Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлиб, сайловчилар билан юзма-юз мулоқотлар қилмоқда. Тумандаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан учрашиб, уларнинг фикрларини, таклифларини атрофлича ўрганяпти.
Юзма-юз мулоқотлар чоғида Янгиобод, Гулистон ва Янгикент қишлоғи аҳолиси ҳудуддаги электр симёғочларининг бир қисми яроқсиз ҳолга келиб қолганини айтиб, мазкур масала ечими бўйича мурожаат қилишди. Депутат ушбу муаммони назоратга олиб, тез орада ўз ечимини топишини маълум қилди.
Тумандаги “Янги шаҳар” МФЙдаги учрашув ҳам қизғин ўтди. Дастлаб депутат томонидан Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти фуқароларга кенг тушунтирилди. Шундан сўнг, аҳолининг мурожаатлари кўриб чиқилди. Жумладан, Феруза Арабова, Маҳбуба Юсуповалар депутатдан мутахассисликлари бўйича иш топишда ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Уларнинг бандлигини таъминлаш назоратга олинди.
Депутатнинг сайлов округдаги ўрганишлари давом этмоқда.