Қўшма йиғилишда вазифалар белгилаб олинди
Қўшма йиғилишда вазифалар белгилаб олинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциясининг 2022 йил якунлари ва олдида турган устувор вазифаларга бағишланган қўшма мажлиси ўтказилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов партия Ижроия қўмитаси ва партия фракциясининг 2022 йилдаги амалга оширган ишлари бўйича ҳисобот берди. Ҳисобот даврида, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, партия электорати манфаатлари ҳимоясига қаратилган “Депутат маҳаллада”, “Аёлларга кўмак”, “Ёшларга кўмак”, “Депутат ва ёшлар”, “Эзгулик”, “Аёллар билан юзма-юз”, “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш”, “Меҳр улашайлик”, “Халқ билан мулоқот – муаммоларни самарали, тезкор ҳал қилиш омили”, “Соғлом аёл керак ҳаётга” ва бошқа шу каби амалий лойиҳалар доирасида 855 марта тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилиб, унда 28 минг 215 нафар фуқаро қамраб олинган. Масалан, “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистондаги депутатларимизга 153 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 137 таси ҳал қилинган бўлиб, қолганлари назоратга олинди. “Аёлларга кўмак” лойиҳасида 145 нафар хотин-қизнинг касб-ҳунарга ўқишига кўмаклашилди, 12 нафарининг бандлиги таъминланди, 15 нафарига ўз тадбиркорлигини бошлашга ёрдам кўрсатилди. “Ёшларга кўмак” лойиҳасида 89 нафар касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган ёшлар “Устоз шогирд” тарзида бириктирилди. “Эзгулик” ва “Меҳр улашайлик” лойиҳаларида 171 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилди. Ушбу оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар тарқатилди. “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳасида 62 марта бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, 585 нафар хотин-қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ва партия Кенгашлари билан ҳамкорликда 2022 йил давомида 48 та қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамаси ташкил этилиб, 20 та таклиф берилди.

Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси ташаббуси билан ёлғиз кексалар, боқувчиси йўқ оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда олис ҳудудларда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларга ёрдамлар кўрсатиш мақсадида 207 та маҳалладаги 650 хонадоннинг муаммолари ўрганилди ва амалий ёрдамлар кўрсатилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 108 та масала партия гуруҳларида, 105 та масала доимий комиссияда, 84 та масалани сессия кун тартибларига киритиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан долзарб муаммолар юзасидан 52 марта давлат ҳокимлик органларининг ахборотлари танқидий эшитилди ва эшитув якунлари билан, муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Бугунги кунда партия Кенгашлари қошида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва электоратни ташвишлантираётган асосий муаммоларни ўрганиш мақсадда “Жамоатчилик қабулхоналари” фаолият юритмоқда. Ўтган йилда “Жамоатчилик қабулхоналари”га жами 1052 мурожаат келиб тушган ва уларнинг 89,8 фоизи депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижобий ечилишига эришилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан барча даражадаги депутатларнинг ўз сайлов округларида бўлиши ҳамда аҳоли билан мулоқот қилиши, уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида ҳар ойда “Долзарб 10 кунлик” жорий қилинган. Бунда депутатларимиз фаол иштирок этиб келмоқда ва бу ташаббус аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш, сайловчилар билан доимий алоқада бўлиш имконини бермоқда. Шу кунга қадар депутатларимиз томонидан 364 та муаммоли масалалар аниқланди ҳамда уларнинг 350 таси ўз ечимини топди.

Бундан ташқари, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари томонидан 434 марта депутатлик сўровлари юборилган.

Бугунги кунда юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида кўплаб ишлар олиб борилмоқда. Шароити оғир, кам таъминланган фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ташаббуси билан Қорақалпоғистонда “Меҳр ҳаракати” бошланди.

Ушбу “Меҳр ҳаракати” доирасида депутатларимиз фаол иштирок этиб, ўз сайлов округи ҳудудидаги шароити оғир хонадонлардан хабар олиб, аниқланган муаммолар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал қилинмоқда.

Шунингдек, Қўшма йиғилиш давомида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини янада жонлантириш, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишдаги устувор вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш