш имкони янада ортади.

 

 

 

Гулшод Юсупова, шифокор, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Амударё туман бўлими раҳбари, 4-Амударё сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Партиямиз жамиятнинг ҳар бир аъзоси саломатлигини мустаҳкамлаш учун тенг имкониятлар яратиш тарафдоридир! Шундан келиб чиқиб, аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори воситалари, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамни имтиёзли тақдим этиш тизимини такомиллаштириш керак. Фикримча, бу борада самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш лозим.

 

 

Хамидулла Махалов, муҳандис-механик, “Тахиатошгидроэнергоқурилиш” унитар корхонаси директор ўринбосари, Хўжайли сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Мен ўз дастуримни тузишдан олдин туманимизда аҳолини кўпроқ ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганишга ҳаракат қилдим. Ҳудудимизда коммунал хизматлар сифатини яхшилаш билан боғлиқ муаммолар оз эмаслиги маълум бўлди. Сайловолди дастуримда шу каби долзарб масалаларда ташаббуслар билан чиқишни режалаштирдим.

Фикримча, муҳандислик тармоқ инфратузилмаси билан боғлиқ бўлмаган, коммунал хизматлар тақдим этиш бўйича муқобил автоном (локал) шаклларини ривожлантириш зарур.

 

 

Бегдияр Сабуров, молиячи, Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 6-Чимбой сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Сайловолди дастуримда керакли товарларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш бўйича таклифларимни илгари сурдим. Менимча, мазкур дастурларни шаҳар ва туманларда бандлик ва иш ўринлари яратишга доир ҳудудий дастурлар ҳамда ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқлаштириш зарур.

 

 

 

Зияда Утегенова, санитария-эпидемиология шифокори, Мўйноқ тумани ҳокимининг ўринбосари - хотин-қизлар қўмитаси раиси, 7-Орол сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Доимий иш жойига эга бўлмаган, оғир ижтимоий вазиятда қолган аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш долзарб вазифадир. Улар билан дилдан суҳбатлашиш, кўнглига йўл топиш, муаммоларини бартараф этиш бўйича бир қатор таклифларни илгари суряпман. Биз аввало, ана шундай опа-сингилларимизни иш билан таъминлаш чораларини кўришимиз керак, деб ўйлайман. Касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантириш орқали бунга эришиш мумкин...

 

 

Мурат Камалов, педагог, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши Спорт, саломатлик ва ёш оилалар билан ишлаш бўлими мудири, 8-Ақманғит сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ЎзХДПдан кўрсатилган депутатликка номзод:

– Очиғини айтиш керак, ҳудудларда ҳали-ҳамон кам таъминланган оилалар, айниқса, олис қишлоқ ва овулларда яшаётган ёшларнинг спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Хўш, бунга нималар тўсқинлик қиляпти? Ушбу йўналишдаги муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўришни мақсад қилдим. Депутат бўлиб сайлансам, бу режаларни амалга ошириб, амалий натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.

Албатта, яхши яшаш учун интилиш, албатта қўллаб-қувватланиши керак. Сайловчиларни депутатликка номзодларимиз томонидан илгари сурилган ушбу ғояларни қўллаб-қувватлашга, номзодларимизга овоз беришга чақирамиз!

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати. 

www.kun.uz

Теглар

Депутат Сайлов-2019 Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш