ЎзА: Қўшма мажлисда ютуқ ва камчиликлар сарҳисоб қилинди
ЎзА: Қўшма мажлисда ютуқ ва камчиликлар сарҳисоб қилинди

 

Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциясининг 2022 йил якунларига бағишланган қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетовнинг партия Ижроия қўмитаси ва фракциясининг 2022 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботи тингланди.

Таъкидланганидек,  давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни ва буни Конституцияда мустаҳкамлаш кераклиги таъкидланди. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларининг асосий ғояси ҳисобланади ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қўвватлаш бош мақсад этиб белгиланганлиги, шунинг учун ҳам Президентимизнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, партия ташкилотларининг ушбу йўналишда амалга ошириладиган ишларда фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди.

Бунда биринчи навбатда, таълим ва тиббий хизмат сифатини янада ошириш, барча ислоҳотларимиз замини бўлган маҳалланинг нуфузини оширишга алоҳида  эътибор қаратилади. Шундан келиб чиқиб барча даражадаги депутатлар ва партия кенгашлари ижтимоий йўналишда, шу жумладан, таълимда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиб, жамоатчилик ва депутатлик назоратини олиб боришлари зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши Ижроия қўмитаси фаолияти партиянинг устави, дастури, сайловолди дастури ҳамда 2022 йилга мўлжалланган режа, манзилли чора-тадбирлар ва “Йўл харитаси” га мувофиқ олиб борилди. Ҳисобот даврида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ва тушунтириш мақсадида бир қатор тарғибот, ташвиқот тадбирлари ташкил этилиб, уларда 28 минг 215 нафар иштирокчи қамраб олинди.

Партия электорати манфаатлари ҳимоясига қаратилган “Депутат маҳаллада” “Аёлларга кўмак”, “Ёшларга кўмак” “Депутат ва ёшлар” “Эзгулик”, “Аёллар билан юзма-юз”, “Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш”, “Меҳр улашайлик”, “Халқ билан мулоқот – муаммоларни самарали, тезкор ҳал қилиш омили”, “Соғлом аёл керак ҳаётга” ва бошқа шу каби амалий лойиҳалар ўтказилди. Ушбу лойиҳалар доирасида 145 нафар хотин-қизни касб-ҳунарга ўқитишга кўмаклашилди, 12 нафарининг бандлиги таъминланди, 15 нафарига ўз тадбиркорлигини бошлашга ёрдам кўрсатилди.  Шунингдек, 89 нафар касб-ҳунар ўрганиш истагини билдирган ёш “Устоз шогирд” тарзида бириктирилди. 171 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилди. Ушбу оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар тарқатилди. “Соғлом аёл керак ҳаётга” лойиҳасида 62 марта бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, уларда 585 нафар хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилди.

Фракция ҳамда депутатлик бирлашмалар аъзолари Жўқорғи Кенгес қўмиталари мажлисларида, сессияларда, Қорақалпоғистон Республикасининг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалдаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнларида ўзларининг таклиф ва мулоҳазалари билан фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, Олий Мажлисдаги партия фракцияси томонидан юборилган қонун лойиҳалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси ва партия кенгашлари билан ҳамкорликда 2022 йилда 48 та қонун лойиҳасининг жойлардаги муҳокамаси ташкил этилиб, 20 та таклиф берилди. Жўқорғи Кенгесдаги партия фракцияси ташаббуси билан ёлғиз кексалар, боқувчиси йўқотган оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда олис ҳудудларда истиқомат қилувчи эхтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида 207 та маҳалладаги 650 хонадоннинг муаммолари ўрганилди ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан 108 та масала партия гуруҳларида, 105 та масала доимий комиссияда, 84 та масала сессиялар кун тартибига киритиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан долзарб муаммолар юзасидан 52 марта давлат ҳокимлик органларининг ахбороти танқидий эшитилди ва эшитув якунлари билан муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгиланди.

Бугунги кунда партия кенгашлари қошида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва электоратни ташвишлантираётган асосий муаммоларини ўрганиш мақсадида “Жамоатчилик қабулхоналари” фаолият юритади. Ўтган йилда “Жамоатчилик қабулхоналари” га жами 1052 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 89,8 фоизи депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижобий ҳал этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ташаббуси билан барча даражадаги депутатларнинг ўз сайлов округларида бўлиши ҳамда аҳоли билан мулоқот қилиши, уларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида ҳар ойда “Долзарб 10 кунлик” жорий қилинган. Бу аҳоли муаммоларига ечим топиш, сайловчилар билан доимий алоқада бўлиш имконини бермоқда. Шу кунга қадар депутатлар томонидан 364 та муаммоли масала аниқланди ҳамда уларнинг 350 таси ҳал этилди.

Шароити оғир бўлган, кам таъминланган фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ташаббуси билан Оролбўйида “Меҳр ҳаракати” бошланди.  Ушбу ташаббус доирасида депутатлар фаол иштирок этиб, ўз сайлов округи ҳудудидаги шароити оғир бўлган хонадонлардан хабар олиб, аниқланган мавжуд муаммолари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ечимини топмоқда.

Қўшма йиғилиш давомида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини янада жонлантириш, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ ЎзА

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш